Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Хатм» тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради. «Хатми Қуръон» деганда Қуръони Каримни бошдан-охир тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. Шунингдек, Қуръонни ўзи нозил бўлган тилда – араб тилида ўқиб чиқилгандагина, хатми Қуръон қилган ҳисобланади, таржима ё тафсирини ўқиб чиқиш, гарчи буюк ажру савобларга эга амал бўлса‑да, хатми Қуръон саналмайди. Чунки Қуръоннинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ таолодан. Уни бошқа тилга ўгирилганда маъноси ифода топса ҳам, лафзи ўзгаради, бузилади ва Қуръонлиги йўқолади.
Хатми Қуръон қилиш суннат амалдир. Қуръони Каримни умуман ўқимаслик, уни беэътибор ташлаб қўйиш энг катта гуноҳлардан бўлиб, у «Қуръонни ҳажр қилиш» дейилади. Бу гуноҳдан омонда бўлиш учун Қуръонни хатм қилиб туриш керак бўлади.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади:
«Яна Расул: «Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни ҳажр этдилар», деди» (30‑оят).
«Ҳажр» бир нарсани тарк этиш, бепарво ташлаб қўйиш, юз ўгириш, яккалаш маъноларини англатади. Оятнинг зоҳирий маъносида мушрикларнинг Қуръонга қулоқ тутмай, ундан юз ўгирганлари назарда тутилган бўлса‑да, унинг мазмунини қироат имомлари кенгроқ тушунишади. Айрим уламолар бундай дейди: «Қуръонни ҳажр қилиш беш хил бўлади:
1. Уни тинглашни ва ўқишни ташлаш;
2. Унга амал қилишни ташлаш, ҳалол‑ҳаром ҳақидаги ҳукмларига эътибор бермаслик;
3. Эътиқод ва амалда уни ҳакам қилмаслик;
4. Уни тадаббур қилишга, фаҳмлашга қунт қилмаслик;
5. Қалбий ва жисмоний касалликларда ундан даво изламаслик».
Ушбу ҳажр турларининг барчаси мазкур оят остига киради, гарчи уларнинг бирининг гуноҳи бошқасиникидан енгилроқ бўлса ҳам. Ҳажрнинг кейинги тўрт тури Қуръони Каримнинг маъноларини тушунишга ҳаракат қилишни ҳам тақозо этади.
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири бўлмиш «Фатовои ҳиндия» номли асарда: «Ким Қуръонни йилда бир марта хатм қилиб турса, Қуръонни ҳажр қилган бўлмайди», дейилган.
«Қуръонни хатм қилиш» деганда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Қуръонни бир четдан тўлиқ эшитиб чиққан киши ҳам хатм қилганлик савобига эга бўлса‑да, уни хатм қилди, дейилмайди.
«Хатми Қуръонга марҳабо!» китобидан
Манба: https://islom.uz
Мен иш столимга ўтириб, ўйга толиб қолдим. Кўзларим бирдан қоғозлар устидан турган қандайдир кичик бир нарсани кўриб қолди, у кунжут донасидай кичик эди. Ўзимча: "Фаррош столни яхши тозаламаган кўринади", деб ўйладим. Бармоқларимни узатиб, уни четга суриб ташлашга уриндим. Аммо ўша "кунжут донаси" қўлимдан қочиб, ҳавода учиб кетди. Шунда тушундимки, бу кичкина капалак экан. Эҳтимол, у ухлаётган ёки ҳорғин ҳолда дам олаётган бўлган, менинг қўлим яқинлашганини ҳис қилганида учиб кетди. Қизиғи, мен унинг қанотларини ҳам кўра олмадим. Унинг қанотлари шу қадар нозик эдики, гўё кўзга кўринмас эди! Ҳатто унинг боши қаерда, дум қисми қаерда – буни ҳам ажратиш қийин. Унда ҳаёт учун зарур бўлган барча тизимлар мавжуд, аммо инсон кўзи уларни кўра олмайди.
Ўзимча ўйладим: "Аммо унинг Яратувчиси уни кўради, озиқлантиради, сув бериб яшаш учун керак бўлган барча нарса билан таъминлайди!".
Шундан сўнг фикрларим узоққа кетди. Шу кичкина капалакларни яратиб, ҳавода парвоз қилдирган Зот осмон ишларини ҳам бир зум бўлса-да назоратсиз қолдирмайди. У учиш қобилиятини фақат капалакларга эмас, балки катта сайёраларга ҳам ўз орбиталари атрофида айланиш қобилиятини ато этган. Сайёралар ўз йўлидан оғишмайди ҳам, чалкашмайди ҳам. Аллоҳ таолонинг бир иш билан машғул бўлиши, Уни бошқа ишдан чалғитмайди.
Аллоҳ таоло айтади: "У (бир вақтнинг ўзида) ерга кириб борадиган ва у ердан чиқиб келадиган, осмондан тушадиган ва унга чиқиб кетадиган нарсаларни билади. У раҳимли ва мағфиратли Зотдир" (Саба сураси, 2-оят).
Ўзимга савол бердим: "Нега мен бу кичик капалак ҳақида бунча ўйладим?".
Билганимиздек, СПИД вируси (ОИВ) капалакдан етмиш минг марта кичик бўлса-да, гуноҳкорларнинг танига кириб, уларни қувватсизлантиради, шифокорларни ожиз қолдиради ва илмни ҳам лол қолдиради.
Биз инсонлар учун Аллоҳнинг яратиш ҳикматини кузатиб, Унинг сифатларини билиб олиш жуда зарур. Биз олдимиздаги, ортимиздаги, устимиздаги ва остимиздаги барча нарсаларнинг яратилиш сирларини ўрганишга муҳтожмиз. Агар биз бир-биримиз билан Аллоҳнинг яратиш қудрати ва унинг асарлари ҳақида суҳбатлар қурсак, мана шу мажлислар фаришталар излайдиган зикр мажлислари бўлади. Бундай мажлисларга фаришталар қувонч билан иштирок этишади.
Ҳадиси қудсийда бундай дейилади:
"Аллоҳнинг шундай фаришталари борки, улар ер юзини кезиб, зикр аҳлини қидиришади. Агар Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўрсалар, бир-бирига: "Келинглар, сизлар қидирганлар бу ерда!" – деб айтадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Фаришталар уларни ўз қанотлари билан осмонгача ўраб оладилар".
Аллоҳ таоло фаришталардан сўрайди (ҳолбуки У ҳаммасини яхши билади):
– "Бандаларим нима дейишмоқда?"
Фаришталар:
– "Сенга тасбеҳ айтишмоқда, Сени улуғлашмоқда, Сенга ҳамд айтишмоқда ва Сени буюк деб билмоқдалар", – деб жавоб беришади.
Аллоҳ таоло сўрайди:
– "Мени кўрганмилар?"
Фаришталар айтишади:
– "Йўқ, улар Сени кўрган эмаслар".
Аллоҳ таоло айтди:
– "Агар мени кўрсалар, нима қиладилар?"
Фаришталар айтишади:
– "Агар Сени кўрсалар, улар янада кучлироқ ибодат қилишар, Сени янада кўпроқ улуғлашар, янада кўпроқ ҳамд айтишар ва янада кўпроқ тасбеҳ айтишар эди"...
Аллоҳни яқиндан таниш учун тафаккур қилиш ибодатларнинг энг аълоси ва асосий кўринишидир. Қуръонда бундай дейилади: "(Улар) Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида ҳам зикр қилишади ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилишади: "Эй Парвардигоримиз, Сен бу (осмонлару ерни) беҳуда яратган эмассан. Сени (бундай нуқсонлардан) пок деб билдик. Бизларни дўзах азобидан сақла", деб дуо қилишади (Оли Имрон сураси, 191-оят).
Зикр – бу онг ва ақлнинг жиддий вазифаси, у кишини ердан осмонга кўтаради. Ҳозирги замон кишилари икки тоифага бўлинади: бир тоифаси Аллоҳни тан олмайдиган атеистлардир, улар бир куни Аллоҳ билан рўбарў бўлишларига ҳам ишонмайдилар. Иккинчи тоифаси эса, Аллоҳни зикр қилишни билмайдиган ва буни ўзгаларга ўргата олмайдиган мусулмонлардир. Улар Аллоҳни танийдилар, аммо бу таниш фақат юзаки бўлиб, уларнинг на қалбларини поклайди ва на тарбияларини тўғрилайди.
Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг "Аччиқ ҳақиқат" китобидан
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ таржимаси