Рамазон ойи анча яқинлашиб қолди. Бу ойнинг улуғлигини ҳамма билади. Бу ойда қилинадиган амалларнинг савоби бошқа ойларникига қараганда кўпайтириб берилишини ҳам барчамиз яхши биламиз. Нақадар баракотли ой экани ҳеч кимга сир эмас. Хўш, мана шундай улуғ ойни қандай ўтказмоқчисиз?
Қисқа муддатли ой
Рамазон ойи 30 кун ёки 29 кундан иборат. Йилга қиёслаганда жуда оз. Шу бир ойни тоат, поклик, зикр, тиловат билан ўтаказа олмаймизми? Аллоҳнинг изни ва ёрдами билан ўтказа оламиз. Бу муборак ойнинг ҳар бир сониясини ғанимат билайлик! Бир сониямиз ҳам зикрсиз ўтмасин! Зеро, рўзадор одам зокир ҳисобланади.
Савоблар кўпайтириб бериладиган ой
Бу ойда ҳар бир солиҳ амалнинг савоби кўпайтириб берилади. Бунинг учун ўша амаллар риёдан холи бўлиши керак. Нафлга фарзнинг, фарзга бошқа ойлардаги етмишта фарзнинг савоби берилиши айтилган. Шу боис ҳамма ўзини ибодатга, садақага, эҳсонга уради. Кўп савоб ишлаб олишга интилади. Келиинг, бу ойда дангасаликни йиғиштириб, енгини шимариб, белни маҳкам боғлаб, ибодатни, солиҳ амалларни кўпроқ қилиб олишга уринайлик! Ҳадислардан бирида: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейилган.
Ҳа, рўзанинг савоби улуғ. Бошқа ибодатларнинг савоби, мукофоти, даражаси ҳақида ҳадисларда айтилган. Масалан, намозни жамоат билан ўқиса 27 даража кўп савоб, ҳажга борганда одамлар билан талашиб-тортишмаса, гуноҳ қилмаса, онасидан туғилгандек пок бўлиб қайтади. Аммо рўзанинг савоби қанчалигини, мукофоти нақадар улканлигини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.
Бошқа ишларни камайтиринг!
Ғанимат ойда кўпроқ солиҳ амал қилиб қолиш учун бошқа ишларни бироз камайтирайлик! Улфатлар билан гаплашиш, телефонларни кавлаш, интернетдан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда соатлаб ўтириш, турли суҳбатлар билан вақт ўтказиш, телевизор кўриш, кўчаларни кезиш, истироҳат боғларига бориш, кўнгилочар масканларга ташриф буюриш ва бошқа шу кабиларни озайтириб, тоатга киришайлик! Вақтларимизни беҳуда совурмайлик! Зеро, бу ой тезда ўтиб кетади. Кейин афсус қилиб қолмайлик!
Ҳадиси шарифда шундай ривоят келган: “Фаришта Жаброил алайҳиссалом: “Эй Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойи кириб, гуноҳлардан пок бўлмаган киши хор бўлсин” –деди.”Ва мен :”Омин”- дедим”.
Инсоний алоқалар
Бу ойда ота-оналаримиз, қариндошларимиз, қўшниларимиз ва бошқа диндошларимизга кўпроқ эътибор берайлик!
Ота-онамизнинг хизматларини қилиб, дуоларини олишга бу ойда кўпроқ интилайлик! Ифторлик, саҳарликларига шароитларни яхшилаб берайлик! Отамизнинг барча намозларга, таровеҳга масжидга боришлари учун қулайлик қилиб берайлик! Ўзимиз бирга бориб, бирга қайтайлик!
Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш – силаи раҳмни бу ойда кучайтирайлик! Қариндошларнинг орасида ночорлари, етимлари бўлиши мумкин. Уларнинг шароитини яхшилашга, муаммо ва ғамларсиз, инсонларга муҳтож бўлмай рўза тутишларига имкон қилиб берайлик! Бу ишда кўп савобларга эришамиз. Яъни садақанинг савоби, силаи раҳмнинг савоби ва Рамазоннинг баракаси сабабли улкан ажрларга сазовор бўламиз.
Бизнинг зиммамизда қўшниларимизнинг ҳақлари ҳам бор.
Агар қўшнимиз қариндош, мусулмон бўлса, зиммамизда учта ҳаққи бўлади. Мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳаққи. Бизнинг яхшиликларимизга қариндош қўшнилар кўпроқ ҳақли бўлади.
Кейинги ўринда қариндош бўлмаган мусулмон қўшнимиз туради. Уларнинг ҳаққи мусулмонлик ва қўшниликдан иборат. Уларга ёрдам бериш ҳам кўп савобга эришишимизга сабаб бўлади.
Охиргиси эса мусулмон бўлмаган қўшнимиздир. Уларнинг бизнинг устимизда қўшнилик ҳаққи бўлади. Бу улуғ ойда барча қўшниларимизга яхшилик қилсак, ҳам бу ойнинг баракасидан савобимиз кўпаяди, ҳам бир инсоннинг қалбига хурсандчилик киритганимиз сабабли ажримиз ниҳоятда ортади.
Мусулмон одам диндошларига нисбатан меҳрибон бўлиши керак. Рамазон ойида бу ҳукм янада таъкидлироқ бўлади. Ширин гапириш, мулойим бўлиш, қўполлик қилмаслик, жанжаллашмаслик лозим бўлади.
Муборак ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўзадор бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”.
Яъни, “мен рўзадорман” дейиши билан киши “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деган бўлади.
Қуръон ўқийлик!
Бу ой Қуръони Карим нозил қилинган ойдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси, 185-оят)
Қуръони Каримни Қуръон нозил бўлган Рамазон ойида кўпроқ ўқилмаса, яна қачон кўпроқ ўқилади?! Унутмайлик, Қуръондан ўқилган битта ҳарфга битта ҳасана берилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳнинг Каломидан битта ҳарф ўқиса, унга битта савоб ёзилади. Ўша савоб ўн баробар кўпайтирилади. Мен “алиф лом мимни” битта ҳарф демайман. “Алиф” бир ҳарф, “лом” бир ҳарф, “мим” бир ҳарфдир” (Термизий, Байҳақий, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Қуръоннинг ҳар бир ҳарфи учун бериладиган бу ҳасаналар Рамазон ойи шарофати билан бундан ҳам кўпайтириб берилади.
Бу ойда Қуръонни энг камида бир марта хатм қилишга уринайлик! Зеро, Рамазонда Қуръонни хатм қилиш суннат амалдир!
Нафақа ва эҳсонлар
Бу ойда оиламизга нафақани кенг қилиб, ифторлик ва саҳарликларига яхши шароит қилиб бериш ва шу билан бирга атрофимиздаги бевалар, етимлар, фақирлар ва шу кабилардан моддий кўмагимизни аямайлик! Агар молимиз нисобга етиб, закот беришимиз фарз бўлган бўлса, уни ҳам шу ойда адо этайлик! Инсоннинг қалбини шодликка тўлдириш улкан савобли амал. Энди бу иш Рамазонда қилинса, унинг савобини ҳисоблаб бўладими?!
Илм ўрганайлик!
Маълумки, илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир. Ҳар бир инсон ўзига фарз этилган илмни доим ўрганиб бориши ва ўзидаги илмсизлик доирасини камайтиришга ҳаракат қилмоғи лозим. Энди бу фарз саналган илм олиш Рамазонда бўлса, савоби, баракаси ниҳоятда кўп бўлади.
Хўш, илм ўрганиш учун бу ойда қайси китобларни ўқиймиз?
Бу ойда аввало Қуръони Карим ўқиймиз, кейин рўзанинг ҳукмларига оид китобни қўлга оламиз. Тутаётган рўзамизга доир ҳукмларни яхши билиб олишга интиламиз. Чунки, биз рўзамизнинг мукаммал, нуқсонлардан холи бўлишини истаймиз. Рўзага оид китобни ўқиб бўлсак, кейин ақида, ҳадис, фиқҳ, ижтимоий одоблар каби мавзулардаги китобларни ўқишни йўлга қўямиз.
Фарзандларга Рамазоннинг улуғлигини англатиш
Фарзандларимизга гўзал тарбия бериш динимиз талабидир. Ана шу тарбиянинг бир қисми уларда динимиз шиорларига нисбатан ҳурмат, уни эъзозлаш руҳиятини шакллантиришдир. Бу ойнинг ибодатларига кўп савоб берилиши, мурувват ойи, сабр ойи эканини, Қуръон шу ойда нозил этилганини уларга тушунтириб боришимиз лозим.
Сабр ойида сабрни ўрганамиз
Рўза тутган инсон сабр қилишни ўрганади. Кун иссиқ, ифторгача вақт узоқ бўлишига қарамай, рўзадор оғзини очмайди, ифтор вақти киргунича сабр қилади. Шунингдек, рўза тутувчи одам гуноҳлардан ҳам тийилиб юради. Натижада, сабрни ҳам, гуноҳлардан тийилишни ҳам ўрганади, фақирларнинг очлигини ҳам ҳис этади. Рамазонда фақирларга ёрдам беришни, гуноҳлардан сақланишни яхши ўрганиб олган киши, Аллоҳнинг марҳамати билан, бу ишларини Рамазондан кейин ҳам давом эттиради.
Тақво ойи
Рўзани фарз қилинишидан кўзланган асосий мақсад тақводорликни ўрганишдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таолонинг “шоядки” дегани “албатта” деганидир!
Тақво – Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиш ва қайтарганидан қайтишдир.
Одамлар кўрмай турган пайтларда ҳам рўзасини очмай юрган рўзадор бу ойда яхшигина тақво малакасига эга бўлади. Инсон шу ҳолатини бутун йил давомида сақлаб қолишга уриниши керак. Зеро, инсоннинг бошқалардан мукаррамроқ этадиган ўлчов – тақводир!
Аллоҳ таоло барчамизни ихлос билан рўза тутиб, кечалари бедор бўлиб, гуноҳлари кечириладиган ва тақво малакасига эга бўладиган бандаларидан қилсин, омин!
Нозимжон Иминжонов
Мен уйланган эдим. Аёлим паст бўйли, нимжон қоматли ва менга нисбатан кичик жуссали эди.
Мен эса Аллоҳни инояти ила спортчиларга хос қоматга эга, мушакларим бақувват ва салобатли эдим.
Хотинимнинг бўйи пастлиги учун мен унга кўп маротаба ҳазил-мазаҳ қилиб жиғига тегар, унинг устидан кулар эдим. Масалан, баъзан бирор нарсанинг ортига яшириниб олиб, у келганда қўққисдан олдида пайдо бўлиб қўрқитар эдим. Баъзан эса, унинг кундалик хотираларини қайд этиб борадиган дафтарини олиб, бўйи етмайдиган жойга қўйиб қўяр эдим ва бўйи пастлиги учун ололмай қийналаётганини кўриб ҳузурланиб кулар эдим.
Гоҳида телевизор кўраётганида, гоҳида эса, кечки овқатни тайёрлаётганида уни ҳар хил усулларда безовта қилиб ҳазил-мазаҳ қилар эдим.
Мен ҳазиллашиб уни безовта қилишни жуда яхши кўрар эдим, чунки унинг мендан қасос олишга урингани, лекин бунга кучи етмаганини кўриш ҳам менга завқ бағишлар эди.
Аввал бошида хотиним бундан ёқимли кайфият олганини кўрар эдим. Лекин вақт ўтиши билан у менинг болаларча қилиқларимдан безиб қолаётганини сеза бошладим.
Бир куни ишга бориш учун уйқудан эрта турдим. Қарасам, у нонушта тайёрлаётган экан. Ҳар доимгидек, уни ҳазиллашиб қўрқитдим. Шунда у қаттиқ қўрқув билан:
— Бу гал кечқурун уйга қайтганингизда, мени топа олмайсиз, — деди.
Мен уни ҳазиллашаяпти деб ўйладим, чунки ҳар сафар уни қўрқитганимда у шунақа таҳдид қилар эди.
Бироқ кечқурун уйга қайтиб келганимда, у йўқ эди. Уни чақирдим, у жавоб бермади. Яна ва яна чақирдим, аммо у ҳеч нарса демади.
Ҳамма ерни қидириб чиқдим, лекин уни топа олмадим. Охири ошхонага кириб, бир қоғозга кўзим тушди. Унда:
— Ўзингизни асранг, мен энди қайтмайман, — деган ёзувни кўрдим.
Шунда оёқларим бўшашиб, боса олмай қолдим. Бутун бошли танам қувватсизланиб, ўтириб қолдим, ўзимни ҳудди устимдан муздек сув қуйгандек ҳис қилдим.
Ўша пайтда мен дунёдаги энг заиф инсонлардан бирига айландим.
Ўша кичиккина жуссали, нозиккина хотиним менинг асосий қувват манбаим бўлганлигини, усиз мен ҳеч ким эмас эканлигимни англадим.
Деворга суянганча ўтириб, ҳудди онасини йўқотган гўдак боладай йиғладим...
Бир пайт овқатланиш столи остида қандайдир нарса қимирлаётганини кўриб қолдим ва ўша ердан паст овоздаги кулги эшитилди.
Ҳа, у эди! У ўша ерга яшириниб олган экан.
Шунда мен унга ўзимни отдим ва уни қаттиқ бағримга босиб қучоқлар эканман, кўзларимдан шашқатор ёш оқар эди.
У эса мени қўрқитишни уддалай олганидан қувониб ўзини кулишдан тия олмас эди.
Шундай қилиб, ўғрини қароқчи урди деганларидек, ўзимнинг ҳийлам ўзимга қарши ишлади. Шундагина тушундимки, ўша кучсизгина аёлимсиз мен дунёдаги энг заиф инсон эканман.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ