Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар: “Кимки ҳар бир (фарз) намоз орқасидан Аллоҳга 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд, 33 марта такбир айтиб, юзинчисида “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку валаҳул ҳамду ваҳува алаа кулли шайъин Қодийр” деб айтса, гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам кечирилади”. Имом Молик, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Табароний ривоят қилишган.
Бу ҳадисга яхшилаб эътибор берайлик! Гуноҳларнинг кўплиги денгиз кўпигига ўхшатилмоқда. Маълумки, бу кўпик жуда кўп бўлиб, денгиз мавжлангани сари ундаги кўпик миқдори ҳам ошиб боради. Ҳадисда ана шундай кўп миқдордаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда.
Банданинг денгиз кўпигичалик кўплаб гуноҳлари кечирилиши учун у ҳар бир фарз намоз орқасидан Аллоҳ таолога 33 марта тасбеҳ айтиши керак. Тасбеҳ – Аллоҳ таолони пок деб ёд этишдир. Яъни СУБҲАНАЛЛОҲ дейишдир. Кейин 33 марта ҳамд айтиши лозим. Яъни АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ дейиши лозим. Ундан сўнг 33 марта такбир айтиши зарур. Яъни АЛЛОҲУ АКБАР дейиши керак. Мана шу билан саноқ тўқсон тўққизта бўлади. Охирида, яъни юзинчисида ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАҲДАҲУ ЛАА ШАРИЙКА ЛАҲУ ЛАҲУЛ МУЛКУ ВА ЛАҲУЛ ҲАМДУ ВАҲУВА АЛАА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚОДИЙР деб айтиши шарт. Зикрларни мана шу тарзда айтган одамнинг кўплаб гуноҳлари мағфират қилинади.
Биз, Ўзбекистон мусулмонлари намозларимиз охирида юқоридаги зикрларни ҳадиси шарифда кўрсатилган тартибда ва ададда айтишни одат қилганмиз. Намозни жамоат билан ўқиган киши ҳам, ёлғиз ўзи ўқиган киши ҳам бу зикрларни айтади. Буларни айтишга кўп вақт кетмайди. Имкон қадар ушбу зикрларни фарз намозлардан кейин қолдирмай айтишга ҳаракат қилайлик!
Нозимжон Иминжонов
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби