Имом Ғаззолий дейдилар: “Билгилки, рўза уч даражададир: омманинг рўзаси, хоснинг рўзаси ва хоснинг хоси рўзаси.
Омманинг рўзаси – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш.
Хоснинг рўзаси – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Булар солиҳ бандалардир.
Хоснинг хоси рўзаси эса ўзни оғир ташвишлар ва дунёвий фикрлардан рўза туттириш, Аллоҳ таоло зикридан бошқа нарсани батамом тўсишдир. Бу рўзада оғиз очилиши Аллоҳ таоло ва охират кунидан бошқани фикрлаш, яъни дунёни ўйлаш билан ҳосил бўлади. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар ва муқарраб зотлар даражасидир.
Имом Бухорий, Термизий, Замаҳшарий, Марғилоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби қанча-қанча машҳур олимлар, қорилар улуғ пири комилларнинг қонлари бизнинг томирларимизда оқмоқда. Демак, бизлар омманинг рўзасидан бўлак, хос кишиларнинг рўзасига ҳам диққат қилмоғимиз лозим.
Хўш, биз нима қилишимиз керак? Биз нималарга эътибор беришимиз зарур? Биз нима амал қилсак рўзамиз Парвардигор хоҳлаганидек бўлади? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ وَالْجَهْلَ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ
“Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни ҳамда жоҳилликни тарк қилмаса, унинг оч-наҳор юрганига Аллоҳ таолонинг эҳтиёжи йўқ”.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ
“Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўзадор бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”.
Яъни, “мен рўзадорман” дейишлиги билан киши “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деганидир.
Бир ой давомида ушбу иссиқ кунларда қилган шунча ибодатимизни бир оғиз ёлғон ёки жоҳилий сўзларни айтишлик ила беҳуда қилиб қўймайлик.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ يَقُولُ اللَّهُ إِلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِى
“Одам боласининг ҳамма амали савоби кўпайтириб берилади. Бир яхшиликка унинг 10 мислидан то 700 баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Бандамнинг ҳамма амали ўзи учун, фақатгина рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Мен ўзим бераман. Одам боласи шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилади”, дейди.
قال رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم " إن الصوم أمانة فليحفظ أحدكم أمانته
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Албатта, рўза омонатдир. Сизлардан ҳар бирингиз ўз омонатини сақласин”.
Аллоҳ таоло Нисо сураси 58-оятда марҳамат қилиб айтади:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا
“Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради”.
Ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги ҳаммамизга маълум. Рўзанинг зоҳири бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жинсий эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса бу юқорида айтиб ўтилган ҳадисларга амал қилишликдир, яъни қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир.
Ҳошимжон НИЗОМИДДИНОВ,
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ