Таровеҳ – фақат рамазон ойида хуфтон билан витр вожиб орасида ўқиладиган 20 ракат намоз. Эркак ва аёл учун суннати муаккада. Уни жамоат билан бирга ўқиш эса суннати кифоядир. Фазилатларга бой бўлган рамазон ойининг фазилатларидан бири ҳам ой давомида таровеҳ намози ўқилишидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таровеҳ намози хусусида бундай деганлар:
“Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Таровеҳнинг фазилатларидан бири – бунда Қуръони карим тўлиқ хатм қилинади ва таровеҳга қатнаган киши ушбу хатм иштирокчисига айланади. Муҳтарам домлаларимиз амри маъруфларида таъкидлаганларидек, Аллоҳ таоло Ўзининг бандаларига яратган бу имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Рамазон ўтганидан сўнг бу қориларни қўй сўйиб чақирсангиз ҳам унинг уйингизда ўтириб Қуръонни хатм қилиб чиқишга вақти бўлмайди. Жамоатни-ку, қўяверасиз.
Таровеҳ табиатан иймону эътиқодида нуқсони йўқ, ғайрат-шижоати жўш урган одамлар ўқийдиган намоз. Чунки иймони камолга етмаган кишилар кун узоғи рўзадор бўлиб оч юриб толиққани ва кечалар уйқуга тўймаётгани боис бу намозга боришни турли баҳоналар топиб пайсалга соладилар. Негаки, 2-2.5 соат тик оёқда туриш уларнинг нафсига оғир келади.
Хуфтону витрни қўшиб ҳисоблаганда 29 ракат бўладиган намознинг номи бўлган “таровеҳ” сўзи “тарвеҳа”нинг кўплиги бўлиб, ўзбекчада “ором олдириш”, “дам бериш” маъноларини билдирар экан. Одамни обдон чарчатадиган намозга нега бундай от қўйилган экан? деган савол туғилиши табиий, албатта.
Маълум бўлишича, бу ифода аслида намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун қўлланилган экан. Шунинг ўзиёқ таровеҳни ўқиш шижоатли одамларга насиб этишига далолат қилади.
Таровеҳнинг фазилатларидан бири жамоатнинг кўплиги бўлса, яна бири – кўплаб одамлар хуфтон намозини аксар ҳолларда масжидга чиқмасдан уйларида ўқийдилар; лекин рамазон ойида, таровеҳ сабаб бўлиб фарз ибодат бўлган хуфтонни ҳам жамоат билан ўқиш шарафига муяссар бўладилар. Бунинг учун эса кўпдан-кўп ажру савобларга эришадилар.
Таровеҳнинг яна бир фазилати – жамоатнинг дуосидир. Кўпнинг дуоси кўл бўлади деганларидек, йиғилган жамоатнинг ичида дуоси мустажоб бўладиган хислатли кишилар бўлса, ана ўшаларнинг шарофати билан бизнинг дуомиз ҳам қабул бўлади, иншоаллоҳ.
Таровеҳда йил давомида бир-бирини кўришга интизор бўлиб, аммо ишининг кўплигидан кўришишга вақт топа олмай юрган дўсту ёронлар дийдорлашадилар. Бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатлари янада зиёда бўлади.
Таровеҳга бораётганда, таровеҳдан қайтаётганда қилинган суҳбатларда ёрдамга муҳтож кишилар борлигини эшитамиз, қўлимиздан келгунча уларга кўмаклашамиз ва бунинг учун ҳам савоб оламиз.
Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, мана шу муборак ойда босган ҳар бир қадамимизга мукофотлар ваъда қилиб, ўқиган намозларимизнинг савобини бошқа ойлардагига нисбатан бир неча баробар кўпайтириб қўйибди. Таровеҳда эса ҳам намознинг, ҳам хатми Қуръоннинг, ҳам жамоатнинг савоби бор. Бундан унумли фойдаланиб қолган кишилар нақадар бахтиёр инсонлардир.
Аллоҳ таоло барчамизни рўзасини мукаммал тутадиган, таровеҳни завқу шавқ билан адо этадиган толеи баланд бандалари қаторига қўйсин.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Профессор Жеки Йинг ким?
Тайвандлик олима аёл профессор Жеки Йинг нанотехнологияга ихтисослашган Сингапур институти асосчиси саналади. Биоинженерия ва нанотехнология соҳасида энг машҳур аёллардан бири ҳисобланади. Нанотехнология ривожига улкан ҳисса қўшган.
Профессор Жеки Йинг бир неча йиллардан бери биологик тадқиқотлар олиб бориши натижасида Қуръони каримдаги бир оятдан қаттиқ таъсирланади….
Дунёга нима учун келганмиз?
Олима Жеки Йинг айтади: “Тахминан 10-11 ёшимда ҳаётнинг ҳақиқати ҳақида кўп ўйлардим. Дунёга нима учун келганимиз тўғрисида ўзимга тинмай саволлар берардим. Кейинчалик Исломни ўргана бошладим...”.
...насроний оилада туғилган...
Жеки Йинг 1966 йилда Тайванда насроний оилада туғилган. Бошланғич таълимни Сингапурда олган. 15 ёшида оиласи билан Ню-Йоркка кўчиб ўтишди ва у ерда ўқишни давом эттирди. Ню-Йоркдаги Купертино университетининг муҳандислик соҳаси бўйича бакалавр даражасини олди, кейин Ню-Жерсидаги Принстон университетида магистратура босқичини якунлади. Ушбу университетнинг Кимёвий муҳандислик мутахассислигининг PhD докторлик унвонини қўлга киритди.
Шундан сўнг, АҚШдаги энг нуфузли ва машҳур Массачусетс технология институтида дарс беришни бошлади.
Илоҳий мақсад бор
Жеки Йинг турли миллат ва маданиятларга дуч келиши уни динга бўлган қизиқишини уйғотди. Инсонларда илоҳий мақсад борлигини аниқлаш учун кўп вақтини турли диний манбаларни солиштириш билан ўтказди.
Кунларнинг бирида у Қуръони каримдаги ушбу оятни ўқиди: “Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмасларми? Иймон келтирмасларми?” (Анбиё сураси, 30-оят).
Ушбу оят унинг эътиборини тортди ва у бундай аниқ ҳақиқат замонавий илм рвиожланмаган, турли асбоб-ускуналар мавжуда бўлмаган VII асрда қандай пайдо бўлгани ҳақида билиш уни Исломни чуқур ўрганишга бошлади.
ҳар бир тирик нарса – сувдан
Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики баъзи организмларнинг тана вазнининг 90% гача, катталар танасининг 60% фоизини сув ташкил қилади.
1945 йил тадқиқотчи Мишел томонидан мия ва юракнинг 73%, инсон ўпкаси 83%, тери 64%, мушак ва буйраклар 79% ва суяклар 31% сувдан иборат эканини аниқлаган. Бу маълумотлар тирик мавжудотлар учун сувнинг аҳамиятини тасдиқлайди.
ягона яратувчи – Аллоҳ таоло
Профессор Жеки Йинг Қуръондаги ҳақиқатлар фақатгина ягона яратувчи Аллоҳ таоло томонидан баён этилиши мумкинлигини хулоса қилган ва 35 ёшида Ислом динини қабул қилди. Унинг фикрича иймон янги тадқиқотларни кашф этишда муҳим ўрин тутади.
“Агар атроф-муҳит, ҳеч бўлмаганда ўзимиз ҳақимизда бироз тафаккур юритсак жуда кўплаб мўъжизаларни кўришимиз мумкин. Уларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан пайдо бўлмаган”, дейди профессор олима Жеки Йинг.
Даврон НУРМУҲАММАД