Озарбайжонда “Ҳалол” сертификатини тақдим этиш механизми ишлаб чиқилади ва ҳаётга тадбиқ этилади. Бу ҳақда islam.az сайти, "Озарбайжон Республикасининг 2019-2025 йилларга мўлжалланган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат дастури"га иқтибосан хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, ушбу фаолият Давлат монополияга қарши курашиш ва истеъмолчилик бозори устидан назорат қилиш агентлиги, Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги ва мамлакат иқтисодиёт вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Кавказ мусулмонлар идорасига ушбу механизмни тайёрлашда иштирок этиш тавсия этилган. Механизмни шакллантириш 2020 йилда якунланиши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 8 январь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати