Аллоҳ таолога ҳамд-санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафo (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот-саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“...Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур..” (Тағобун, 11).
Қалб ҳидояти барча ҳидоят асоси, тавфиқ негизи, умр моҳиятидир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг, жасадда бир гўшт парчаси бор. У солиҳ бўлса, жасад солиҳ бўлади. У бузилса, бутун жасад бузилади. У қалбдир”, дедилар ( Имом Бухорий, Муслим).
Қалбнинг солиҳ бўлиши икки дунёда саодатга эришиш гаровидир. Унинг бузилиши эса чегарасини Аллоҳ таоло биладиган ҳалокатдир.
“Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир” (Қоф, 37).
Ҳар бир махлуқнинг қалби бор. Қалб тирик ёки ўлик бўлиши мумкин. Тирик қалб нур билан уради, имон билан ёришади, ишонч билан лиммо-лим тўлади, тақво билан тўлиб тошади. Ўлик қалб эса касаллик, иллатдан иборат бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
“Уларнинг дилларида иллат (шубҳа ва такаббурлик) бор. Аллоҳ уларга (шу) иллатни зиёда қилди...” (Бақара,10).
”Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари»бордир?!” (Муҳаммад, 24).
“Улар дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, қулоқларимизда эса оғирлик (карлик) бордир” (Фуссилат, 5).
Бу оятлар қалб касал бўлиши ҳамда ўлишига далил бўлади. Аллоҳ таоло душманларининг қалблари кўксларида турса-да, ҳақиқатни кўрмайди ва ҳидоят тополмайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй қалбларни ўзгартирувчи зот, қалбимни динингда қарор топтиргин”, деб дуо қилар эдилар
Мўминнинг қалби Рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам рўза тутади. Қалб ҳалок қилувчи нарсалардан, фосид эътиқодлардан, исёнкор васвасалардан, ёмон ниятлардан, даҳшатли хатарлардан тийилиш билан рўза тутади.
Мўминнинг қалби Аллоҳ таоло муҳаббати билан тўлиб тошади. Раббисини исм ва сифатлари ила тинийди. Унинг қалбида нур бўлади ва заррача зулмат қолмайди. Абадий рисолат, самовий таълим ва раббоний нурлари билан Аллоҳ таоло бандани яратган вақтдаги фитрат нури қўшилиб, икки буюк нур ҳосил бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай зикр қилинади:
“...(Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир” (Нур, 35).
Мўминнинг қалби қуёш каби нур сочади, тонг каби ёришади Қуръон эшитса, имон нури зиёда бўлади, тафаккур қилса, ишончи ортади.
Мўминннинг қалби кибрдан рўза тутади, чунки у рўзани бузади. Кибр ҳаром бўлгани учун мўминнинг қалбини обод қилмайди. Кибр қалбни эгалласа, бу қалб соҳиби касал бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини кибрдан қайтариб шундай дейди:
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон, 18).
Мўминнинг қалби ўзига бино қўйиш каби иллатдан рўза тутади. Ўзига бино қўйиш инсонга ўзини мукаммал, афзал қилиб, бошқаларда йўқ яхшиликларни ўзида бордек қилиб кўрсатади. Бу айни ҳалокатдир. Бу ҳақида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳалок қилувчи нарсалар учтадир. Кимса ўз-ўзига бино қўйиши, бахиллик қилиши ва эргашилган ҳавои нафс”, дедилар (Баззоз ривояти).
Мўминнинг қалби ҳасаддан рўза тутади, чунки ҳасад солиҳ амалларни йўққа чиқаради, қалб нурини ўчиради, қалбни Аллоҳ таолога боғланишига тўсқинлик қилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?” (Нисо, 54).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди”, дедилар” (Ибн Ҳиббон).
Эй Раббимиз, қалбимизни тўғри йўлингга ҳидоят этиб, иймонда барқарор эт. Ушбу Рамазон ойида ҳам жисмонан, ҳам қалбан, ҳам руҳан рўза тутишни насиб қил.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Шундай иллат борки, у қотиллик, зино, ўғирлик каби разилликларнинг калитидир. У на дин билади, на миллат. Ҳар қандай жамиятни емириб, эркагу аёл, ёшу қарини бирдек домига тортиб, икки дунёсини куйдиради. Унинг касрига болалар етиму мажруҳ, оилалар пароканда, фарзандлар оқпадар, ёшлар бевақт ҳаётдан кўз юмади. Унга аср вабоси дея таъриф берилиши ҳам бежиз эмас.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони тобора ортмоқда. Хусусан, ўтган йили дунё бўйлаб 15-64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 5,5 фоизи илк бор гиёҳванд модда истеъмол қилган бўлса, 36 ярим миллион киши гиёҳвандликка мубтало бўлган. 2030 йилга бориб, дунё бўйича заққум истеъмолчилари 11 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Афсуски, бу борада республикамизда ҳам ҳолат қониқарли эмас.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали маълумотларига кўра, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар 2019 йилда салкам уч 2020 йилда эса тўрт фоизга яқинлашган. Рақамларнинг бундай ўсиши таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ҳам сезиларли улуши бор. Афсуски, кейинги пайтда бу дори воситаларига ружу қўйиш ҳолатлари ҳам борган сари кўпаймоқда.
Ачинарлиси, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Боиси, уларнинг қизиқувчан, янгиликка ўч ва иродасизлигидир. Бу эса заҳри қотил таъсирига тушиш учун етарли омил бўлмоқда.
Агар бирор кашандадан чекишни қачон бошлаганини сўрасангиз аксарияти ёшлигида қизиқиб тамаки чекканини, кейин бунга ўрганиб қолганини таъкидлайди. Гиёҳвандлик ҳам ана шу оддий қизиқишдан бошланиб кейинчалик ёмон оқибатлар билан якунланади. Буни била туриб амал қилмайдиганлар орамизда топилади. Бунинг ҳаётий мисолларини ён-атрофимизда, айрим маҳаллаю қишлоқларда учратиш мумкин.
Яқинда маҳалламиз мактаби ёнидан ўтарканман, бир бурчакда яширинча тамаки тутаётган ўсмирларга кўзим тушиб, мактаб чоғларим ёдимга келди...
Синфимизда ҳам уч-тўрт нафар сигарета чекувчи болалар бўларди. Уларнинг ёшликдаги қизиқиши йиллар ўтиб одатга, кейинчалик иллатга айланди. Яъни яширинча сигарета чеккан, ароққа меҳр қўйган йигитлар йиллар ўтиб ўткир таъсир қилувчи моддаларни татиб кўришди. Натижада тақдир йўлларида кўп бор адашди, йиқилди, на оила, на ватан қилди. Дунёдан ҳеч вақо кўрмай ўтиб кетганлари ҳам бор.
Албатта, ҳеч ким фарзандини гиёҳванд бўлишини истамайди. Бироқ бунга ружу қўяётганлар қаердан пайдо бўляпти?
Бунинг сабаблари ўрганилганда, аввало, инсонларнинг руҳиятидаги салбий кечинмалар ва генетик мойилликлар омил бўлаётгани аниқланган. Хусусан, муаммолар ва қийинчиликдан қочиш, фарзандга беэътиборлик, болани ҳаддан ортиқ эркалаш, ички кечинмалар, қизиқувчанлик, ўз ҳаётидан қониқмаслик, турли низолар, ёлғизлик каби омиллар гиёҳвандликка туртки бераркан. Шу билан бирга, бу иллат болага ота-онадан қон орқали ўтиши ҳам тадқиқотчилар томонидан исботланган. Эътиборлиси, мазкур сабабларнинг аксари ота-она ва оилавий муҳитга бориб тақалади.
Демак, муаммонинг нозик нуқтаси оиладир. Гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш учун оилаларни, ота-оналарни ислоҳ қилиш шарт. Уларни ислоҳ қилишнинг бирдан-бир йўли исломдир. Муқаддас динимиз кишини одоб-ахлоққа, ҳалолликка чақиради, харомдан тийилтиради. Энг асосийси, фарзандни баркамол бўлиб вояга етишига, турли иллатлардан холи бўлишига асос бўлади. Айниқса, инсон соғлиғига салбий таъсир этувчи егулигу ичимликлар истеъмол қилишни ман этади.
Бу борада Қуръон каримда бундай дейилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси 168-оят) дейилган.
Шунингдек, Моида сурасида: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди» (91-оят) дея марҳамат қилинади. Ояти каримада хамр, яъни маст қилувчи нарсалар билан ёмонликлар, шайтоний қилмишлар ортиши таъкидланмоқда. Шу боис турли жирканч жиноят ишларига назар ташласангиз, кўпинча уни гиёҳванд модда таъсирида амалга оширилганининг гувоҳи бўласиз. Демак, заққум истеъмол қилиш буткул шайтон измига бўйсуниш ва икки дунёни куйдириш билан баробардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар» (Имом Абу Довуд ривояти) дейилган.
Демак, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи ҳар қандай егулигу ичимликдан тийилмоқ керак. Афсуски, сархуш қилувчи нарсаларни бир татиб кўрган киши нафсини бошқара олмай, яна истеъмол қилгиси келади. Ўзида унга қарши куч, ирода топа олмайди. Унга қарам бўлмасликнинг энг яхши йўли эса умуман оғизга олмасликдир. Бунинг учун эса фарзандаримизни имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, харом-ҳалолни чуқурроқ англатиш керак. Шундагина улар номақул ишларга ҳам қўл урмайдилар.
Бир сўз билан айтганда, динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшасак, нафақат ўзимизни балки фарзандларимизни ҳам турли балолару заҳри қотиллардан асраган бўламиз. Энг асосийси, зурриётларимиз жиноятчи, гиёҳвандлар эмас, балки орқамиздан дуо қилгувчи солиҳ инсонлар бўлиши тайин.
Бобур МУҲАММАДИЕВ