بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الصِّيَامِ وَالقِيَامِ. وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ
РАМАЗОН – ОЙЛАР СУЛТОНИ
(РЎЗАГА ОИД ҲУКМЛАР)
Ҳурматли жамоат! Маълумки, еру осмон яратилгандан бери, бир йилда ўн икки ой бор. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ
яъни: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир” (Тавба сураси, 36-оят).
Динимизда мана шу ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради. Қуйидаги ҳадиси шарифда шу фазилатларга ишора қилинади:
عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم آخِرَ يَوْمٍ مِنْ شَعْبَانَ فَقَالَ : "يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ فَرَضَ اللَّهُ صِيَامَهُ وَجَعَلَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا فَمَنْ تَطَوَّعَ فِيهِ بِخِصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فَمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فِيهِ فَرِيضَةً كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَهُوَ شَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَهُوَ شَهْرٌ يُزَادُ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ فِيهِ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ عِتْقُ رَقَبَةٍ وَمَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ" قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا يَجِدُ مَا يُفَطِّرُ الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَسَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ أَعْتَقَهُ اللَّهُ مِنَ النَّارِ"
(أخرجه الإمام البيهقي والإمام ابن خزيمة)
яъни: Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, дедилар. Шунда: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, – дейилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ва ибн Хузайма ривоят қилган).
Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тақрибан 2 кг.) ёки бир соъ (тақрибан 4 кг.) хурмо ёҳуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради. Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”, “Раддул муҳтор”).
Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.
Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман” демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган.
Шуниси ҳам муҳимки, рўза тутишдан мақсад – Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариш, тақво сифатини ҳосил қилишдир. Рўза тутиб ёмонлигини қўймаган, ёлғон, ғийбат ва гуноҳ ишларни тарк этмаган кишининг фақат оч қолганию чанқагани қолади. Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида шунга ишоралар келган.
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ фойдаланиш учун тавфиқ берсин, ўзининг севимли, соим ва қоим бандаларидан бўлишимизни насиб айласин! Омин!
Муҳтарам имом домла! Кўпчилик мўмин-мусулмонларимизда рўзага оид аҳкомларни билишга эҳтиёж катта бўлганлигини инобатга олиб, бошқа мавзуга чалғимай, уни батафсил ва таъсирчан услубда етказишингизни сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2019 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича
ҚАРОРИ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2019 йил (ҳижрий 1440 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 200 000 (икки юз минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, закот нисоби 85 (саксон беш) грамм тилло, яъни 17 000 000 (ўн етти миллион) сўм деб белгилангани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўмни закот ниятида чиқарилиши ҳақидаги хулосаси маъқуллансин.
Маълумки, фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммдир.
Шунга кўра, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга кўра:
≈ 2 килограмм буғдойдан 6 000 (олти минг) сўм;
≈ 4 килограмм арпадан 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 килограмм майиздан 70 000 (етмиш минг) сўм;
≈ 4 килограмм хурмодан 100 000 (юз минг) сўм бўлади.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 15 000 (ўн беш минг) сўм, деб белгилансин.
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЗАКОТ БЕРИШ-БУЮК ИБОДАТ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!
- 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ
Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.
Назмий баёни:
Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.
Луғатлар изоҳи:
وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.
حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.
وَ – “ибтидоия” маъносида келган.
الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.
عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.
الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.
اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.
Матн шарҳи:
Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:
“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].
Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.
Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни