“Мен ҳеч кимни ғийбат қилмаганман” деб кимдир айта оладими? Йўқ, аникки, ўзимиз истаган ё истамаган ҳолда, кимнидир, албатта, ғийбат қилганмиз ва қилмоқдамиз.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ғийбат нималигини биласизларми?” дедилар. “Аллоҳ ва Унинг расули билувчи”, дейишди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. “Биродаримда мен айтган сифат бўлса-чи?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, агар бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Бир танишим ўта тушкун кайфиятда ўзини қийнаётган масалани шундай ҳикоя қилди: “Ўзимни қаттиқ тафтиш қилиб, қилган ишларимни эслаб, чин кўнгилдан афсусдаман. Ва ҳеч қачон олдинги хатоларимни, қилган ғийбатларим, хазил-мутойибаларимни қилмасликка аҳд қилдим.
Ҳаммани устидан ҳажв қилиб кулиб юрардим. Ғийбат мен учун оддий кундалик машғулот эди. Ота-онаси ўлганларнинг баъзи давраларда кулганларини кўриб: “Бемеҳр одам экан ота-онасидан, икки қанотидан айрилса ҳам кулиб, ҳаёт ташвишларини қилиб юрибди”, дердим.
Кунлар ўтиб онаизоримдан, ҳар тонг ва кечда мендан хабар олгувчи меҳрибонимдан айрилдим, аммо кулаяпман. Ҳар кулганимда ўзгаларни иғво қилиб, ғийбат қилганим эсимга тушиб: “Қандай кулаяпсан, онанг ўлганку?”, деган овоз келаверади ичимдан. Яшаса, кулса бўларкан. Аллоҳ мусибатига яраша сабр ва кўникиш туйғуларини ҳам инсонга бераркан.
Боласи ўлганларни кўриб қандоқ яшаяпти жигар порасини қора ерга топшириб деб таъна қилардим.... Оҳ мени ўйламасдан гапирган сўзларим ўз бошимга дўл каби бирин-кетин ёғилиб келди.
Йиллар ўтиб, юрагимнинг бир парчаси, кўзимнинг оқу-қораси болажонимдан айрилдим, лекин яшаяпман. Юрагимга бир мушт уриб: наҳот тирикман усиз?! Қалбимда айрилиқ азобининг изи ҳали ҳам кетмаган. Бировни гапириш жуда осон экан, оғзимнинг бир чеккасидан чиқиб кетган бир қатор сўзларнинг қанчалик оғир эканини энди ич-ичимдан ҳис қилмоқдаман”, деб кўз ёшларини тўхтатолмади, бечора.
Мен унга далда бериш учун Аллоҳ таолонинг ушбу оятини эслатдим: “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).
ИМРОН
Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.
Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.
Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.
Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган.
У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв" (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган.
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади.
Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.
Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.