Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқилишидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таровеҳ намози хусусида бундай деганлар:
“Ким рамазон кечаларида туриб, ибодат қилиш суннатлигига ишониб, савоб умид этиб ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган).
“Таровеҳ” луғатда “ором олдириш, дам бериш” маъноларида келган “тарвеҳа” сўзининг кўплик шаклидир. Истилоҳда Рамазон ойида хуфтоннинг суннати ва витр намози ўртасида ўқиладиган намозга нисбатан ишлатилади. Намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун “таровеҳ” деб ном берилган.
Таровеҳ намози йигирма ракат бўлиб, эркак ва аёллар учун суннати муаккададир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар (Бухорий, “Салотут-таровеҳ”, 1; Муслим, “Мусофирин”, 174).
Қуръони каримни тўла ёд билмаган кишиларга Фотиҳа сурасидан сўнг Фил сурасидан бошлаб кичик сураларни қўшиб ўқиш тавсия қилинган (“Зоҳидий ”).
Ҳазрат Умар халифа бўлгач, одамлар тарқоқ ҳолда таровеҳ намозини адо этаётганларини кўриб, бу намозни жамоат билан ўқишни яна жорий қилдилар. Ҳазрат Али ҳам: “Умар масжидларимизни таровеҳнинг файзи ила нурлантирганидек, Аллоҳ ҳам Умарнинг қабрини шундай нурлантирсин”, дея дуо қилиб, бу ишдан мамнун бўлганларини билдирганлар.
Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон ва Ҳазрати Али даврларидан бошлаб, ҳозирги кунгача таровеҳ намози йигирма ракат ўқилади. Саҳобалардан ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, уламолар тарафидан ҳам шу шаклда ўқиш қабул қилинган.
Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш эркак ва аёлларга суннати муаккададир. Таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш суннати кифоядир.
Таровеҳ намози хуфтон намозининг суннатидан сўнг витр намозидан олдин ўқилади.
“Таровеҳ намозини (ё шу вақтнинг суннатини) юзимни Каъбанинг бир томонига қилиб, холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”, деб кўнглидан ўтказилади.
Таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади.
Ҳар тўрт ракатдан сўнг, яъни икки саломдан кейин ҳамда витр намозидан олдин тўрт ракат намоз ўқиш миқдорича дам олинади. Дам олишда, истаса, тасбеҳ ё таҳлил айтади ё жим ўтиради. Тасбеҳ айтиш мустаҳабдир.
Таровеҳ намозининг ҳар икки ракатининг биринчи ракатида имом ва қавм сано ўқийди. Имом тааввуз ва тасмия айтади. Руку ва сужуд тасбеҳлари учтадан айтилади. Қавма ва жалсага риоя этиш суннатдир.
Барча намозларда, жумладан, таровеҳ намозида ҳам қироатни тажвид талабларига мувофиқ қилиш фарздир. Қироатда овоз гўзаллиги эмас, унинг тўғрилиги муҳимдир. Шунинг учун қироатни тўғри қилувчи одам имомликка ўтказилади. Таровеҳ намози давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Салаф уламоларимиз, Лайлатул қадр умидида Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси таровеҳида хатм қилишни мақбул кўришган. Бунинг учун Қуръони карим оятлари 540 рукуга тақсим этилиб, мусҳафларга белги қўйилган.
Барча намозлардаги каби таровеҳ намозида ҳам жамоатнинг кўплиги афзалдир. Шунинг учун имом таровеҳ намозида жамоат тоқатига мувофиқ миқдорда қироат қилиши лозим. Мутааххир уламоларимиз жамоат тоқатидан келиб чиқиб, таровеҳ намозида бир узун ё уч қисқа оят ўқиш мумкинлигига, яъни, Аср ва Ихлос каби сураларни ўқиш жоизлигига фатво беришган.
Бу ўринда шуни таъкидлаш лозим: таровеҳ намозида, жамоатга малол келади, деган ўйда намознинг суннатлари асло тарк этилмайди. Саловот ўқилади. Саловатдан кейинги дуони ўқимаслик жоиз.
Рамазон ойи давомида витр намози таровеҳ намозидан сўнг жамоат билан ўқилади.
“Ҳидоят” журнали материаллари асосида тайёрланди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Абид Дунё «Макоидуш шайтон» номли китобида келтиради:
Ҳасан Басрий айтади:
«Бир қавм Аллоҳни қўйиб бир дарахтни танлаб олиб, унга сиғина бошлади. Бундан хабар топган бир киши қўлига болтасини олиб, дарахтни кесиб ташлаш учун йўлга тушди. Дарахт олдида одам қиёфасидаги Иблис уни қарши олди.
– Эй одам, нима учун дарахтни кесмоқчисан? – деб сўради Иблис.
– Қавмим Аллоҳни қўйиб бу дарахтга сиғиниб адашмоқда, гуноҳга ботмоқда, – деди киши.
Иблис деди:
– Сен у дарахтга ибодат қилмайсан-ку, унинг сенга нима зарари бор?
– Барибир кесаман!
Иблис уни ман қилмоқчи бўлди. Улар курашиб кетишди. Ҳалиги киши Иблисни йиқитди. Шунда Иблис унга деди:
– Сенга бундан яхшироқ таклифим бор. Сен дарахтни кесмайсан. Бунинг эвазига ҳар куни ёстиғинг остида икки динор пайдо бўлади!
Бунга ким кафил бўлади?
– Мен!
Ҳалиги киши ҳар тонг ёстиғи остидан икки танга олиб нафси ва эҳтиёжини қондира бошлади. Шу зайлда кунлар ўтаверди, дарахтни ва унга сиғинувчи қавмни унутди. Кунларнинг бирида ёстиғи остига қараса, тангалар йўқ. Ғазабланиб, шайтонни учратиш мақсадида дарахт томон юрди. Шунда Иблис унга яна юқоридаги одам қиёфасида кўринди ва сўради:
– Нега келдинг?
– Кишилар Аллоҳни қўйиб бунга ибодат қилаётган дарахтни кесаман!
Иблис уни ман қилмоқчи бўлди. Жанг бошланди. Бу сафар Иблис ғолиб бўлди. У киши сўради:
– Нега олдинги сафар мен ғолиб бўлган эдим-у, бу сафар сен ғолиб бўлдинг?
Иблис деди:
– Олдинги сафар Аллоҳ учун ғазаб қилиб келган эдинг. Аллоҳ сенга ёрдам берди. Бу сафар эса икки динор учун келдинг. Аллоҳ менга ёрдам берди!».
Аллоҳнинг ризоси қасд қилинмаган ҳар қандай катта амал қиёмат куни тўзонга айланади. Аксинча, амал кичкина ва оз бўлса-да, аммо ундан Аллоҳнинг ризоси мақсад қилинса у кўп ва мақбул амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло фақатгина феълларга эмас, ниятларга қараб ҳам ажр беради.
*****
Мусо алайҳиссаломнинг даврида қаҳатчилик келди. Экинлар қуриди, озиқ-овқат камайиб кетди. Инсонлар қашшоққа айланишди. Шунда фақирлардан бири олдидаги тоққа назар солиб деди: «Эй Роббим! Агар менда мана шу тоғ қадар олтин бўлганида бандаларингга садақа қилган бўлар эдим!».
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилиб деди: «У бандамга айт, Мен унинг садақасини қабул қилдим!».
Аллоҳ таоло унинг нияти содиқлигини билди. Умуман содир бўлмаган амал учун ажрни мукаммал қилиб берди.
Қанча-қанча амаллар бор, қанча-қанча ибодатлар бор, уларга риё аралашгани сабаб, ибодатлар одамлар олдида фахрланиш учун қилингани боис уларни Аллоҳ қабул қилмайди.
Аксинча, қанча-қанча оддий амаллар бор, ниятлар уни катталаштириб юборади.
Йўл ўртасида тушиб ётган ва кишиларга халақит қилаётган шохни одамларга азият бермаслиги учун олиб ташлагани учун бир киши жаннатга кирди. Эътибор беринг, битта шох эвазига жаннат. Зеро ният буюк!
Бани Исроилдаги зинокор аёл бир итни суғоргани учун Аллоҳ уни мағфират қилиб жаннатга киритди. Зеро ўша лаҳзада унинг қалбида раҳмат, холис ният намоён бўлган эди. Ҳолбуки итни суғориш зинога каффорат бўлмайди!
Ниятларингизни ислоҳ қилинг. Уларга кўра ажрланасиз!
Табук жангидан қайтишда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар:
«Мадинада шундай кишилар борки, улар сиз билан бирга юришди, водийларни кесиб ўтишди, ажрда сизга шерик бўлишди. Уларни беморлик Мадинада тутиб қолди!».
Абдулқодир Полвонов
«Ҳилол» журнали 3(60) сон