Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги янги жоме масжидида биринчи таровеҳ намози

12.05.2019   6851   3 min.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги янги жоме масжидида биринчи таровеҳ намози

11 май куни Тошкент шаҳридаги янги бунёд этилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги жоме масжидда илк таровеҳ намози ўзгача файзу тароватда адо этилди.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан қуриб битказилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ номларидаги муҳташам масжидда бу йилги Рамазон ойининг илк таровеҳи катта шукуҳ билан ўқилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган ушбу муҳташам мажмуа барча мўмин-мусулмонларга Рамазон туҳфаси бўлди. Мажмуа барча қулайликларга эга бўлиб, кенг ва шинам тарзда барпо этилган.
Шу куни ҳуфтон намозига азон айтилишидан анча олдин янги масжид хонақоҳи мухлис намозхонлар билан тўлди. Масжиддаги илк намозни адо этиш учун кўплаб намозхонлар билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида юртимизнинг кўзга кўринган уламолари ташриф буюриб, халқимизни муборак Рамазон ойи ҳамда янги масжид очилгани билан муборакбод этдилар. Муфтий ҳазратлари жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизга жуда ҳам улуғ неъматлар, тинчлик-осойишталикни берди. Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Улуғ алломалар мангу қўним топган жойларни обод қилиш, уларнинг илмий меросларини тарғиб этишга катта эътибор бериляпти. Куни кеча Давлатимиз раҳбари азим пойтахтимизда иккита муҳташам масжид-мажмуаларини очилишида иштирок этдилар. Мана шундай шарт-шароитларни муҳайё қилиш ишларига катта эътибор бераётган муҳтарам Президентимизнинг ҳақларига дуои хайрлар қилиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Таровеҳ намози аввалида ушбу масжидга Шайх ҳазратларининг фарзанди – Исмоил Муҳаммад Содиқ имом-хатиб этиб, ҳазратнинг шогирди Баҳодир қори Раҳматуллаев имом ноиби этиб тайинлангани эълон қилинди.
Намоздан сўнг барча намозхонлар қўлларини дуога очиб, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг руҳлари шод бўлишини, хатми Қуръоннинг савоби у кишига етиб боришини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Шундай табаррук масжиднинг бунёд этилишига ташаббускор бўлган муҳтарам Президентимизнинг она-Ватан тараққиёти, мўмин-мусулмонлар манфаати йўлида олиб бораётган шарафли ишларида Ҳақ таоло мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрашини илтижо қилдилар.
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидини Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга муборак айласин.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳга тўрт йил дуо қилдим

16.06.2025   2931   5 min.
Аллоҳга тўрт йил дуо қилдим

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар мадрасавий нақл мутавотир бўладиган бўлса, унда нима учун ҳанафийларнинг мутавотирида моликийларнинг мутавотирига тескари келадиган жойлар бор?

Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, моликий мазҳаби ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, нима учун бу мутавотирлар ўзаро бир хил эмас?

Имом Ҳафс роҳимаҳуллоҳнинг қироати билан имом Шўъбанинг қироати мутавотир эмасми? Етти қироат мутавотир эмасми? Лекин улар бошқа-бошқа-ку?!

Демак, «мутавотир бўлди» дегани бир хил бўлди дегани эмас экан. Шунингдек, Бухорийда келган баъзи саҳиҳ ҳадислар ҳам айнан ўша Бухорийда келган бошқа бир ҳадисга тескари келиши мумкин. Биз эса бу китобдаги барча ҳадисларнинг саҳиҳ эканига ишонганмиз.

Шунингдек, Бухорий ва Муслимда ҳам бир-бирига тескари ҳадислар бор. Униси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлиб етиб келган, буниси ҳам. Демак, саҳиҳ ва мутавотир бўлиш – нақлда бир хил бўлиш дегани эмас экан, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳодисалар турлича бўлган.

Баъзилар мутавотирни маълум бир кўринишда нақл қилишган, баъзилар эса мутавотирни ёки мустафизни бошқа бир жойда бошқа бир кўринишда нақл қилишган. Буларнинг барчаси китобларда бор. Бизнинг мавзуимиздаги нозик нуқта мутавотир бўлиш эмас, балки нақл бўлиши собитроқ ва кўп такрорланганлигидир. Бунга «мутавотир» деб ном бериш эса мажозий маънодадир.

Тўғри, баъзи далиллар мутавотир бўлиши мумкин. Лекин асосийси – нақл қилиш собит эканида энг юқори даражасига чиққан бўлиши керак. Шунингдек, улар келтирган нақл билан биз келтирган нақл хилма-хил бўлишининг зарари йўқ, чунки ҳанафийлар Кўфада истиқомат қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд, Алий ибн Абу Толиб ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган бўлса, моликийлар Оиша, Ибн Умар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган. Моликийларнинг мазҳаби Зайд ибн Собитга, ҳанафийларнинг мазҳаби эса Абдуллоҳ ибн Масъудга бориб тақалади.

Ушбу мавзуга якун ясаш билан биргаликда, кўп хавотирга ўрин қолмаслиги учун қуйидагиларни ҳам айтиб ўтсак:

Фиқҳий масалаларга нисбатан ҳадисларнинг сони жуда ҳам оздир. Аввалги маълумотларимизда ҳукмлар келган ҳадисларнинг сони уч минг, икки минг, беш юз ёки етти юз атрофида эканини айтиб ўтган эдик. Бу жуда ҳам кам сон.

Шунингдек, оятларнинг ҳам сони чегараланган. Аммо масалалар эса миллионлаб топилади. Шунингдек, ҳадислар ҳам бор, марҳамат, кўришимиз мумкин. Олдинги ва кейинги уламоларимиз ҳукмий ҳадислар ҳақида қанчалаб китоблар ёзишган. Улар ўз китобларида «Мана бу ҳукмий оят, бу эса ҳукмий ҳадис», деб зикр қилишган. Аммо бу ўринда баҳс ҳукмий оятлар ёки ҳукмий ҳадисларда эмас! Сиз кутубхонадан бир неча динорга ҳукмий ҳадислар ёзилган китоб сотиб олишингиз мумкин. Қуръони Карим эса ҳамма жойда бор. Хўш, шу иккаласи билан имом мужтаҳид бўлиб қоладими?

Баҳсимиз бу нуқтада ҳам эмас! Баҳс ушбу масалаларни қандай қилиб чиқариб олиш, ҳукмларни жамлаш ва уларни қандай тушунишдадир. Бу ерда ҳадис етиб келиш-келмаслиги масаласининг аҳамияти қолмайди! Ахир орадан 1400 йил ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга суннат етиб келди-ку!

Мужтаҳид имомлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида эса бир неча йиллар, яъни  70-80-90 йиллар ўтган, холос! Уларнинг бутун турмуш тарзи Исломдан иборат эди, улар оила қуришда, ўзаро муносабатларда, бошқарувда ва барча ҳолатларда Ислом билан ҳамоҳанг эдилар. Қандай қилиб уларга ҳадис етиб бормаган бўлиши мумкин? Қандай қилиб биз ҳаётимизнинг турли жабҳаларида Исломдан узоқ бўла туриб, «Бизга ҳадис етиб келган», деймиз? Шунинг учун «Ҳадис етиб келган-келмаган», деб баҳс қилишнинг ҳеч бир қиймати йўқ! Қуръон ва Суннат бор. Энди бу ўриндаги баҳсимиз улардан қандай ҳукм чиқарамиз, қандай ижтиҳод қиламиз, уларни қандай тушунамиз ва улардан қоидаларни қандай чиқарамиз, деган маънода бўлиши керак.

Яҳё ибн Қаттон роҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган саҳиҳ ҳадисларни кўрсатишини сўраб, Аллоҳ таолога тўрт йил дуо қилдим», деганлар.

Биз ўрганаётган мавзу фақат ҳадис ривоят қилиш эмас, балки имом Шофеъийнинг муҳаддислар йўлидан юриб, мазҳаб туза олишидир. Муҳаддислардан олдингилар эса ҳадисларни ҳам ривоят қилишар, бир-биридан фарқли фатволар ҳам беришар эди. Гап ушбу ҳадисларга таяниш учун қандай қилиб мазҳаб ва қоидаларни чиқаришдадир. Албатта, ушбу мавзу биздан катта эътибор талаб қиладиган муҳим мавзулардандир.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан