Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги келгуси якшанба куни 85 давлатнинг вазирлари ва диний ишлар идораси раҳбарлари иштирокида халқаро анжуман ташкил қилади: “Дунёдаги диний ишлар, фатволар ва шайхликлар бошқармалари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга оид “Aлоқа ва интеграция” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилади.
Мамлакат Ислом ишлари, даъват ва иршод вазири доктор Aбдуллатиф бин Aбдулазиз Ол Шайхнинг таъкидлашича, анжуман еттита асосий мавзуни ўз ичига олади, хусусан, дунёдаги диний ишлар бўлимлари, фатво ва шайхликлар идораларининг Исломга хизмат қилиш, ислом бирлигини мустаҳкамлаш, воқелик ва умид ўртасидаги алоқа ва интеграция, уларнинг халқлар ўртасида бағрикенглик ва осойишталик қадриятларини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Қуръон ва суннатда мўътадиллик ва аслият, дунёдаги диний ишлар, фатво ва шайхликлар идораларининг экстремизм ва терроризмга қарши кураш ва уларнинг жамиятни атеизм ва парчаланишдан ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кабиларни қамраб олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати