Муборак рамазон ойи кириб келаётган фараҳбахш паллада “Мовароуннаҳр” нашриёти ижодий ходимлари яна бир савобли ишга қўл урди. Нашриёт “Раҳмат ойи Рамазон” рисоласини ўн минг ададда чоп этди.
Рисолага сўз боши ёзган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари рўзанинг асл мазмунини қисқа ифодада соддагина қилиб тушунтириб ўтганлар: “Ҳар бир аъзонинг ўз рўзаси бор. Қалбнинг рўзаси Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга берилишдан холи бўлиш; кўзнинг рўзаси ёмон, қайтарилган нарсаларга қарамаслик; тилнинг рўзаси ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплар, хусумат, мақтанчоқлик, бефойда – лағв сўзлардан тийилиб, Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул бўлиш; қулоқнинг рўзаси эшитиш мумкин бўлмаган барча нарсаларни эшитмаслик; қўл ва оёқларнинг рўзаси гуноҳ ишларга боришдан ва уларни қилишидан сақланишдир”.
Демак, ана шу ишларни жойига келтириб бажара олган одам рўзасини мукаммал тутиб, гуноҳларидан фориғ бўлади ҳамда кўпдан-кўп савоблар топади.
Рисолада рўзанинг бирча жиҳатлари қамраб олинган ва мавзулар бўйича ёритилган. Рўзага оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар билан бошланган рисола рўзанинг тиббий фойдалари билан давом эттирилган. Рўзанинг фарзлари, рўзани бузадиган, бузмайдиган ҳоллар; рўзани қасдан бузишнинг каффорати, рўзадорга макруҳ амаллар, рўза тутмасликка узрли ҳоллар, узрлилар; рўзадор ахлоқи; Қадр кечасининг фазилати, фитр садақаси, Ҳайит намози, рўзага доир фатволар ҳақида атрофлича маълумотлар берилганидан сўнг рисола рўзага доир савол-жавоблар ҳамда рамазон маълумотномаси билан ниҳоясига етказилган.
Рисола рўзасини чиройли тутишни ният қилиб турган мўмин-мусулмонлар учун ниҳоятда ажойиб қўлланма вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.