Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Муқаддас динимиз ва илм-маърифат фидойиси

7.08.2023   1383   17 min.
Муқаддас динимиз ва илм-маърифат фидойиси

 

Улуғ инсон эдилар. Билими, меҳнатсеварлиги, камтаринлиги билан элимизда обрў топган эдилар. Бу бало бутун дунёга азоб олиб келди, қанча йўқотишлар бўлаяпти. Қўлимиздан келган ҳамма ҳаракатни қилдик. Лекин Аллоҳнинг иродаси экан. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. У кишини яхши ном билан эслаб, ишларини давом эттириб, руҳларини шод қилайлик”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Муқаддас Ислом дини дунёга ёйила бошлаганиданидан сўнг Ер юзининг турли бурчакларидан, айниқса, Марказий Осиё минтақасидан бу соҳада шундай улуғ алломалар етишиб чиқдики, уларнинг заҳматли изланишлари туфайли  маънавий-маърифий  соҳалардаги уйғонишлар инсоният ҳаётини тубдан янгилаб, ижобий томонга ўзгартириб юборишга хизмат қилди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар”, деган сўзлари Усмонхон Темирхон ўғли Алимов сингари кенг билимли, инсоний фазилатлари юксак уламоларнинг жамият ҳаётидаги ўрни нечоғли беқиёс эканини кўрсатади.

Усмонхон Алимов нақшбандийлик таълимотини ривожлантириб, тариқат аҳли вазифалари, подшоҳлар, амалдорлар билан муносабат қоидаларини баён қилган ҳолда уларни халққа яқинлаштириш мақсадини илгари сурган Саидаҳмад ибн Жалолиддин – Махдуми Аъзамнинг авлодларидан эдилар. Бир неча йиллар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раислик қилган муфтий Усмонхон  Алимовнинг ҳаёт йўли Муқаддас Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ кечгани барча мусулмонлар учун ибрат намунасидир.

Ислом динининг муқаддас китоби “Қуръони Карим” оятларидаги ҳар бир сўз, ифода, белгини нозик дид билан илғаб, уни халққа етказиб бера оладиган улуғ олимлар, уламолар йўлчи юлдузга ўхшайди. Алихонтўра Соғуний, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф юз йиллар чегарасидаги диний бўшлиқларни тўлдириб турган бўлсалар, уларнинг ишини давом эттирган Усмонхон Алимовнинг ҳаёти ва фаолияти юртимиздаги кейинги йиллардаги ўзгаришларга, ислоҳотларга тўғри келади. Шу даврда Исломнинг бош китоби Қуръони Карим, балки Ҳадиси Шариф ҳамда фиқҳга доир ноёб асарлар ўзбек тилига ўгирилиб, халқимизга етказиб берилиши оммавийлик тусини олди.

Усмонхон Алимов 1950 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида  дунёга келди. Бу чоқда диний илмларга эътибор берилмас эди. Бошқаларни қўя туринг, ҳатто миллатдошларимизнинг аксрияти  ҳам муқаддас динимизга оид қарашларни мавҳум чўпчаклардан ўзга нарса эмас, деган номақбул қарашларда дин пешволарига беписанд муомала-муносабат қилиш ҳоллари ҳам бот-бот учраб турарди. Шу сабабли, бўлғуси уламонинг юксак иқболи ҳақида у кезларда сўз очиш мушкул эди. Аммо оила муҳити, тўғри олиб борилган таълим-тарбия болалик кезларидаёқ Усмонхон Алимовнинг онгида ҳақ ва ноҳақлик, адолат ва адолатсизлик, ҳалол ва ҳаром тушунчаларини бир-биридан ажратиб олишга ўргатди. Табиатидаги ҳалимлик унинг илмга чанқоқлигини акс эттириб тургандек бўларди.

Марказий Осиёнинг азалдан диний савод чиқариш маркази сифатида юртимиздаги айрим ҳудудларда яширин ташкил қилинган ҳужралар ўша кезларда пинҳона ишларди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядан толиблар келиб сабоқ олишарди. Усмонхон Алимов эса бунақа жойларда эмас, Бухоро шаҳридаги машҳур Мир Араб мадрасасига бориб ўқишни орзу қиларди. 500 йиллик тарихга эга Мир Араб мадрасасининг нафақат шарқ ислом маънавияти, балки бутун жаҳон илм-маърифатига қўшган улкан ҳиссасини яхши билган Усмонхон Алимов орзуси ушалиб, бу даргоҳда таҳсил олиш унга насиб этди. Шаҳобиддин Маржоний, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,  Оллошукур Пошшозода, Талгат Тожуддин, Аҳмад Қодиров каби Ислом олами мўътабар уламолари ҳам мана шу мадрасада таълим олишган эди.

Меҳри дарё, теварак-атрофдагиларга мулойимлик билан муносабатда бўладиган Усмонхон Алимов илм эгаллаш, одамларни тўғри йўлга бошлаш масалаларида ёшлик кезларидаёқ қатъиятли эди. У  масъулиятни теран ҳис этар, ҳукмрон мафкура сиёсати туфайли халқимиз узилиб қолган муқаддас Ислом динининг фазилатларини тушунтиришда илмнинг юксак аҳамиятини теран англарди. Аллоҳнинг ҳар бир каломи ўша замондаги вазиятнинг айнан кўзгуси каби унинг қалбида акс-садо берарди. Хўш, шундай экан, бундай зиён, бахтсизликдан чиқишнинг йўли ҳам асрлар давомида аждодларимизнинг қон-қонига сингиб кетган шу муқаддас динимизнинг ўзида эмасми? Ҳа, шундай, “Аср” сурасининг сўнгги 3-ояти “Магарам иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир)”, деган каломнинг ўзиёқ илмга чанқоқ Усмонхон Алимовнинг қалбини ёриштириб юборарди.  Инсон икки дунёда бадбахт бўлиб қолмаслиги учун Аллоҳга иймон келтириши, солиҳ амаллар қилиши, Ҳақ билан бўлиши, сабрга чақириши кераклигининг мазмун-моҳиятида бутун дунё илму ҳикмати жо бўлганини у билиб олганди. Ҳа, муқаддас каломнинг ҳар бир сўзи, ҳарфи, белгиси оламжаҳон маъно-мазмун ташишини англаш учун яна билимини оширмоқ керак. Шу мақсадда Усмонхон Алимов Мир Араб мадрасасидан сўнг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олди. Ўз олдига қўйган мақсадни сидқидил билан бажаришга киришиб, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида  имом ноиби, кейинроқ имом-хатиб вазифаларида фаолият юрита бошлади. Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, юртимизда дин софлигини таъминлаш, уни ниқоб қилиб ўз сиёсий найрангларини ўтказмоқчи бўлган ғайриинсоний кучларга қарши маънавий кураш олиб бориш, турли фирқаларга бўлинишдан асраш, соф ислом маърифатини кенг тарғиб этишда Усмонхон Алимов  жонбозлик кўрсатди.  

Ислом динининг асл қадриятлари, Муҳаммад ал-Бухорий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғларнинг маънавий бойликларини қайта тиклашда беқиёс ҳисса қўшган, Ислом уммати ва ўз халқига кўп хизмат қилган уламо Усмонхон хазрат Aлимов ўз ҳаётини атеистик тузум даврида қурий деб қолган маънавий ҳаёт идишларини тирик мазмун билан тўлдириш, янги авлод имомлари, уламолари ва Қуръон ҳофизларини тарбиялашга бағишлади”.

Муфтий шайх  Равил ГАЙНУТДИН,

Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси

ва Россия муфтийлар кенгашининг раиси,

Россия  Федерацияси Президенти ҳузуридаги

Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси 

Бу даврда бутун дунёда исломлашиш тўлқини бошланган эди. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолмади.  Масжидлар сони 80 тадан мустақиллик йиллари бошида  8000 га етди. Асрлар давомидаги истибдод кишанлари парчаланиб тушди. Халқимизнинг азалий қадриятлари яна ўз ўзанларига қайтди. Диний қадриятлар тикланди. “Қуръони Карим”, Ҳадиси Шарифнинг ўзбек тилидаги нусхалари пайдо бўла бошлади. Аҳолининг диний савияси юксалиб бориши инобатга олиниб, муфассал тафсирлар дунё юзини кўрди. Республикамизнинг турли ҳудудаларида жойлашган азиз-авлиёларнинг, буюк зотларнинг мақбаралари тикланиб, таъмирланиб қадамжоларга айлантирала бошланди. Бу, албатта, буюк муҳаддис Имом Бухорий номи билан аталган жоме масжиди имом-хатиби зиммасига, айниқса, юксак масъулият юклар эди. Чунки, юртимиз озодликка эришгач, дунёга юз очди. Жаҳоннинг турли мамлакатларидан Имом Бухорий хоку туробини кўзга суриш орзусидаги минг-минглаб мўмин-мусулмонлар улуғ муҳаддис таваллуд топган заминни ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўлган эдилар. Усмонхон Алимов  ўзини “Имом Бухорийнинг ходими” деб ҳисоблар ва бундай шарафли ном билан доимо фахрланар эди. У муҳаддислар султони бўлмиш буюк бобомизнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида юртимизда биринчилардан бўлиб “Имом Бухорий баракоти” асарини ёзган етук уламо эди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори Усмонхон Алимов 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланди. Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалади. Бундай дунёвий эътибор, эътироф бежиз бўлмай, у зот исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган беназир олим эди. Унинг қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” асари Қуръони Карим маъноларини она тилимизда маҳорат билан акс эттирган муҳташам дурдонадир. Усмонхон Алимовнинг “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис”, “Илмнинг фазилати”, “Эҳсоннинг фазилати” каби асарлари бебаҳо дурдоналардир. Улар халқимиз маънавияти ва маърифатини бойитишга беминнат хизмат қилиб, ёшларимизнинг таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёв томонидан олиб борилган ислоҳотлардаги халқ манфаатлари тушунчасига Ислом дини мақсадлари ҳартомонлама мос эканини тушунтириб, дин пешвоси сифатида у киши жамиятимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашга беназир улуш қўшганини ҳам унутиб бўлмайди.

Маълумки, халқ уламоларнинг айтаётган сўзлари-ю ўқиётган ваъзларига ўзлари қандай амал қилаётганликлари, ўзларини қандай тутаётганликлари, одамлар билан муносабатларига қараб баҳо беради. Жамиятнинг маънавий-ахлоқий мезонлари улар сиймосида кўзгуда кўринаётгандек аксланади. Усмонхон Алимов бу жиҳатдан ҳам барчага ибрат намунаси, ҳалимлик ва беозорлик одобига амал қилиб қоронғи йўлларни ёритувчи юлдузи ёруғ уламо эди. Имоми Табароний ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз с.а.в шундай деганлар: “Ҳалимлик қилган киши дунё ва охиратда улуғ бўлади”. Оилада, фарзандлар тарбиясида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган кундалик муносабатда вазминлик ва ҳалимликни ўзларига одат қилган Усмонхон Алимов ана шундай улуғликка эришган юксак инсоний фазилатли инсон эди. Самимий, доно, тақводор, камтар ва дуогўй олим эди. Оғир, фитнали, мунозарали вазиятларда ҳам босиқлик ва донолик билан иш юритар, адолат билан қарор қабул қиларди. У киши юртимизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, масжидларда намозхонлар билан учрашиб, улар билан диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида дилдан суҳбатлар қура оларди. Одамлар ҳам ўзларини қийнаган муаммоларни бемалол у кишига айта олар эди. Оддий одамларнинг ташвишларини ўз ташвиши каби билиб уларни тинглай олиш юксак фазилат, аҳли илмнинг маданияти даракчиси экани у кишининг ҳаётий шиори эди.

“Муфтий ҳазратлари – Усмонхон Алимов жуда меҳрибон, айниқса, аёлларнинг ҳурматини жойига қўядиган инсон эдилар. У киши устозларнинг дуоларини олишни одат қилган эдилар. Кечагидек эсимда: 2006 йилнинг август ойида муфтийлик вазифасига тайинланганларида муфтий ҳазратлари Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Юсуфхон Шокиров каби устозларининг хонадонларига ташриф буюриб, дуоларини олишни ният қилган эканлар, - деб ёзганди бу бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси Марямхон Абдуллаева. -  Ўшанда бизнинг ота уйимизга ҳам келгандилар. Шу куни ҳазрат узоқ йиллар давомида диний идорада фаолият юритган отамиз Абдулғани Абдуллоҳни эслаб ҳақларига дуо қилдилар. Бу ташриф хотирамда мангуликка муҳрланди. Менга муфтий ҳазратлари билан бирга ишлаб, дуоларини олиш бахти насиб қилди. Ҳазрат идорада барча ходимларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлардилар. Биз у кишига бирор жойда дуч келиб қолсак, беэътибор ўтиб кетмас, албатта, тўхтаб: “Яхшимисиз, оилангиз тинчми, фарзандларингиз яхши юришибдими?” деб ҳол-аҳвол сўрар ва дуо қилар эдилар”.

2006 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида фаолият кўрсатган Усмонхон Алимов диний-маърифий соҳалардаги ислоҳотларга етакчилик қилиб, зиёратгоҳлар барпо бўлишига, обидалар таъмирланишига муносиб ҳисса қўшди. Қорақалпоғистонда  “Имом Эшон Муҳаммад” масжиди, Хоразмда “Охун бобо” масжиди, Тошкентда “Сузук ота” масжидини катта мажмуа шаклида бунёд этилгани, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилди. Термизда Имом Термизий,  Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари; Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказлари иш бошлади. Юртимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши шарофати билан диёримиздан етишиб Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар асарларини жиддий ўрганиш имкони яратилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сўнгги йилларда амалга оширилган диний соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, янги мадраса ва масжидларнинг очилиши, Қуръон ўқитиш курсларининг ташкил қилиниши, Қуръони каримнинг араб ва ўзбек тилларида чоп этилиши, идора қошида ахборот марказининг ташкил этилиши, “Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолиятини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларнинг мустаҳкамланиши каби хайрли ишларда муфтий ҳазратнинг хизматлари катта бўлди.

Ўзбекистон Ислом маданияти ва маърифатининг дунё нигоҳидаги марказига айланди. Халқаро анжуманлар, диний тадбирлар тез-тез ўтказиб туриладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди ва бу муҳим ҳужжат кўплаб мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватлангани ҳолда қабул қилинди. Ислом маърифати соҳасида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатни дунё уламоларига етказишда  Усмонхон Алимовнинг хизматлари беқиёс бўлди. Озарбайжон, Россия, Украина, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ирландия, Германия ва бошқа давлатлар ҳамда диний конфессияларнинг олиму уламолари иштирокида юртимизда ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжуманида Усмонхон Алимов “Тинчликни қадрлаш – олий фазилат” мавзуида нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деган эди: “...инсоният мураккаб тараққиёт жараёнини бошидан кечираётган ҳозирги даврда, ислом динининг турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, уларни маънавий ва руҳий жиҳатдан яқинлаштириш, зулм ва зўравонликка қарши биргаликда курашга, ҳамжиҳатликка даъват этишда беқиёс аҳамият касб этади”.

Усмонхон Алимов обрў-эътибори нафақат Ўзбекистонда, балки дунё уламолари наздида ҳам улуғ эди.

Усмонхон Хўжа билан мени кўп йиллик дўстлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб турар эди. У, Озарбайжоннинг дўсти, мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар тарафдори сифатида халқимиз томонидан тан олинган ва чуқур қадрланадиган шахслардан бири эди. Ислом маърифатчилиги даъватини қўллаб- кувватлаган ташкилотлар орасида Ўзбекистан мусулмонлари идораси ва унинг раиси, азиз биродарим, муфтий Усмонхон Алимовнинг алоҳида ўрни бор эди. Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳаёти ва хизмати билан Муқаддас Китобимизга содиқ бўлганлар орасидадир”.

Шайхулисломи Оллошукур ПОШШОЗОДА, 

Кавказ мусулмонлари идораси раиси 

Албатта, халқ эътирофи, одамлар меҳри уламо учун катта мукофоб бўлган эса-да, у кишининг хизматлари давлат томонидан ҳам муносиб тақдирлаб борилди. Давлатимиз ва халқимиз олдидаги унутилмас хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Усмонхон Алимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони асосида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган эдилар. Россия Федерациясининг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси эса Ҳазратга Ислом дини маърифатини тарқатиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлари учун “Кумуш ярим ой” медалини муносиб кўрди.

    “Шайх Усмонхон Темирхон ўғли роҳимаҳуллоҳ етмиш бир ёшда бўлишларига қарамай бор куч-қувватларини аямай Ислом динини тарғиб этишга сарфладилар. Бу юртда жуда буюк уламолар ўтишган, шайх ҳазратлари уларнинг илмларига жило бердилар. Бу номларнинг йўқолиб кетмаслигига интилганлар”.

Абдулло ҲАШХАНОВ,

Чеченистон Республикаси Шали шаҳридаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам номидаги энг йирик жоме масжид имом-хатиби

Ҳаёт барчага баробар муносабтда бўлса, ўлим яхшиларни олдинга чиқаради, деган гап бор. Усмонхон Алимов ҳаётлик вақтларида ҳам олдинда: юртимиз тинчлиги, осойишталиги учун ибрат кўрсатиб яшадилар. 2021 йил 15 август куни оғир хасталикдан сўнг Москва шаҳрида вафот этганларида эса нафақат ўзбек халқи, Ислом олами қайғуга ботди.Ўшанда Қирғизистоннинг Ўш шаҳри қозиси, машҳур уламо Убайдулла ҳожи домла Сарибаев “муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари Марказий Осиё давлатлари муфтийлари пешвоси”, дея ҳамдарлик изҳор этган эди.

“Биз, албатта, Aллоҳникимиз ва Унгагина қайтамиз”, деган ақийдадамиз (Бақара сураси, 156-оят). Улуғ инсон Усмонхон Алимов халқ ҳузуридаги ибратомуз ваъзларида, ёзган китобларида ўзлари бот-бот такрорлаган шарафга эришдилар. У киши кетмадилар – у киши Унга қайтдилар.

Шойим БЎТАЕВ

(“Халқ сўзи”).

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дажжол ҳозир жазийрада, темир билан боғланган

25.11.2024   1840   12 min.
Дажжол ҳозир жазийрада, темир билан боғланган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ قَالَتْ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَكُنْتُ فِي صَفِّ النِّسَاءِ الَّتِي تَلِي ظُهُورَ القَوْمِ فَلَمَّا قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاتَهُ جَلَسَ عَلَى الْمِنْبَرِ وَهُوَ يَضْحَكُ فَقَالَ: «لِيَلْزَمْ كُلُّ إِنْسَانٍ مُصَلَّاهُ»، ثُمَّ قَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ لِمَ جَمَعْتُكُمْ»؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «إِنِّي مَا جَمَعْتُكُمْ لِرَغْبَةٍ وَلَا لِرَهْبَةٍ وَلَكِنْ جَمَعْتُكُمْ لِأَنَّ تَمِيمًا الدَّارِيَّ كَانَ رَجُلًا نَصْرَانِيًّا فَجَاءَ فَبَايَعَ وَأَسْلَمَ وَحَدَّثَنِي حَدِيثًا وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْ مَسِيْحِ الدَّجَّالِ حَدَّثَنِي أَنَّهُ رَكِبَ فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ مَعَ ثَلَاثِينَ رَجُلًا مِنْ لَخْمٍ وَجُذَامَ فَلَعِبَ بِهِمُ الْمَوْجُ شَهْرًا فِي الْبَحْرِ وَأَرْفَئُوا إِلَى جَزِيرَةٍ فِي الْبَحْرِ حِينَ مَغْرِبِ الشَّمْسِ فَجَلَسُوا فِي أَقْرُبِ السَّفِينَةِ فَدَخَلُوا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْهُمْ دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعْرِ لَا يَدْرُونَ مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقَالُوا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ فَقَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ قَالُوا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ قَالَتْ: أَيُّهَا الْقَوْمُ انْطَلِقُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ، قَالَ: لَمَّا سَمَّتْ لَنَا رَجُلًا فَرِقْنَا مِنْهَا أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً قَالَ: فَانْطَلَقْنَا سِرَاعًا حَتَّى دَخَلْنَا الدَّيْرَ فَإِذَا فِيهِ أَعْظَمُ إِنْسَانٍ رَأَيْنَاهُ قَطُّ خَلْقًا وَأَشَدُّهُ وِثَاقًا مَجْمُوعَةٌ يَدَاهُ إِلَى عُنُقِهِ مَا بَيْنَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى كَعْبَيْهِ بِالْحَدِيدِ، قُلْنَا: وَيْلَكَ مَا أَنْتَ؟ قَالَ: قَدْ قَدَرْتُمْ عَلَى خَبَرِي فَأَخْبِرُونِي مَا أَنْتُمْ، قَالُوا: نَحْنُ أُنَاسٌ مِنَ الْعَرَبِ رَكِبْنَا فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ فَصَادَفْنَا الْبَحْرَ حِينَ اغْتَلَمَ فَلَعِبَ بِنَا الْمَوْجُ شَهْرًا ثُمَّ أَرْفَأْنَا إِلَى جَزِيرَتِكَ هَذِهِ فَجَلَسْنَا فِي أَقْرُبِهَا فَدَخَلْنَا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْنَا دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعَرِ لَا يُدْرَى مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقُلْنَا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ؟ فَقَالَتْ أَنَا الْجَسَّاسَةُ قُلْنَا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ؟ قَالَتِ اعْمِدُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ فَأَقْبَلْنَا إِلَيْكَ سِرَاعًا وَفَزِعْنَا مِنْهَا وَلَمْ نَأْمَنْ أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً، فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: أَسْأَلُكُمْ عَنْ نَخْلِهَا هَلْ يُثْمِرُ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّهُ يُوشِكُ أَلَّا يُثْمِرَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ بُحَيْرَةِ الطَّبَرِيَّةِ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِيهَا مَاءٌ؟ قَالُوا: هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ، قَالَ: أَمَا إِنَّ مَاءَهَا يُوشِكُ أَنْ يَذْهَبَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قَالُوا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِي الْعَيْنِ مَاءٌ وَهَلْ يَزْرَعُ أَهْلُهَا بِمَاءِ الْعَيْنِ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ وَأَهْلُهَا يَزْرَعُونَ مِنْ مَائِهَا، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَبِيِّ الْأُمِّيِّينَ مَا فَعَلَ؟ قَالُوا: قَدْ خَرَجَ مِنْ مَكَّةَ وَنَزَلَ يَثْرِبَ، قَالَ: أَقَاتَلَهُ الْعَرَبُ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: كَيْفَ صَنَعَ بِهِمْ؟ فَأَخْبَرْنَاهُ أَنَّهُ قَدْ ظَهَرَ عَلَى مَنْ يَلِيهِ مِنَ الْعَرَبِ وَأَطَاعُوهُ، قَالَ: قَدْ كَانَ ذَلِكَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّ ذَاكَ خَيْرٌ لَهُمْ أَنْ يُطِيعُوهُ. وَإِنِّي مُخْبِرُكُمْ عَنِّي إِنِّي أَنَا الْمَسِيحُ وَإِنِّي أُوشِكُ أَنْ يُؤْذَنَ لِي فِي الْخُرُوجِ فَأَخْرُجَ فَأَسِيرَ فِي الْأَرْضِ فَلَا أَدَعَ قَرْيَةً إِلَّا هَبَطْتُهَا فِي أَرْبَعِينَ لَيْلَةً غَيْرَ مَكَّةَ وَطَيْبَةَ فَهُمَا مُحَرَّمَتَانِ عَلَيَّ كِلْتَاهُمَا كُلَّمَا أَرَدْتُ أَنْ أَدْخُلَ وَاحِدَةً أَوْ وَاحِدًا مِنْهُمَا اسْتَقْبَلَنِي مَلَكٌ بِيَدِهِ السَّيْفُ صَلْتًا يَصُدُّنِي عَنْهَا وَإِنَّ عَلَى كُلِّ نَقْبٍ مِنْهَا مَلَائِكَةً يَحْرُسُونَهَا»، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَطَعَنَ بِمِخْصَرَتِهِ فِي الْمِنْبَر:ِ «هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ»، يَعْنِي الْمَدِينَةَ «أَلَا هَلْ كُنْتُ حَدَّثْتُكُمْ ذَلِكَ»؟ فَقَالَ النَّاسُ: نَعَمْ، قَالَ: «فَإِنَّهُ أَعْجَبَنِي حَدِيثُ تَمِيمٍ أَنَّهُ وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْهُ وَعَنِ الْمَدِينَةِ وَمَكَّةَ» ثُمَّ قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا إِنَّهُ فِي بَحْرِ الشَّأْمِ أَوْ بَحْرِ الْيَمَنِ لَا بَلْ مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ»، وَأَوْمَأَ بِيَدِهِ إِلَى الْمَشْرِقِ، قَالَتْ: فَحَفِظْتُ هَذَا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: «حَدَّثَنِي تَمِيمُ الدَّارِيُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ نَاسًا مِنْ أَهْلِ فِلَسْطِينَ رَكِبُوا سَفِينَةً فِي الْبَحْرِ فَجَالَتْ بِهِمْ حَتَّى قَذَفَتْهُمْ فِي جَزِيرَةٍ مِنْ جَزَائِرِ الْبَحْرِ فَإِذَا هُمْ بِدَابَّةٍ لَبَّاسَةٍ نَاشِرَةٍ شَعْرَهَا، فَقَالُوا: مَا أَنْتِ؟ قَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ، قَالُوا: فَأَخْبِرِينَا، قَالَتْ: لَا أُخْبِرُكُمْ وَلَا أَسْتَخْبِرُكُمْ وَلَكِنِ ائْتُوا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِنَّ ثَمَّ مَنْ يُخْبِرُكُمْ وَيَسْتَخْبِرُكُمْ فَأَتَيْنَا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِذَا رَجُلٌ مُوثَقٌ بِسِلْسِلَةٍ فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ الْبُحَيْرَةِ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ الَّذِي بَيْنَ الْأُرْدُنِّ وَفِلَسْطِينَ هَلْ أَطْعَمَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ النَّبِيِّ هَلْ بُعِثَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي كَيْفَ النَّاسُ إِلَيْهِ، قُلْنَا: سِرَاعٌ، قَالَ: فَنَزَّى نَزْوَةً حَتَّى كَادَ، قُلْنَا: فَمَا أَنْتَ؟ قَالَ: أَنَا الدَّجَّالُ وَإِنَّهُ يَدْخُلُ الْأَمْصَارَ كُلَّهَا إِلَّا طَيْبَةَ»، وَطَيْبَةُ الْمَدِينَةُ. صَلَّى اللهُ عَلَى سَاكِنِهَا وَسَلَّمَ.

Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб, минбарга ўтирдилар. Сўнг кулимсираб, «Ҳар ким намоз ўқиган жойида қолсин», дедилар. Сўнг у зот сўзларида давом этиб, «Сизларни нима учун тўплаганимни биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дейишди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Сизни жамлаганимнинг сабаби шуки, Тамийм Дорий деган насроний бор эди. У келиб, байъат қилиб, мусулмон бўлди. Сўнг мен сизларга Дажжол Масийҳ ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гапларни айтди. У Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан кемада денгизда сафарга чиққан экан. Тўлқин уларни денгизда бир ой олиб юриб, сўнгра кун ботиш пайтида денгиздаги бир оролга тўхтабди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб, оролга киришибди. У ерда уларга бир ғалати жонивор учрабди. Унинг жуни ниҳоятда кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Улар унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дейишибди. «Мен Жассосаман», дебди у. «Жассоса нима?» дейишибди. «Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», дебди жонивор. Насроний айтади: «У бизга ўша одамнинг исмини айтган эди, «Бу урғочи шайтонмикан», деб қўрқдик. Тез бориб, хилватхонага кирдик. Қарасак, бир одам ниҳоятда маҳкам боғлаб ташланган экан. Бунақанги баҳайбат одамни кўрмаган эдик. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир билан маҳкамланган экан. Унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дедик. «Менинг хабаримни топдингизми? Сизлар кимсизлар?» деди. «Биз араблармиз. Кемада йўлга чиққан эдик, денгизда бўрон турган пайтга тўғри келибмиз. Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб, охири мана шу оролга олиб келиб ташлади. Кейин кемадаги қайиқларга ўтириб, оролга кирган эдик, ғалати бир жонивор учради. У ниҳоятда сержун экан, жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Биз унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» десак, «Жассосаман», деди. «Жассоса нима?» десак, «Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», деди. Шунинг учун тезда сенинг олдингга келдик. Биз ундан қўрқиб, урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик. У: «Менга Байсон хурмосининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Мен унинг хурмосини сўраяпман, у мева қиляптими?» деди. «Ҳа», дедик. «Лекин у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Унинг ичида сув борми?» деди. «Унинг суви жуда кўп», дедик. «Лекин келажакда унинг суви қурийди. Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Ўша булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди. «Ҳа, булоқда сув кўп. Унинг аҳли унинг сувини зироатга ишлатади», дедик. «Менга уммийларнинг Набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди. «У Маккадан кетиб, Ясрибга жойлашди», дедик. «Араблар унга қарши уруш қилишдими?» деди. «Ҳа», дедик. «У уларга қандоқ муомала қилди?» деди. Биз унга у зот ўзига яқин араблардан устун келганларини, улар у зотга итоат қилганини айтдик. «Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у. «Ҳа», дедик. «Унга итоат қилганлари ўзлари учун яхши. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда айтиб берай. Мен масийҳман. Менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилиб, ер юзида сайр қиламан. Қирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай, барига кираман. Фақат Макка билан Тийбага кирмайман, холос. Бу иккиси менга ҳаром қилинган. Улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени қилич яланғочлаб қарши олиб, йўлимни тўсади. Унинг ҳар бир кўчасини фаришталар қўриқлаб туради», деди».

(Фотима) айтади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб, «Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Бу Тийбадир, яъни Мадинадир! Мен сизларга айтганмидим?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. У зот: «Тамиймнинг гапига ҳайрон қолдим. Унинг сўзлари мен сизларга у ҳақда, Мадина ва Макка ҳақида айтган сўзларимга мувофиқ келди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ, машриқ томонда. У машриқ томонда. У машриқ томонда», дедилар, «У» деганларида машриқ томонга ишора қилдилар. Мен буларни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитиб, ёдлаб олганман».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида бундай дейилган: «Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу менга шундай деди: «Фаластин аҳлидан баъзи одамлар кемага миниб, денгизга чиқишган экан. Денгиз уларни айлантириб, олиб бориб, денгиздаги ороллардан бирига отибди. Бирдан уларнинг олдидан нималигини билиб бўлмайдиган, жунлари ёйилган жонивор чиқиб қолибди. Улар унга «Сен нимасан?» дейишса, «Жассосаман», дебди. Улар: «Бизга хабар бер», дейишибди. «Мен сизларга хабар ҳам бермайман, сизлардан хабар ҳам сўрамайман. Лекин сизлар қишлоқнинг чеккасига боринглар. Ўша ерда сизга хабар берадиган, сиздан хабар сўрайдиган кимса бор», дебди. «Кейин биз қишлоқнинг четига бордик. Қарасак, занжир билан боғланган бир киши турибди. У: «Менга Зуғар булоғининг хабарини беринглар», деди. «У сувга тўла», дедик. «Менга кўлнинг хабарини беринглар», деди. «У ҳам сувга тўла», дедик. «Менга Урдун билан Фаластин орасидаги Байсон хурмозори хабарини беринглар. У мева бердими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга Набийнинг хабарини беринглар, у юборилдими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга одамлар унга нисбатан қандоқ эканликларининг хабарини беринглар», деди. «Улар у зотга ошиқмоқдалар», дедик. Шунда у шунақанги қаттиқ силкиндики, сал бўлмаса бўшалиб кетай деди. Шунда биз унга «Сен нимасан?» дедик. У ўзининг Дажжол эканлигини, Тийбадан бошқа барча шаҳарларга киришини айтди. Тийба – Мадинадир».

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан