Инсонга умри давомида китобдан содиқроқ дўст топилмаса керак. Китоб гапирмайди, лекин сизга жуда кўп нарсани ўргатади. Бу борада уларни ўзига хос устоз дейиш ҳам мумкин. Лекин китобларнинг ҳаммаси ҳам содиқ дўст бўла оладими? Барча китобни ўқийвериш керакми ёки танлаб мутолаа қилиш мақсадга мувофиқми?
Аслида китобни тўғри танлай олиш ҳам эътибор талаб қиладиган ўзига хос нозик санъатга ўхшайди. Қандай китобларни ўқиш керак деган саволга ғарблик бир олим бундай дейди: «Яхши китобларни бугун ўқинг, ёмон китобларни ўқишга эртага албатта вақт топилади». Яъни вақт оз, бугун яхши, савияли китобларни ўқиш пайида бўлинг, деган фикрни илгари суради.
Тан олиш жоиз: бир вақтлар китобларнинг камлиги илмнинг ривожига таъсир қилган, бирор керакли маълумотни олиш учун кўпроқ изланишга сабаб бўлган. Бугунги кунга келиб, китобларнинг кўплиги баъзиларни шошириб, танлов масаласида иккаланишни юзага келтирмоқда. Улуғларимиз китоб топишга қийналишган бўлса, биз бугун уларни танлай олмай, бошимиз қотган...
Бобом Аҳмад Муҳаммад (Аллоҳ уларни раҳматига олсин) аввалги вақтлар ҳақида ҳикоя қилиб берганлари ҳамон ёдимда. У киши: «Бир нарсанинг устида изланиш учун жуда кўп вақт кетказардик, маълумотларнинг қадри жуда баланд эди-да, дўстларимиз билан биргаликда китобларни тақсимлаб олиб, улардан нусха олиш учун уйга олиб кетардик. Нусхалаш учун кўп вақт кетгани ҳамда муқовалар жуда эски бўлгани сабаб, матнларни базўр тушуниб олар эдик. Ўша дамлар бошқача эди. Илмнинг, маълумотларнинг қадри жуда баланд эди», дердилар.
Ҳозирги кунга келиб бир маълумотни қидирсангиз, керакли мавзу юзлаб, балки минглаб ҳар хил манбада, турли тилда чиқариб берилмоқда. Биздан талаб қилинадигани – ўша маълумотларни худди оддий тошлар ичидан олмосни ажратгандек танлаб олишдан иборат. Китобларнинг сони эмас, балки сифати фойда келтиради. Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунга келиб нашр ишлари ҳам маркетингнинг бир бўлагига айланиб улгурди. Савиясиз, шунчаки гўзал муқовали китоблар сони жуда кўпайди.
Қандай китобни танлаш керак?
Бирор қурилишни бошлайдиган киши, табиийки, уни томидан эмас, пойдеворидан бошлаб тиклайди. Худди шунга ўхшаб мутолаани ҳам оддийроқларидан, асос тушунчаларни шакллантирадиган китоблардан бошлаш мақсадга мувофиқ. Худди зинадан босқичма-босқич чиққанимиз сингари китоблар ҳам муайян тартибда мутолаа қилиб борилади. Тартиб билан қилинган иш бардавом бўлади. Устозлар устози, фазилатли шайх, ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Яккам-дуккам маълумотларни ўқиган-ўрганган кишининг фикрлари ҳам яккам-дуккам бўлиб қолади», деган эдилар.
Нима бўлганда ҳам, доимо энг яхшисига интилинг. Инсоннинг ақли, хулқ-атвори, дунёқарашини унинг кутубхонасига кўз ташлаб туриб ҳам билса бўлади.
Баъзи китобларни шунчаки ўқиб бўлмайди. Падари бузрукворим (Аллоҳ умрларини узоқ қилсин) «Иҳёу улумид-дин» китобини ўқимоқчилигимни билганларида дарҳол мени тўхтатганлар. Мазкур асарни илк китобхонлик даврида ўқиш хато эканини айтган эдилар.
Шу боис китобни даражамизга қараб танлашимиз даркор. Мен илк мустақил тарзда мутолаа қилган китобим – севимли адибим Эркин Маликнинг «Шайтонваччанинг найранглари» китоби бўлган. Бунга сабаб шайтонлар, жинлар оламига болалик чоғимда қаттиқ қизиқар эдим. Бу китоб айни муддао бўлган. Жажжи шайтоннинг ҳийлалари ўз тилидан айтилган. Эътиборимни тортган жиҳати китоб қисқа ва ҳикоявий эди.
Аввало дунё тарихида ўз ўрнига эга бўлган, илму салоҳияти билан дунёни титратган буюк инсонлар, олимлар, ёзувчиларнинг китобларини ўқиш ва уларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга интилмоқ зарур. Модомики ҳаёт жуда қисқа, бўш вақт эса жуда кам экан, қимматли вақтимизни саёз китобларга сарфламаслигимиз даркор.
Қўлга тушган китобни эмас, танлаб, саралаб олинган китобни ўқиш керак. Дид ва тафаккурингизни тарбияланг. Мустақил мутолаани саёз эмас, лекин ҳамма бирдек тушуна оладиган китоблардан бошланг.
Масалан, муслима опа-сингилларимиз учун «Сиз қандай яшамоқчисиз?», «Улуғлар шундай яшашган», «Ҳикматлар хазинаси», «Эркак кишининг камолотида аёлнинг ўрни»,
«Қизларжон», «Эй қизим», «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг 25-жузи ҳисобланган «Нубувват хонадони хонимлари», «Саҳобия аёллар» каби китобларнинг ёзилиши енгил, уларни ўқиш китобхонга қийинчилик туғдирмайди. Бу каби китобларнинг савия даражаси юқори ҳамда англаш қийин эмас.
Китобга муҳаббат қўймоқчи бўлсангиз бунинг учун аввал ўзингиз айнан нимага қизиқишингизни билиб олинг. Тарихий, бадиий, дидактик руҳдагиларними ёки диний, фалсафий қарашларга бой бўлган асарларми ёки бошқа? Ҳаттоки қизиқишингизга қараб, гўзаллик сирлари, пардоз ёки пазандачиликка оид китобларни ҳам бошланишига танлаб олишингиз мумкин. Шу орқали китобларга қизиқишингиз ортади.
Бадиий адабиёт мутолаасини энг қадимийсидан бошлаш мақсадга мувофиқ. Мумтоз адабиёт сира эскирмайди. Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, китоб танлашдан аввал, муаллифга жиддий эътибор қаратинг. Чунки китобда унинг фикрларини ўқийсиз, унинг дунёсида яшайсиз.
Оилада мутолаа маданияти
Жамият, миллатнинг ривожланиши, тараққий этиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, билимли, маънавиятли ва маърифатли ёшларнинг жамият юксалишида ўрни беқиёслигини кўриш мумкин. Бундай ёшларни баркамол этиб тарбияловчи асосий омиллардан бири – китобдир. Буюк бобокалонларимиз ҳам бола тарбиясида китобнинг ўрни бениҳоя катта эканини, уни тафаккурнинг толмас қаноти ўлароқ инсон маънавий оламини бойитиши, юксак ижодий фаолият воситаси сифатида ундан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб ўтганлар.
Эсимни танибманки, падарим оилада барчамизни йиғиб бизга «Ҳикматлар хазинаси», «Риёз ус-солиҳийн», «Соҳилсиз денгиз» каби тарбиявий аҳамиятга эга тарихий, таъсирли ва шу билан бирга маъноси нисбатан содда бўлган китобларни ўқиб, шарҳлаб берар эдилар.
Баъзилар фарзанд тарбияси – уни едириш, ичириш, кийинтиришдан иборат деб ўйлашади. Аслида фарзандга нисбатан бундай муомала уни шунчаки парвариш қилиш дейилади.
Инсон бирор жонзотни ҳам парваришлайди, эътибор қаратиб, қимматли вақтини ажратади. Фарзандга маънавий озуқа, билим берилганида бир кун албатта ширин мевани оласиз.
Оилада мутолаа маданияти шаклланган бўлса, фарзандлар бу одатда бардавом бўлишади. Овқат қилиш учун алоҳида хона, меҳмонлар учун ҳам алоҳида хона, жойлар тайёрлаймиз. Ухламоқчи бўлсак, болаларни жим қилиб, ўзимизга қулайлик яратиб ухлаймиз. Мутолаа учун ҳам муайян жой тайёрлаш, қулайлик яратиб вақтимизни ажратмоғимиз даркор.
Диққатни жамлаш жуда муҳим
Сизни сиз истаган келажакка элтадиган нарса – диққатдир. Бутун диққатингизни фақатгина бир нарсага қаратинг. Мутолаага муҳаббат қўйинг, шунда диққат ҳам жам бўлади. Уйқунгиз келавермаслиги, диққатингиз бўлинавермаслиги учун тикка туриб ўқиш услубини қўлласангиз, албатта фойда беради.
Помидор услуби
Жараён жуда содда: белгиланган лойиҳага сарфламоқчи бўлган вақтингизни қисқа, 25 дақиқалик «давр»ларга бўлиб оласиз ва ҳар бир шундай даврдан кейин кичик, 5 дақиқалик танаффус қиласиз. Яъни 25 дақиқа ишлаб, 5 дақиқа дам оласиз. Ҳар бир 25 дақиқа «помидор» деб аталади. Ҳар 4 та «помидор»дан кейин каттароқ, 15–20 дақиқалик танаффус қилинади ва мутолаа жараёнидаги камчилик ҳамда ютуқлар ёзиб чиқилади.
Бу услуб сизни вақтни қадрлашга ўргатади. Шунингдек, бу жараён орқали имкониятларингизни чуқурроқ таҳлил қиласиз. Бир неча кунлик машғулотлар натижасида маълум бир ишни уддалаш учун сизга нечта «помидор» керак эканини аниқ билиб оласиз.
Сиз дангаса эмассиз
Сиз дангаса эмассиз. Шунчаки бир дамнинг ўзида кўп нарсага эришишни хоҳлайсиз. Бир вақтни ўзида мингта нарсани хоҳлаш – сизни умуман ҳаракат қилмасликка олиб келади.
Ундан кўра, ана шу мингтанинг ичидан энг муҳимини танланг ва бор диққатингизни унга қаратинг.
Кўп ейиш, кўп ухлаш ва кўп гапириш кабилар дангасаликни келтириб чиқарувчи омил ҳисобланади. Бу иллатлардан динимизда қайтарилган ва замонавий тиббиёт ҳам инсон учун зарарли эканини исботлаган. Кўп ейиш орқали ҳазм тизими бузилади. Қон айланиши секинлашади ва ҳоказо.
Озуқалар уч хил даражада бўлади: ҳожат даражаси, кифоя даражаси, ортиқча миқдор.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонга қаддини тиклаб туриш даражасидаги луқмалар кифоя қилишининг хабарини берганлар. Бу билан унинг қуввати сусайиб, заифлашмайди, балки акси бўлади. Инсон табиати кўп таом билан эмас, балки ундан қабул қилгани миқдорича қувватли бўлади.
Уйқу вақти
Уйқу ҳаётий заруратдир. Меъёрдаги уйқу тана ва миямизнинг ривожини таъминлаш билан бирга биологик ритмларнинг тартибга солади, кун давомида тўпланган маълумотларни қайта тиклаб, уни таҳлил қилиш имконини беради.
Аммо жуда кўп ухлаш мияни қаритиши ва ақлий таназзулни кучайтириши мумкин. Умумий соғлиқнинг ёмонлашиши, натижада эса умрнинг қисқаришига олиб келиш эҳтимоли бор. Шу сабаб тунда эрта уйқуга ётиш ва эрта уйғониш тажрибада синалган энг самарали уйқу вақтидир.
Хулоса ўрнида
Ҳар бир нарсада мўътадилликни ушлаш, Аллоҳ бизга неъмат ўлароқ омонат қилиб берган организмимизни соғ-саломат, сифатли умр кечирган ҳолатда қайтармоғимиз лозим.
Китобхон бўлиш учун китоб ўқишнинг ўзи кифоя эмас. Саломатлигимиз, кун тартибимиз ва, энг асосийси, китобни тўғри танлашимиз, мутолаа сирларини ўрганишимиз ҳамда амал қилишимиз зарур.
Сакина Анвар қизи
«Ҳилол» журналининг 4(49) сонидан
Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатларида қўлланиладиган охирги чора сифатида белгилаб, унинг нотўғри қўлланилишидан эҳтиёт бўлишни таъкидлайди. Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Исломда талоқ муҳим масала бўлиб, уни шошқалоқлик билан эмас, балки ўйлаб амалга ошириш тавсия этилади. Қуръонда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: “Агар улар орасида низолашишдан қўрқсангиз, унда эрнинг оиласидан бир ҳакам ва аёлнинг оиласидан бир ҳакам тайинланг. Агар улар (ҳакамлар) ярашишни хоҳласалар, Аллоҳ уларнинг орасини тотув қилади. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва (ҳамма нарсадан) хабардор Зотдир”.
Мазкур оятдан англашиладики, шариатимиз низоларни ҳал қилиш учун қадам-бақадам чоралар кўришни талаб қилади ва дарҳол талоққа мурожаат қилишдан қайтаради.
Шу билан бирга шариатимизда талоқ эркакнинг қўлида бўлганлигининг ҳикмати одатда эр кишилар оқилона қарорлар қабул қиладилар. Шунинг учун талоқ иши эр кишини қўлига топширилгандир. Ҳидоя китобида бу борада бундай дейилади: “Талоқ эрнинг қўлида бўлиши унинг оқибатларни кўпроқ тушуниши ва ҳиссиётлардан узоқроқ бўлиши сабабли афзалроқдир”.
Асоссиз талоқ қилишнинг оилавий ва ижтимоий зарарларини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
Оила барқарорлигига зарар бўлиши асоссиз талоқ қилиш оилавий барқарорликни йўқотишга олиб келади. Бу ҳақида “Ҳидоя”да бундай дейилади:
“Низо юз берганида, талоқ қилишга фақат далиллар тасдиқлангандан кейин рухсат берилади”.
Талоқ фарзандларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Болалар учун ота-онанинг бирлиги ҳаётий муҳим омилдир. "Мухтасар"да бундай таъкидланади:
“Ажралиш фарзандлар ва жамият учун жиддий зарар келтиради”.
Ота-оналарнинг ажралиши жамиятда янги муаммоларни келтириб чиқаради. Асоссиз талоқ орқали болаларнинг тарбияси бузилиши ва оилавий қадриятларнинг йўқотилиши кузатилади.
Талоқнинг иқтисодий зарарлари шуки, ажралиш оиланинг иқтисодий барқарорлигига путур етказади. “Иноя”да бу ҳақда бундай дейилади: “Талоқ оиланинг молиявий барқарорлигини йўқотади”.
Ажримда аёлларнинг обрўсига зарар етиши турган гап. Чунки ажралиш кўпинча жамиятда нотўғри тушунилади. “Ҳидоя”да бу борада бундай дейилади: “Аёлни талоқ қилиш уни одамлар орасида гап-сўзларга дучор қилади”.
Ажримларнинг болалар тарбиясига таъсири шуки, болалар керакли тарбиядан маҳрум бўлиши мумкин. “Мухтасар”да бундай дейилади: “Талоқнинг салбий таъсири болалар тарбиясида яққол намоён бўлади”.
Демак талоқни амалга оширишдан олдин вазиятни тўлиқ баҳолаш ва маслаҳатлашиш зарур ишлардан ҳисобланар экан. “Иноя”да бу борада бундай дейилади: “Эр талоқ қарорини қабул қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши лозим”.
Шу билан бирга шариатимиз низоларни ҳал қилишда босқичма-босқич ёндашувни тавсия этади: насиҳат қилиш, вақтинчалик алоҳида яшаш ва ҳакамлар тайинлаш. “Инояда бу ҳақда бундай дейилади: “Талоқ фақат ярашиш имконсиз бўлгандагина рухсат этилади”.
Қолаверса талоқни фақат зарурат ҳолатида амалга ошириш керак. Талоқ фақатгина муҳим сабаблар мавжуд бўлгандагина қўлланилиши керак. Шариат кўрсатмаларига амал қилиш орқали оилани сақлаб қолиш мумкин. Ҳамда оилавий маслаҳатчилар ёрдамидан фойдаланиш ҳам зарурдир. Низоларни ҳал қилиш учун маслаҳатчиларга мурожаат қилиш шариатда маъқулланган амалдир.
Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир қилади. Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатида ва фақат масъулият билан қўллашни таъкидлайди. Бу борада шариатнинг кўрсатмаларига амал қилиш оилаларни сақлаб қолишда ва жамиятдаги барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шамсиддин БУРҲОНИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти 4 курс талабаси.