Танловга!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Рамазон ойини ажр-савоблар ойи қилган зот – Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Ҳидоят ва нажот етакчиси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин! Бахт-саодатда у зотга эргашган оилалари ва саҳобаларига саломлар бўлсин! Аммо баъд:
Ёшларга айтмоқчи бўлган бу гапларимизни ака укасига, дўст биродарига унга яхшиликни хоҳлаб қилаётган насиҳати деб, қабул қилишингизни сўраймиз.
Эй биродарим! Рамазон ойи учун нима ҳозирладингиз? Бу – Жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпиладиган ва шайтонлар кишанланадиган муборак ойдир. Ушбу ойда Аллоҳ таоло солиҳ бандаларини дўзах оловидан халос қилади.
Бу ойда тавбани қасд қилдингизми? Маъсиятлардан тоат-ибодатга қайтишга қарор қилдингизми? Рамазоннинг тун-у кунларини қай ҳолатда кутиб олишни режалаштирдингиз? Ўзингизга дастурул амал туздингизми?
Жавоб беришлик керак бўлган саволлар! Тоат-ибодатсиз, кунлар, соатлар ва сониялар зоя кетган ҳолда ушбу ойдан чиқишликдан ёмонроқ нарса бўлмаса керак?! Хўш ушбу муборак ойни нима билан бошлашлик керак?
Тавба билан бошланг!
Биродарим! Сизни айбламоқчи эмасман, бироқ, ушбу йўлнинг боши ҳам, охири ҳам тавба ҳисобланади. Аллоҳ таоло томон интилувчилар ҳар ҳолатларида тавбага муҳтож бўладилар.
Шундай экан, тавба – (кўпчилик ўйлаганидек) осий бандаларнигина мақоми эмас экан. Зеро, Аввалги-ю охирги гуноҳлари мағфират қилинган зот, икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Албатта, мен У зотга бир кунда юз марта тавба қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло бандаларини тавбага чақириб нидо қилганида ҳам иймон номи ила нидо қилган:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ سورة النور 31 الآية
“Аллоҳ таолога барчангиз тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки нажот топсангизлар” (Нур сураси 31-оят).
Барчамиз хато-камчиликларга қўл урамиз. Ким хато қилмайди? Ким гуноҳсиз? Ким осий эмас?
Аллоҳ таоло гуноҳларни мағфират қилгувчи зот. Тунда кундузи гуноҳ қилган киши тавба қилишлиги учун, кундузи кечаси гуноҳ қилган киши тавба қилишлиги учун кенгчилик яратади. Аллоҳ таоло тавба қилувчиларнинг тавбаси, осийлар ва гуноҳкорларнинг надомати ила хурсанд бўлади.
Тавба – жуда ҳам енгил иш. Унда на машаққат, на оғриниш бор. У маъсиятдан бош тортиш, надомат қилиш ва бу ишга қайтмасликка азму қарор қилишликдир.
Вақтнинг аҳамиятлилиги!
Эй биродарим! Олдин ўтган гуноҳларга надомат чеккандан сўнг, энди эътиборимизни олдимизда турган вақтимизни ислоҳ қилишликка қаратмоқлигимиз лозим. Чунки, бу дақиқаларни зоя кетказган киши бахт-саодатини ҳам зоя кетказган бўлади. Агар ушбу муборак дақиқаларни ўз ўрнида муҳофаза қиладиган бўлсак, роҳат-фароғат эшикларининг очилишлигига муяссар бўламиз.
Имом Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Одамларни вақтларини ғаройиб тарзда ўтказаётганликларини кўрдим. Узун тун бўйлаб, ақалли бир ҳадисдан манфаат олмасалар ёки Қуръон тиловат қилмасалар!? Узун кун бўйлаб уйқу билан ҳамнафас бўлсалар?!... Ахир бу амаллар мавсумийку?! Вақт ўтиб кетмасидан шошилинглар, шошилинглар!”.
Киши вақти қандай ҳам улуғ неъмат эканлигини яхшилаб англаб етиб, уни муҳофаза қилишлиги айни муддаодир.
Рамазон ёшлар учун айни фурсатдир.
Эй биродарим! Савдогарлар кўп фойда кўришлик учун қулай фурсатни кутиб, у фурсат келганида эса мўл-кўл фойдаларни касб қилиб олишади. Нима учун биз ушбу фурсатда Аллоҳ таоло билан савдолашмаймиз? Солиҳ амалларга шошилиб, тоат-ибодатлар қилиб улкан-улкан фойдалар ва катта-катта савобларга эга бўлишликка шошилмаймиз?!
Рамазон – киши ҳаракат қилиши лозим бўлган фурсатдир. Бундан ҳар бир киши ғофил қолмаслиги лозим. Ушбу ой қалби саломат, аъзолари гуноҳдан холи ва вақтини зоя кетказмаган киши учун гуноҳлар кечириладиган, Жаннат мукофоти ютиб олинадиган ва дўзах оловидан нажот топиладиган фурсат ҳисобланади.
Бу ойни ғанимат билиб, солиҳ амалларни кўпайтиришга сизга далда бўладиган қуйида бир нечта маълумотларни зикр қилмоқчимиз:
1 – Рўза одат эмас – ибодатдир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким Рамазонни иймон билан савоб умидида тутадиган бўлса, олдин ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ). “Иймон билан” деган сўзнинг маъноси: Аллоҳ таолога ва У зот солиҳ бандалари учун тайёрлаб қўйган савобларга ишониш. “Савоб умидида” деган сўзнинг маъноси: Аллоҳ таолодан савобни умид қилиб, қиладиган ишларида риё ва сумъадан четланиб, мол-дунё ёки обрў-эътибор орттиришни мақсад қилмаслигидир.
2 – Рамазон шукр қилиш лозим бўлган неъматдир.
Рамазон кирмасдан туриб вафот этган кишилар борасида бир таъаммул қилайлик. Уларнинг амаллари тўхтади, саҳифалари ёпилди, эндиликда улар на солиҳ амаллар қиладилар, на ибодат қиладилар.
Аммо, сиз эй биродарим! Аллоҳ умрингизни зиёда қилиб, ушбу улуғ ой неъмати билан мукофотландингиз! Олдингизда қанча-қанча савоб амалларни қилиш турибди. Ахир, бу шукрини адо қилиш лозим бўлган неъмат эмасми?!
3 – Уйқу ва бедорлик.
Рамазон кунларини уйқуда ва тунларини бедорлиг-у, аммо ўйин-кулгуда ўтказиб юборсак, рўза ва тунда қоим бўлиш ажрларидан маҳрум бўламиз. Рамазон ойидан қуруқ қўл билан чиқамиз. Бу ой саноқли кунлардангина иборат. Бу ойни тоат-ибодат ва Қуръон тиловати билан ўтказишлигимиз лозим. Ўзимизни қуйидаги ҳадисга тушиб қолишлигимзидан асрайлик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазон ойи кириб, сўнг ундан гуноҳлари кечирилмаган ҳолда чиққан кишининг бурни ерга ишқалансин” (Имом Термизий ва Имом Ҳоким ривояти, саҳиҳ).
4 – Қуръон тиловати.
Рамазон Қуръон ойидир. Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи кириб келганида Қуръон қироатида жидду-жаҳд қилар эдилар. Баъзилари, бир кечада Қуръони каримни хатм қилишликка ҳам улгурганлар. Ушбу муборак ойда Қуръони каримни тартил, тадаббур, хушуъ ва қодир бўлгунча ҳукмларини фаҳмлаб тиловат қилиш ҳаммамизга насиб айласин!
5 – Тунда қоим бўлиш.
Тунда қоим бўлиш Рамазон ойидан бошқа пайтлари суннати муаккада ҳисобланади. Рамазон эса унданда таъкидлироқдир. Бу масжидларда ўқилаётган таровеҳ намозларидир. Бунда иштиёқ ила қори билан бирга хатми Қуръонни охиригача мукаммал тугатишга ҳаракат қилиш лозим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Ким имом билан бирга (намозни) тугатгунича бирга бўлса, тунда қоим бўлганлик савоби ёзилади” (Сунан аҳли ривоят қилганлар, Имом Термизий ушбу ҳадисни “Ҳасан ва Саҳиҳ” деганлар).
6 – Садақа.
Рамазон ойида садақа қилишлик бошқа ойларда қилинганидан кўра савоби каттароқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ой кириб келганида кучли шамолданда тезроқ яхшиликларга шошилар эдилар. Қодир бўлгунгизча ушбу ойда садақалар қилинглар.
7 – Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.
Шунингдек, ушбу ойда рўзадорларга ифторлик қилиб бериш энг улкан савоблардандир. Айниқса, фақир ва мискинларни ифторликка чақириб, уларнинг қорнини тўйдириш мақталган амаллардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким рўзадорга ифторлик қилса, унга рўзадорнинг ажри мислича бўлади” (Имом Аҳмад ва Термизий ривоятлари, Имом Термизий бу ҳадисни саҳиҳ деганлар).
8 – Масжидларни лозим тутиш.
Ер юзидаги энг муборак жойлар масжидлардир. Масжидларда намозларни жамоат билан ўқишликка одатланмоқлигимиз ва намоз кетидан яна бошқасини кутишлигимиз қандай ҳам яхши амал! Нафл намозларни тарк қилмаслик лозим. Чунки, улар фарзлардан нуқсонга йўл қўйганларимизнинг ўрнини тўлдиради, инша Аллоҳ! Аллоҳнинг муҳаббатига эриштирадиган амал бу нафллардир. Ҳадиси Қудсийда келади: Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бандам, нафллар билан менга яқинлашишликда доим бўлади, ҳатто уни яхши кўраман” (Имом Бухорий ривояти).
9 – Рамазонда Умра қилиш.
Рамазонда Умра қилишнинг катта фазилати бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Рамазонда Умра қилиш Ҳаж (ёки мен билан қилинган Ҳаж) га баробар келади” (Имом Бухорий ривояти).
10 – Охирги ўн кун.
Ушбу муборак ойнинг охирги ўн кунида баракалар янада кўпаяди. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўн кун кирганида аҳли-оилаларини уйғотар ва тунни тирилтирар эдилар” (Муттафақун алайҳ).
11 – Қадр кечаси.
Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан Қадр кечасини изланг! Хоссатан, тоқ кунлардан излашлик тавсия этилади. Ушбу кунларда тунни намоз, қиём, Қуръон қироати, зикр ва дуолар билан тирилтириш мандубдир. Чунки, бу кунда қилинган ибодат қадр кечаси бўлмаган минг ойда қилинган ибодатлардан афзал ҳисобланади.
12 – Кўзни тийиш.
Кўзни тийиш кам амал қилинадиган ибодатлардандир. Ушбу амални бажаришлик ундан кейинги ибодатларга йўл очади.
13 – Зикр.
Ҳар ҳолатда Аллоҳ таолони зикр қилишликни қўймаслик лозим. Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар дунё ва охиратда ютуққа эришувчилар бўладилар.
14 – Дуо.
Дуо ҳам ибодатдир. Дуода банда ўзини Аллоҳ таолога муҳтож эканлигини изҳор қилишлик бор. Аллоҳ таоло Ўз Каломида дуони ибодат деб номлади:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ سورة غافر 60 الآية
Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, менинг ибодатимдан кибр қилганлар Жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, деди (Ғофир сураси 60-оят).
Ўзимизнинг дуодан бўлган ўрнимиз борасида бир ўйлаб кўрайлик?!
15 – Эътикоф.
Масжидда Аллоҳ таолонинг ибодати учун кишининг ёлғиз қолиши. Эътикофда банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.
16 – Таом ва шароб.
Таом ва шаробдан кўп истеъмол қилишликдан тийилмоқлик лозимдир. Чунки, кўп таом истеъмол қилишлик ҳар хил касалликларга дучор қилади ва кишини дангасаликка чорлайди.
Ёшлар бу борада қаттиқ тиришмоқликлари лозим! Зеро, Аллоҳ таолога ибодатгўй қариядан кўра тавба қилгувчи ёшлар суюклироқдир.
Аллоҳ таоло ушбу ойда қилаётган ибодатларимизнинг савобини мўл-кўл қилиб беришини сўраймиз! Рамазон ойи барча мусулмон умматига муборак бўлсин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Абдуссамиъ Эргашев тайёрлади
Манба: Maktaba shameela китоблар жамланмаси
Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.
Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.
Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.
Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.
Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.
Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати