Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2019 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича
ҚАРОРИ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2019 йил (ҳижрий 1440 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 200 000 (икки юз минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, закот нисоби 85 (саксон беш) грамм тилло, яъни 17 000 000 (ўн етти миллион) сўм деб белгилангани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўмни закот ниятида чиқарилиши ҳақидаги хулосаси маъқуллансин.
Маълумки, фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммдир.
Шунга кўра, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга кўра:
≈ 2 килограмм буғдойдан 6 000 (олти минг) сўм;
≈ 4 килограмм арпадан 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 килограмм майиздан 70 000 (етмиш минг) сўм;
≈ 4 килограмм хурмодан 100 000 (юз минг) сўм бўлади.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 15 000 (ўн беш минг) сўм, деб белгилансин.
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати