Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Россия мусулмонлари диний бошқармаси ўртасида кўп йиллардан бери диний-маърифий соҳада ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Диний бошқарманинг таклифига биноан ҳар йили ўнлаб қориларимиз муборак Рамазон ойида Россия Федерациясининг турли ҳудудларида бўлиб, масжидларда хатми Қуръонлар ўтказиб келмоқдалар. Бу йили ҳам 10 нафар ҳофизи Қуръонлар Россиянинг Москва ва унинг атрофидаги шаҳарлар, Хабаровск, Сверлодск, Ставрополь каби ўлкаларда бўлиб, муборак ой давомида мусулмонларга таровиҳ намозларида хатми Қуръон ўқиб берадилар. Шунингдек, сафар давомида қориларимиз жойларда ташкил этиладиган диний маросимларда иштирок этадилар.
Дастлаб, Хабаровск вилоятига жўнаб кетган қориларимиз – Тошкент вилояти “Нурул ислом” жоме масжиди имом-хатиби Оқилжон Исҳоқов ва Тошкент шаҳар “Чоштепа” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳаким Хотамовлар 4 май куни Узоқ Шарқ мусулмонлари диний идораси рахбарияти томонидан кутиб олиниб, ўзлари учун тақсимланган масжидларда хатми Қуръонларни бошлаб юбордилар.
Хорижда фаолиятларини давом эттираётган қориларимиз ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Уйдан фақирликни қувишда Ихлос сурасини ўқиш ҳақида
Саҳл ибн Саъд Суъадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, ансорлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб фақирлик ва яшаш қийинлигидан шикоят қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Уйингга кирсанг, уйда бирон ким бўлса салом бер. Ҳеч ким бўлмаса менга саловот айт ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқи”, дедилар.
У киши шундай қилганди, Аллоҳ таоло унга мўл ризқ ато этди, ризқини кўпайиб берди ва ҳатто (орттириб) қўшниларига эҳсон қила бошлади.
“Тафсири Абул футуҳ” ва “Мустадрок”дан