Ривоят қилинишича, Исом ибн Юсуф Балхий буюк олим ва зоҳид Ҳотами Асомдан “Қандай намоз ўқийсиз?” деб сўради. Шунда у киши: “Намозга қўрқув билан тураман. Ният билан киришаман. Аллоҳни улуғлаб такбир айтаман. Тартил билан қироат қиламан. Хушуъ билан рукуъ қиламан. Хузуъ билан сажда қиламан. (Яъни руку ва саждани тавозуъ билан қиламан.) Одоб билан ўтираман. Зоҳидлик (виқор) билан салом бераман ва қўрқув билан уйга қайтаман. Кейин “Бу намозим мендан қабул қилинармикин ёки йўқми?” деб хавотирга тушаман” деб жавоб бердилар.
Буни эшитган Исом “Агар сиз ўқийдиган намоз шундай бўлса, унда мен умримда намоз ўқимабман” деди.
*****
Жунайд раҳимаҳуллоҳ Маккада эканликларида азон чақирилди. У кишига “Олдинга ўтинг! (яъни имомликка ўтинг) дейилди. Шунда у киши “Мен имомликка лойиқ эмасман” дедилар. Одамлар: “Йўқ, сиз ўтасиз” деб туриб олишди ва у кишини олдинга ўтқазишди. Олдинга ўтиб, одамларга юзланиб, “Сафни тўғрилаб текисланглар, Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!” дедилар-да, ҳушларидан кетдилар. Бошқа бир киши олдинга ўтиб имомлик қилди. Намоздан сўнг у кишининг юзларига сув сепиб ўзларига келтиришди ва “Нега ҳушингиздан кетдингиз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Қачонки сизларга “Сафни тўғрилаб текисланглар, Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!” деганимда, нидо қилувчи менга “Сен ўзинг Роббинг билан алоқангни тўғриладингмики бошқаларни тўғриланишга буюрасан?!” деб нидо қилди. Шунинг учун ҳушимдан кетдим” дедилар.
*****
Уларнинг намоздаги аҳволлари шундай эди. Улар Роббилари ҳузурида турганларини ўйлаб намозда лаззатланар эдилар. Шунинг учун намоздан ажрашни истамасдилар.
*****
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор ёки ёғоч деб ўйлаб устларига қўнар эди.
У киши уйга кирсалар, оила аъзолари у зотнинг ҳайбатларидан жим туришар экан. Агар намозга киришсалар, такбир айтишлари биланоқ дунёдан узилар, атрофларидаги нарсаларни сезмай қолар эканлар. Буни билган фарзандлари яна баланд овозда гаплашишда давом этишар экан.
*****
Ҳа, азизлар, мана шундай намозлар ўқилган. Аслида намоз худди шундай ўқилиши керак. Улар шундай намоз ўқисалар ҳам, ибодатлари қабул бўлмай қолишидан, охиратда юзларига қайтариб урилишидан қўрқардилар.
Аллоҳ таоло бизни ҳам уларга ўхшашимизни насиб этсин!
Шайх Саъийд ибн Муҳаммад Камалийнинг мавъизаларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Инсониятга гўзал ахлоқни ўргатиб, уларни комил инсон бўлиб етишишларида йўл-йўриқлар кўрсатишлари учун Пайғамбарларни йўлчи юлдуз қилиб юборган Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин.
Гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилган ва ўзининг ҳаётида барчага энг олий намуна бўлган ҳазрати Пайғамбаримизга беадад дуруду салавотлар ва саломлар бўлсин.
Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, кучли ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсад замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам бўлиб, унинг самарадорлиги халқимиз маънавий-руҳий ва маърифий қарашларидаги янгиланиш, жамиятимиз онгу тафаккуридаги юксалиш билан узвий боғлиқ.
Бағрикенглик мавзусида фикр юритган уламолар ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида унинг ўзига хос усулларини ишлаб чиқдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобеинлар томонидан асос солиб бойитилган бағрикенглик борасидаги қарашлар мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан аҳил-иноқ бўлиб яшашларида ўзига хос из қолдирган. Ота-боболаримиз ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратишган.
Жаҳонда глобалашув жараёни давом этаётган бир пайтда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳим тушунча саналиб, инсоният тарихида юз берган кўплаб аҳолининг осойишталигига раҳна солувчи дунё миқёсидаги урушларнинг, агрессив сиёсатларнинг, ирқчилик ва сегрегация(одамларни мажбурий тарзда ирқий, этник ва бошқа гуруҳларга ажратиш) каби разил одатларнинг барҳам топишида, халқлар, давлатлар, жамиятлар ва миллатлар ўртасида дўстона муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишида асосий ҳамда самарали йўлдир.
Ислом тарихида мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан ўрнатган муносабатларини ўрганиш, унинг ижтимоий-сиёсий манбалари ва ривожланишининг асосий йўналишлари масаласи ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.
Ўзбекистоннинг стратегик тараққиётида “Динга ҳурмат ва эътиқод – ўлмас қадрият” сифатида белгилаб қўйилган. Унга кўра, икки тушунча муҳим ўрин тутади:
"Биз ўз муқаддас динимиз ва эътиқодимиздан ҳеч қачон воз кечмаймиз".
"Муқаддас динимиз шаънига доғ тушурмоқчи бўлган, ундан ғаразли сиёсий мақсадларда фойдаланишни истайдиган кимсалар ва кучлар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз".
Бу икки муҳим омил жамиятимизда диний бағрикенглик туйғусини шакллантиришда асосий рол уйнайди. Чунки халқимизнинг аксар қисми ислом динига эътиқод қилади. Қолаверса, халқимизнинг миллий қадриятлари ва урф-одатлари ислом дини билан боғлиқдир. Ҳамда бошқа дин эътиқодчилари билан диний бағрикенглик муносабатида бўлиш биз ўйлаган эзгу мақсадларга эришишни осонлаштиради.
Ислом нуқтаи-назаридан бошқа дин вакиллари икки тоифага бўлинади:
1. Бутпараслар, мажусийлар, даҳрийлар ва собийилар (юлдузларга сиғинувчилар)
2. Аллоҳ тарафидан туширилган самовий китобларга эътиқод қилувчи яҳудийлар, насронийлар; мусулмонларга қарши уруш очмаган барча халқлар билан уларнинг дину диёнати, ижтимоий ҳолати, ирқи ва насаби, танасининг рангидан қатъи назар, доимий ҳамкорлик олиб боришга, уларга яхшилик ва адолат қилишга тарғиб бор.
Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин – мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.
Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва кенгбағр дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди. Ислом динида бошқа дин вакиллари орасида айниқса, аҳли китобларга муомала қилишга алоҳида аҳамият берилган бўлиб, Аллоҳ таоло уларнинг таомларини ейишни ва аёлларига уйланишни ҳалол қилди. Моида сурасининг 5-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир. Зинокорлик ва махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир)...”
Мусулмонлар билан бир жамиятда яшайдиган аҳли китоблар аҳли зимма деб аталиб уларнинг исломда ўзига яраша ўрни бор ҳамда уларга ўзига хос муомала қилинади.
Исломда мусулмонлар билан бир ўлкада яшайдиган бошқа дин вакилларини “Аҳли зимма” ёки “ Зиммий” номи билан ишлатиш жорий бўлган. “Зимма” сўзи аҳд, кафиллик, омонлик деган маъноларни англатади. Бундай номланишининг сабаби шундаки улар учун Аллоҳ ва унинг расулининг, қолаверса мусулмон жамоасининг аҳди бўлганлиги учундир. Ушбу аҳди туфайли улар ислом ҳимоясида тинч, хотиржам яшашади. Шунингдек улар мусулмонларнинг омонлигида ва кафиллигида бўлади. Бу аҳд уларга ўзига яраша ҳақ- ҳуқуқлар бериши билан бирга ўзига хос бурч ва вазифаларни ҳам юклайди.
Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар.
Мусулмонлар томонидан фатҳ этилган халқлар исломни қабул қилишга мажбурланган, деган сохта даъволар ва тасаввурлар ғарб тадқиқотчиларининг ўзлари томонидан ҳам рад қилинди, мусулмонларнинг адолатли ва диний хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишини ҳамма тан олди. Бу тўғрида дин тарихчиси Л. Браун шундай дейди: "Мусулмонлар ўз давлатларига қўшиб олган халқларни қилич билан исломни қабул қилишга мажбурлаган, деган даъволар ғирт тўқима. Буни исбот талаб қилмайдиган далиллар тасдиқлаб турибди. Уларни янги фатҳларга руҳлантирган динамик омил бу бирдамлик ва иймон эди. Бу худди сел каби кенгайиб бораётган дарёга ўхшайди".
Тарих давомида жуда кенг ҳудудларни бошқарган мусулмон ҳукмдорлар бошқа динларнинг вакилларига фавқулодда ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлганлар. Ислом давлатларида яҳудий динидагилар ҳам, насронийлар ҳам ҳамиша тўла хавфсизликда, тинч-осойишталикда, диний эркинликда яшаб келганлар.
Буларнинг барчаси ислом бутун оламларга раҳмат ўлароқ келганидандир. Бундай мурувват бошқа бирор маконда ва замонда кўрилган эмас.
Асадуллоҳ Қудратуллоҳ,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси