Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин
Рамазон – ғанимат ойдир. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Бу ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати янада ортади. Қилинган нафл амалларнинг савоби бошқа ойдаги фарз амаллар савобига тенглаштирилади, фарз амалларнинг савоби эса бошқа ойдаги фарз амаллардан етмиш баробар ортиқ бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушганда янада зиёда бўларди. Набий алайҳиссалом одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Кўпинча майда ишларни ҳам ҳисоб-китоб қиламиз, бироқ Рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликлардан маҳрум бўламиз. Рамазондаги файзу барака сабабли бу ойда кўпроқ ибодат қилишга ҳаракат қилиш лозим.
Шу боис, рўзанинг барча қоидаларини тушуниб, унга амал қилинса, рўзанинг мукаммал адо этилишини ва савобининг ортишига сабаб бўлади. Зеро, илмсиз амал мевасиз дарахт кабидир.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.
Савол: Биринчи ракат тугаб, саждадан иккинчи ракатга тураётганда бир-икки сония ўтириб, кейин туриш суннат деб эшитдим. Бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Буни фиқҳий китобларимизда "Жалсаи истироҳа" яъни, "ором олиб ўтириш" деб номланади. Бундан биринчи ва учинчи ракатлар охирида саждадан кейин қиёмга туришдан олдин бир оз ўтириб олиш тушунилади ва бу амал ҳанафий мазҳабида макруҳ амал саналади ("Ал-Лубоб шарҳул китоб").
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозда бевосита қадамларининг олд қисмига таянган ҳоллларида (яъни, ерга суянмай ва ўтирмаган ҳолда) туришлари ривоят қилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.