Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

17.05.2019 й. Закот бериш – буюк ибодат!

13.05.2019   5283   14 min.
17.05.2019 й. Закот бериш – буюк ибодат!

بسم الله الرحمن الرحيم 

الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الزَّكَاةِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ

ЗАКОТ БЕРИШ БУЮК ИБОДАТ!

Муҳтарам жамоат! Закот – Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот  луғатда “поклаш”, “ўсиш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса – “Муайян моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган муайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш”дир. “Закот” сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, закоти берилган молга барака киради, кўпаяди, ўсиб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди.

Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот  беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

 (سورة النور/56)

яъни: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).

Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини айнан ушбу ойда беришга одатланишган. Қуйидаги ояти карима закот бериш – фарз эканлигига далил ҳисобланади.

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا  ...

(سورة التّوبة/103)

яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба сураси, 103-оят)

Бойлар бир қисм молларини камбағалларга беришлари фарз қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ فِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ مَعْلُومٌ لِلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ

 (سورة المعارج/24-25)

яъни: “Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва бечора учун маълум ҳақ бордир” (Маъориж сураси, 24-25-оят)

Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.

Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

"حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ"

(رواه الإمام أبو داود)

яъни: Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"إِذَا أَدَيْتَ زَكَاةَ مَالِكَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Қачон молингизни закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктирмаслиги керак. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.

Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

"مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юбораётганларида  шундай деганлар:

فَأعْلِمْهُمْ أنَّ اللهَ قَدِ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً تُؤخَذُ مِنْ أغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ

(رواه الإمام البخارى)

яъни: “Уларга билдиринки, Аллоҳ таоло зиммаларига закотни фарз қилгандир. Закотни у ернинг бойларидан олиниб, камбағалларига берилур!” (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

"وَيْلٌ لِلأَغْنِيَاءِ مِنَ الْفُقَرَاءِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُونَ: رَبَّنَا، ظَلَمُونَا حُقُوقَنَا الَّتِي فُرِضَتْ لَنَا عَلَيْهِمْ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: وَعِزَّتِي وَجَلالِي، لَأُدْنِيَنَّكُمْ وَلأُبَاعِدَنَّهُمْ"

(رواه الإمام الطبرني)

яъни: “Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой бўлади! Камбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! Бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан бизга зулм қилдилар”. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, сизни ўзимга яқинлаштираман, уларни эса узоқлаштираман” (Имом Табароний ривояти).

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло ўз бандасига жон ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон –неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса – мол неъматининг шукридир”.

Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

"مَا خَالَطَتِ الْزَّكَاةُ مَالًا قَطُّ إِلَّا أَهْلَكَتْهُ"

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Қачон бир молга (фақирларнинг ҳаққи бўлмиш) закот аралашса, албатта, молнинг баракасини кетказади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, закот бериш – қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими –баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг ҳаққи борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади. Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтда закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади, ҳам закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади.  Дунё ва охиратдаги юксак даражаларга эришади.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида закотга доир баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

  • Закот бериш ҳур, ақлирасо,балоғатга етган, нисоб миқдорича маблағга эга, нисобга эга бўлганига бир йил тўлган мусулмон зиммасига фарз бўлади.
  • Бойлиги шариат белгилаб қўйган маълум миқдорга, яъни нисобга етган мусулмон киши ҳижрий-қамарий бир йил ўтиши билан аслий ҳожатларидан ортиқча бойлигининг қирқдан бир қисмини, яъни 2,5 фоизини шаръан белгиланган жойларга бериши фарзи айндир.
  • Закотнинг шарти иккитадир: биринчиси – закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, яъни ўша берилаётган мол-мулк олувчининг моли бўлмагунча закот адо бўлмайди. Шунинг учун ҳам закотни кўприк, йўл, сув омбори каби кўпчилик фойдаланадиган нарсаларга сарфланмайди. Иккинчиси эса – закот миқдорини молидан ажратиш пайтида ёки фақирга беришда закот, деб ният қилишдир.
  • Закотни кимларга бериб бўлмайди: закотни нисоб миқдорича моли бўлган кишига, ота-онаси, бобо-момосига, ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериши мумкин эмас.
  • Кимларга берган афзал: ушбу саволга “Фатовои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот ва фитрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг – уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг – уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг – юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.
  • “Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.
  • Қарздор кишининг қарзи қўлидаги молидан кўп бўлса, қўлидаги моли ўзиники бўлмай, ҳақдорларники саналади. Ундан закот бермайди. Агар қўлидаги моли қарзидан кўп бўлиб, фаразан қарзини чиқарганидан кейин қолган мол нисобга етса, қолган молидан закот беради.
  • Пул ёки тижорат молларининг қиймати нисобга етиб, бир йил ўтса, закот бериши фарз бўлади.
  • “Тижорат моллари” деганда “сотиш ниятида олинган ҳар қандай мол-мулклар” назарда тутилади. Уларнинг айнан ўзидан закот чиқариш мумкин. Лекин қийматини бериш афзалдир. Масалан, кийим-кечак, дори-дармонлар каби нарсаларни савдоси билан шуғулланувчи киши, сотаётган маҳсулотини ўзидан закот бериши мумкин. Аммо ўтмай қолган, сифатсиз молларни закотга бериш яхши эмас.
  • Тижорат молларидан закот чиқаришда ўша кундаги қиймати қанча бўлса, шу қийматнинг ҳисобидан закот чиқарилади. Унинг қанчага сотиб олгани ёки келгусида қанчага сотилишига қараб ҳисобланмайди.
  • Бир кишининг озгина тилло, озгина кумуш, озгина пули бўлса, уларнинг барчаси қўшилганда нисобга етса закот бериш фарз бўлади.
  • Йилнинг боши ва охирида закот нисоби мавжуд бўлиб, ўртасида нисобдан камайиб туриши закотни соқит қилмайди (“Оламгирия”, “Ҳидоя”).
  • Олтин хоҳ ишлов берилиб, тақинчоқ ёки буюм ҳолатига келтирилган бўлсин, хоҳ ёмби ҳолида, хоҳ табиий қазилма ҳолатида бўлсин, нисобга етса, закот берилади. Тилло тақинчоқлардан тиллонинг ўзи закот қилиб берилса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқарилади. Масалан, 100 грамм тиллодан 2,5 грамм тилло закотга берилади. Агар тақинчоқларнинг закотини пул билан бериладиган бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қийматига қараб закот чиқаради. Масалан, бозорда қиймати қанча бўлса, шуни қирқдан бирини закотга беради. Тақинчоқлар хоҳ ишлатилаётган бўлсин, хоҳ ишлатилмаётган бўлсин, улардан закот берилади. Чунки улар ҳамёндаги пул билан бир хилдир (“Раддул муҳтор”).
  • Закот фарз бўлган вақтда уни адо этмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закоти зиммасидан соқит бўлмайди.
  • Яшаб турган уй-жойлари, истеъмолдаги кийимлари, минилиб турадиган улов (машина), озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар тилла, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса) касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди.
  • Ишлаб чиқарувчи корхоналарда икки хил мол бўлади. Биринчиси – хомашёлар. Иккинчиси – тайёр маҳсулотлар. Закот бериш пайтида иккаласининг қиймати ҳисобга олинади. Лекин, ишлаб чиқариш дастгоҳлари, асбоб-ускуна ва жиҳозларидан закот берилмайди.
  • Ижарага берилган бино, дўкон ва уловлардан закот берилмайди. Балки улардан тушган маблағ тилло, пул ва тижорат молларига қўшиб ҳисобланади.
  • Закот олувчи кишини ўзига бир нисобдан ортиқ миқдорда закот бериш макруҳ саналади. Лекин закот берувчи закотига уй сотиб олиб, закотга ҳақдор кишига “Бу менинг закотим” деб берса жоиздир. Чунки бунда олувчи ҳожати аслияга эга бўлиб, ёнида нисоб миқдорича маблағ ошиб қолмайди.
  • Закот пулига китоб чоп қилдириб, китоб олишга имкони бўлмаган ҳақдорларга тарқатса, закот адо бўлиб, илм тарқатишнинг савобига ҳам эга бўлинади.
  • Чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилса ва нисобга етса, улардан ҳам закот берилади. Туянинг сони 5 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй берилади. Қора молнинг сони 30 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта бир ёшли бузоқ берилади. Қўй ва эчкининг сони 40 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй ёки эчки берилади. Тижорат ниятида уйда боқилаётган ҳайвонларни сони қанча бўлишидан қатъий назар, уларнинг қиймати ҳисобланади. Агар қиймати нисобга етса, қирқдан бири закот учун берилади (“Шарҳул виқоя”).
  • Чорва молларини сотиш ниятида боқаётган бўлса, уларнинг неча бош эканига қараб эмас, балки ўша кундаги қийматини ҳисоблаб, бир йилга тўлган бўлса, закот чиқарилади (“Оламгирия, Бадое”).
  • Оқар сув ёки ёмғирда суғорилган экинларнинг ҳосилидан харажатлар чиқарилмасдан ушр (ўндан бир) берилади. Ерга ишлов берилмасдан ўзи ўсиб чиққан маҳсулотлардан ушр берилмайди. Сув чиқаришга чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб, сарф-харажат қилинган бўлса, маҳсулотнинг, йигирмадан бири берилади. Суғоришдан бошқа ишларга сарфланган харажатлар эътиборга олинмайди. Асалдан ҳам олинган мухсулотнинг, гарчи оз бўлса ҳам, ўндан бири ушр сифатида фақирларга берилади (“Мухтасарул виқоя”).
  • Ҳовлидаги мевали дарахтлар мевасидан ушр берилмайди. Балки даласидаги дарахтлари мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан ушр берилмайди (“Қозихон”).

Аллоҳ таоло барчамизга ибодатларни ўз вақтида адо қилувчи ва закотни чин дилдан берувчилардан қилсин. Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “АЛЛОҲНИ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

 

 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

10.01.2025   1984   5 min.
Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

 - 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ


Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.


Назмий баёни:

Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.

Луғатлар изоҳи:

وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.

حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.

وَ – “ибтидоия” маъносида келган.

الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.

عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.

الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.

اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.


Матн шарҳи:

Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:

“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].

Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.

Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни

 


[1] Раъд сураси, 15, 16-оятлар.