Ушбу суратда Ойдан келтирилган тупроқ намунаси кўриниб турибди. Тупроқни ўрганаётган олимлар “Бу парчада олимларни ҳайратда қолдирадиган ҳодиса бор” дедилар. Бу ҳодиса кечалари Ойнинг кучли ёруғлик таратиши ва бунга сабаб бўлувчи нарсалардир.
Ҳаммамизга маълумки, Ой ўзидан ёруғлик ишлаб чиқармайди, балки Қуёшдан келадиган ёруғлик ва иссиқликни Ерга қайтаради. Шунинг учун нурли диск бўлиб кўринади.
Буни қарангки, Ой тупроғида Қуёш нурлари таъсирида электронлар пайдо бўлар экан. Қуёш нурлари Ой сиртига тушганда, унинг тупроғи электр заррачалари билан зарядланади. Бу эса тупроқнинг таъсирланишига, қўзғалишига ва Қуёш нурини кўпроқ ва кучлироқ қайтаришга сабаб бўлар экан. Бу ҳодисага Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср олдин ишора қилган:
وَجَعَلَ الْقَمَرَ فِيهِنَّ نُوراً وَجَعَلَ الشَّمْسَ سِرَاجاً
“Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини кўрмадингизми?” (Нуҳ сураси, 16-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда Ойни нур таратувчи, Қуёшни эса чироқ қилиб қўйганини айтган. Яъни Қуёш ўзидан иссиқлик ва ёруғлик ишлаб чиқаради ва атрофга ўша ёруғликни тарқатади. Ойга етиб келган ёруғлик эса Ерга нур бўлиб қайтади.
Олимлар илм-фан тараққий этган ҳозирги асримизда аниқлаган илмий ҳақиқатга Қуръони Карим бундан 1400 йил олдин ишора қилиб, айтиб қўйгани Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи эканлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг ҳақ Пайғамбари эканликларига яққол далилдир!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД