Аллоҳ таолога ҳамд-санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафo (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот-саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“...Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур..” (Тағобун, 11).
Қалб ҳидояти барча ҳидоят асоси, тавфиқ негизи, умр моҳиятидир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг, жасадда бир гўшт парчаси бор. У солиҳ бўлса, жасад солиҳ бўлади. У бузилса, бутун жасад бузилади. У қалбдир”, дедилар ( Имом Бухорий, Муслим).
Қалбнинг солиҳ бўлиши икки дунёда саодатга эришиш гаровидир. Унинг бузилиши эса чегарасини Аллоҳ таоло биладиган ҳалокатдир.
“Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир” (Қоф, 37).
Ҳар бир махлуқнинг қалби бор. Қалб тирик ёки ўлик бўлиши мумкин. Тирик қалб нур билан уради, имон билан ёришади, ишонч билан лиммо-лим тўлади, тақво билан тўлиб тошади. Ўлик қалб эса касаллик, иллатдан иборат бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
“Уларнинг дилларида иллат (шубҳа ва такаббурлик) бор. Аллоҳ уларга (шу) иллатни зиёда қилди...” (Бақара,10).
”Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари»бордир?!” (Муҳаммад, 24).
“Улар дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, қулоқларимизда эса оғирлик (карлик) бордир” (Фуссилат, 5).
Бу оятлар қалб касал бўлиши ҳамда ўлишига далил бўлади. Аллоҳ таоло душманларининг қалблари кўксларида турса-да, ҳақиқатни кўрмайди ва ҳидоят тополмайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй қалбларни ўзгартирувчи зот, қалбимни динингда қарор топтиргин”, деб дуо қилар эдилар
Мўминнинг қалби Рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам рўза тутади. Қалб ҳалок қилувчи нарсалардан, фосид эътиқодлардан, исёнкор васвасалардан, ёмон ниятлардан, даҳшатли хатарлардан тийилиш билан рўза тутади.
Мўминнинг қалби Аллоҳ таоло муҳаббати билан тўлиб тошади. Раббисини исм ва сифатлари ила тинийди. Унинг қалбида нур бўлади ва заррача зулмат қолмайди. Абадий рисолат, самовий таълим ва раббоний нурлари билан Аллоҳ таоло бандани яратган вақтдаги фитрат нури қўшилиб, икки буюк нур ҳосил бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай зикр қилинади:
“...(Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир” (Нур, 35).
Мўминнинг қалби қуёш каби нур сочади, тонг каби ёришади Қуръон эшитса, имон нури зиёда бўлади, тафаккур қилса, ишончи ортади.
Мўминннинг қалби кибрдан рўза тутади, чунки у рўзани бузади. Кибр ҳаром бўлгани учун мўминнинг қалбини обод қилмайди. Кибр қалбни эгалласа, бу қалб соҳиби касал бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини кибрдан қайтариб шундай дейди:
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон, 18).
Мўминнинг қалби ўзига бино қўйиш каби иллатдан рўза тутади. Ўзига бино қўйиш инсонга ўзини мукаммал, афзал қилиб, бошқаларда йўқ яхшиликларни ўзида бордек қилиб кўрсатади. Бу айни ҳалокатдир. Бу ҳақида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳалок қилувчи нарсалар учтадир. Кимса ўз-ўзига бино қўйиши, бахиллик қилиши ва эргашилган ҳавои нафс”, дедилар (Баззоз ривояти).
Мўминнинг қалби ҳасаддан рўза тутади, чунки ҳасад солиҳ амалларни йўққа чиқаради, қалб нурини ўчиради, қалбни Аллоҳ таолога боғланишига тўсқинлик қилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?” (Нисо, 54).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди”, дедилар” (Ибн Ҳиббон).
Эй Раббимиз, қалбимизни тўғри йўлингга ҳидоят этиб, иймонда барқарор эт. Ушбу Рамазон ойида ҳам жисмонан, ҳам қалбан, ҳам руҳан рўза тутишни насиб қил.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом тилларига ишора қилиб, «Тилингни тийгин», дедилар. Мен: «Гапирган гапларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» деган эдим, у зот шундай дедилар: «Шўринг қурғур, одамларнинг дўзахга юзтубан ағдарилишига тили билан қилган гуноҳлари сабаб бўлади-да», дедилар» Имом Термизий ривояти.
Хурсанд пайтимизда ҳам, ғазабланган пайтимизда ҳам, яхшию ёмон кунларимизда айтган ҳар бир сўзимиз учун албатта жавоб берар эканмиз! Шундай экан, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўзлардан ниҳоятда эҳтиёт бўлайлик, қизлар! Баъзан ўзимизча арзимас деб ўйлайдиган биргина сўзни айтарканмиз, лекин шу сўз жаҳаннамга киришга кифоя қилар экан. Аллоҳ сақласин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бир банда Аллоҳ рози бўладиган гапни арзимас санаб гапиради, кейин Аллоҳ шу сабабли унинг даражасини кўтаради. Бир банда Аллоҳ норози бўладиган гапни арзимас санаб гапиради, кеийн шу сабабли жаҳаннамга қулайди».
Имом Бухорий ривояти
Ғамга ботган пайтларимизда беихтиёр айтиб юборадиган сўзларимиз нечоғли хатарли эканини, шу сўзлар туфайли кўплаб яхшиликлардан маҳрум бўлишимизни билмас эканмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида буни янада очиб берадиган бир воқеа юз берган.
«Бир аёлнинг яқин одами вафот этди. Аёл унинг қабри олдида бўзлаб йиғлаб ўтирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтиб қолиб, «Аллоҳдан қўрққин, сабр қилгин» (Аллоҳдан қўрққин, сени ажрдан маҳрум қиладиган даражада жазавага тушмагин! Мусибатга сабр қилганларга Аллоҳ таоло савоблар ваъда қилган), дедилар. Аёл эса у зотни танимай, «Бор, нари тур! Менинг бошимга тушган мусибат сенинг бошингга тушмаган-да!» деди. Шунда кимдир аёлнинг ёнига бориб, «Бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам‑ку!» дейишди. Аёл гапирган гапига қаттиқ пушаймон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келиб, у зотга «Мени кечиринг, сизни танимабман», деди. Шунда у зот: «Ҳақиқий сабр – биринчи зарбадаги сабрдир», дедилар» Имом Бухорий ривояти.
Демак, мукофот ваъда қилинган, мақталган сабр – мусибатни биринчи эшитгандаги, мусибатнинг аввалидаги қилинган сабр экан. Дарҳақиқат, бу – энг машаққатли, чидаш қийин бўлган, нафсга энг оғир келадиган иш. Мусибатдан кейин бир неча кунлар ўтгач, бошқа илож қолмагач, ҳамма ҳам сабр қилишга мажбур бўлади, вақт ўтиб, бу мусибатни унутиб ҳам юборади-да, хотиржам бўлиб қолади. Аммо бу сабр эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сабр – биринчи зарбадаги сабрдир» деган сўзлари ўша аёл бошига тушган мусибатга сабр қилмаганини билдиради. Аёлнинг Расулуллоҳга айтиб юборган сўзлари ҳам унинг сабр қила олмаганини ифодаламоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга «Аллоҳдан қўрққин, сабр қилгин», деб тасалли берганларида аёл чиройли жавоб қайтариши керак эди. Масалан, «Аллоҳ, Ўзинг менга сабр бергин! Аллоҳим, мени тақводорлардан, сабр қилвчилардан қилгин. Яқинларни йўқотиш оғир жудолик экан», дейиши мумкин эди. Лекин аёл бунинг ўрнига: «Бор, нари тур!» деб, Расулуллоҳни жеркиб берди. Бу билан ҳам кифояланмай, ўзи каби мусибатга йўлиқмаганлари учун унинг ҳолини тушунмасликда айблади. Кўряпсизми, шайтон ўша аёлнинг мусибатини, қайғусини бўрттириб кўрсатди, ақли билан ўйнашиб, худди дунёда бундай оғир мусибатга йўлиққан бошқа одам йўқдек, бузуқ эътиқодга, бошқаларнинг мусибатларини кўрмайдиган, ўйламайдиган аҳволга келтирди. Бунинг устига, Расулуллоҳни танимай, у зотни бундай мусибатни ҳис эта олмасликда айблади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севикли аёлларини, ўғилларини, қизларини, дўстларини, яхши кўрган қанчадан-қанча инсонларини ўз қўллари билан тупроққа қўйган эдилар. Аммо ана шундай энг оғир ҳолатларда ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Аллоҳ рози бўладиган сўзларни айтганлар.
Аёл сабрсизлик билан айтган бу гаплари туфайли сабр қилувчилардан бўлишдан маҳрум бўлди. Шу сўзлари унинг исми Аллоҳнинг ҳузурида «мусибатга сабр қилувчи» деб ёзилмаслигига сабаб бўлди.
Энди ушбу саволга жавоб беринг:
Хафа бўлган пайтингизда, мусибат ва қайғу чоғида Аллоҳнинг тақдирига рози эканингизни, сабр қилаётганингизни ифода этадиган, Аллоҳнинг ҳузурида «сабр этувчилардан» деб ёзилишингизга сабаб бўладиган сўзларни айта оласизми?
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.