Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва у пайғамбарларнинг суннатларидандир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йилнинг 15 октябрь санасини “Халқаро қўл ювиш куни” деб эълон қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди”, деганлар.
Шайтон Аллоҳ таолонинг исмини айтмай еяётган одамга шерик бўлади. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки таом устида Аллоҳ зикр қилинса, шайтон шерикларига: «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар Аллоҳ зикр қилинмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди (Имом Бухорий ривояти).
Агар овқатланишнинг аввалида "бисмиллаҳ"ни айтиш ёддан кўтарилса, эсга тушганда: “Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи”, дейиш лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чап қўл билан еманглар! Чунки шайтон чап қўли билан ейди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоққа бориб-келарди. Шунда у зот алайҳиссалом менга: "Эй ғулом! "Бисмиллаҳ" дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!" дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиздан бир луқма тушиб кетса, ундаги зарарни кетказсин, сўнгра есин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирингизнинг егулигингиз ерга тушиб кетса, уни кўтариб, сиртини бегона нарсалардан тозалаб есин, насибасини шайтонга қолдирмасин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Астон университети профессори Энтони Хилзнинг олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ерга тушиб кетган егуликни беш сония ичида ердан олиб истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфсиз экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмайди.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлгандан сўнг бармоқларни ялаб қўйиш ҳақида бундай деганлар: "Қўлини артмай туриб ялаб қўйсин. Дарҳақиқат, у барака қай бирида эканидан бехабардир".
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен суянган ҳолимда емайман", деганлар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар". Шунда саҳобалар: "Тик туриб ейиш мумкин-ми?" деб сўрашди.
У зот алайҳиссалом: "У яна ҳам оғирроқ", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом ва шаробга пуфлашдан қайтардилар" (Имом Аҳмад ривояти).
Бир жамоа одамлар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз овқатланамиз, аммо ҳеч тўймаймиз", дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар алоҳида-алоҳида овқатланасиз-ми?" деб сўрадилар.
Улар: "Ҳа, шундай", дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Таомингизга (биргаликда) тўпланинг ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинг. (Шунда) барака берилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқат еб бўлсалар: “Алҳамдулиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва жаъалана муслимийн” (Бизларни овқатлантириб, суғориб ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин) деб айтардилар.
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД