Эзгулик ва эҳсон, ибодат мавсуми Рамазонга етганимиз улуғ бир неъмат. Аллоҳ таоло бу ойда гуноҳлардан покланишимиз, нафсларимизни тарбиялаб, тоатларга ўргатишимиз учун бизга рўзани фарз қилди, Қуръон тиловатига, кечалари қоим бўлишга, хайр-эҳсон қилишга ундади.
Шубҳасиз, бу ойнинг энг улуғ ибодати рўзадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одам боласининг ҳар бир (яхши) амали савоби ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилади. Аллоҳ таоло айтди: “Фақат рўза мустасно. Албатта, у Мен учун ва унга Ўзим мукофот бераман. Банда шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади”” (Имом Муслим ривояти).
Рўза инсонни ёлғизликда ҳам, одамлар орасида ҳам Аллоҳ таолони унутмасликка, тоатларга сабрли бўлишга, доим гўзал хулқли бўлишга, Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқ бўлишга ўргатади.
Рамазон – таровиҳ ойи. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ой кечаларида ибодат билан қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар унсидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).
Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара, 185). Рўзадор бу ойни Қуръони карим тиловати учун ғанимат билиши керак. Қуръон рўзадорга шафоатчи ва гувоҳдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандага шафоат қилади. Рўза: “Эй Раббим, мен уни кундузи таомдан ва шаҳватлардан тийдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни тунда уйқудан қолдирдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди ва иккалови шафоатчи қилинади” (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).
Рамазон – хайру саховат ойи. Бу ойда бошқа ойларга қараганда кўпроқ сааховат кўрсатишга тарғиб қилинган. Зеро бу ойда қилинган садақа ва эҳсонлар савоблари кўпайтириб берилади. “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахий бўладиган вақтлари Рамазонда – Жаброил (алайҳиссалом) билан учрашганларида бўлар эди. У зот Жаброил (алайҳиссалом) билан Рамазоннинг ҳар тунида учрашиб, Қуръонни дарс қилишар эди. Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саховатда эсаётган шамолдан-да тез бўлиб кетар эдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Жамшид Шодиев тайёрлади.
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.