Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Август, 2025   |   13 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:24
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:37
Хуфтон
21:01
Bismillah
07 Август, 2025, 13 Сафар, 1447

Рўза тутганингиз яхшироқ

07.05.2019   32020   6 min.
Рўза тутганингиз яхшироқ

«Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларинг учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди.

Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми миқдорида фидя (эваз) тўлашлари лозим. Ким ихтиёрий равишда кўпроқ яхшиликлар қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсаларинг, рўза тутишларинг (фидя бериб, тутмаганларингдан) яхшироқдир» (Бақара, 183–184). 

  Ҳаётнинг лаззатини, ироданинг қийматини англаб етишга хизмат қиладиган Рамазон рўзаси илоҳий амрлар ичида нафсга энг оғир келадиган амалдир. Рамазон арабча «ар-рамад» сўзидан олинган, қуёш ҳароратининг жуда исиб, кўтарилганини англатади. Ойнинг «Рамазон» дейилишига сабаб, бу ойда тавба, солиҳ амал қилганларнинг гуноҳлари куйдирилади, йўқ қилиб юборилади. Ўзбек тилида рўза маъносини англатадиган арабча «савм», «сиям» сўзи луғатда нафс истакларидан ўзини тийишни билдиради. Атама сифатида эса, ният қилиб, нафснинг энг катта истаклари бўлган ейиш-ичиш ва жинсий алоқадан кун бўйи тийилишдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг ойда уч кун ва ашуро кунида нафл рўза тутардилар. Ҳижратдан бир йил ўтиб, қибла ўзгарганидан кейин шаъбон ойида Рамазон рўзаси фарз қилинди.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдин ўтган пайғамбарларнинг умматларига ҳам рўзани фарз қилган. Масалан, Одамга (алайҳиссалом) бийз кунлари (ойнинг 13-14-15 кунлари), Мусонинг (алайҳиссалом) қавмларига ашуро кунлари, насороларга ҳам рамазон ойида рўза тутиш буюрилган. Рўза шаҳватни кесади, нафснинг ҳою ҳавасларини мағлуб қилади. Турли ёмонликлардан, туғёнга кетишдан сақлайди. Рўзанинг бадан саломатлигига фойдалари бугун барчага яхши маълум. Аммо бу фойдалар рўзанинг фарз бўлиши сабаби ва ҳикмати ҳисобланмайди. Рўза фарз бўлишининг асл ҳикмати Аллоҳ таолонинг амрига бўйинсуниб, бандаликнинг завқини тотиш, руҳни риё асоратларидан поклаб, қувват ва ихлосни ошириш, нафсни енгиб, комилликка эришишдир.

«...саноқли кунларда». Яъни, сизга фарз қилинган рўза йилнинг саноқли кунларида – ўн икки ойдан фақатгина бир ойидадир. Ҳамда сизнинг саломатлигингизга зиён келтирмайдиган, тоқатингизни тоқ қилмайдиган шаклда, узрли бўлсангиз, маъзур кўрилиб, енгиллик беришни кўзда тутилган ҳолатда буюрилгандир.

«Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир». Агар рўза тутиш сиҳатингизга жиддий зарар етказадиган даражада бемор ёки сафарда бўлсангиз, рўза тутмасликка рухсат берилади. Соғайгач ёки сафардан қайтганингиздан кейин, неча кун рўза тутолмаган бўлсангиз, шунча кун тутиб, зиммангиздаги фарз қазосини адо этасиз.

«Мадори етмайдиганлар бир мис кин кимсанинг (бир кунлик) таоми миқдорида фидя (эваз)тўлашлари лозим». Бу борада Ибн Абу Лайлодан қуйидагилар ривоят қилинади: «Рамазон рўзаси фарз қилинган дастлабки пайтда одамлар ҳали унга кўникмаган эдилар. Уларга кун бўйи оч юриш жуда оғир келарди. Шунинг учун рўза тутолмаганлар ояти кариманинг:  «Мадори етмайдиганлар...» ҳукмига асосланиб, бир камбағални тўйдириш билан ўзларини фарзни адо этган ҳисоблаганлар. «Сизлардан ҳар ким у ойга шоҳид бўлса, рўза тутсин» мазмунли ояти карима тушгач, рўза тутмай, фидя беришга рухсат фақат беморлар ва мусофирларгагина тегишли бўлиб қолди. Қолган барчамиз рўза тутишга буюрилдик».«Мадори етмайдиганлар» қаторига жуда ҳам қартайиб, очликка тоқати етмайдиган қариялар ҳам киришига муфассирлар иттифоқ қилишган.

«Ким ихтиёрий равишда кўпроқ яхшиликлар қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши». Яъни, ким буюрилганидан ортиқроқ фидя берса, ўзи учун янада яхшидир. «Агар билсаларинг, рўза тутишларинг (фидя бериб, тутмаганларингдан) яхшироқдир». Фидя берганидан ёки қазони тутганидан кўра, қийин бўлса ҳам, вақтида рўза тутганларинг ўзларинг учун афзалдир. Агар рўзанинг фазилатини билганларингда, албатта, рўза тутмаслик жоиз бўлган ҳолатларда ҳам рўза тутган бўлардиларинг.

 

Қуртубий ва Ҳамдий

тафсирлари асосида

Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади

 

 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг Каломига беҳурматлик - иймондан айиради

06.08.2025   2428   1 min.
Аллоҳнинг Каломига беҳурматлик - иймондан айиради

Савол: Қуръони карим оятлари ёзилган қоғозларни ерга ташлаш ёки улардан мева-чева, писта-бодом ва шунга ўхшаш нарсаларни ўрашда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга динимизнинг муносабати қандай бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони карим оятлари, ҳатто унинг бошқа тилга ўгирилган таржимаси ёзилган варақлардан сиз айтган ҳолатларда фойдаланиш нотўғри, балки оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу Қуръони каримни таҳқирлаш ва хорлаш демакдир. Бундай ишларни қасддан қилган киши иймонидан айрилади. Қуръони каримни улуғлаб эҳтиром қилиш, таҳоратсиз ҳолда ушламаслик, ножўя жойларга қўймаслик динимизнинг қатъий талабидир. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар:

“Барча мусулмонлар Қуръон мусҳафини асраш ва уни ҳурмат қилиш фарз эканига ижмо (иттифоқ) қилишган. Бизнинг мазҳаб уламолари ва бошқалар ҳам бундай дейишган: "Агар бир мусулмон Мусҳафни ахлатхонага ташласа, у бу амали билан кофир бўлади (Аллоҳ сақласин)!” (“Ат-Тибён” китоби). 

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Қуръони каримни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг эътиқодий бурчидир. Қуръон саҳифаларини ҳар қандай ножўя мақсадда ишлатиш, уни камситиш — Аллоҳнинг Каломига нисбатан очиқ беҳурматлик бўлиб, бу иш катта гуноҳ бўлиши билан бирга иймондан айирувчи разил амалдир. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.