90-йиллардан бошлаб Татаристон 1,5 мингга яқин масжидларни қуриш ва қайта тиклашнинг уддасидан чиқди. Sntat.ru нашри хабарига кўра, бу ҳақда KazanSummit 2019 доирасидаги анжуманда Татаристон давлат маслаҳатчиси Минтимер Шаймиев маълум қилган.
Татаристон биринчи президентининг айтишича, KazanSummit — бу турли хил мамлакатлар, динлар ва миллатлар вакиларининг учрашадиган, бир-бири билан янги алоқаларни ўрнатадиган, ҳамкорликни муҳокама қиладиган жой. Афсуски, авваллари бунинг имкони йўқ эди, негаки замонавий Россия ҳудудида атеистик давлатни қуриш режалаштирилаётган эди.
«Хусусан, 90-йилларнинг бошига келиб Татаристонда бор-йўғи 23та фаолият кўрсатаётган масжид қолган эди. Қисқа давр ичида Татаристонда 1,5 мингга яқин масжидлар қайта тикланди ва фаолият юритмоқда. Бу эътиқод абадий ва уни йўқотиб бўлмаслигининг ёрқин кўрсаткичи ҳисобланади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Татаристонда турли миллат ва диний конфессия вакиллари баҳамжиҳат ва тинч-тотув яшашнинг уддасидан чиқишмоқда.
«Бу мураккаб замонда бизга кўп нарса боғлиқ. Афсуски, кўпинча динлараро ва конфессиялараро низоларга дуч келиб турибмиз. Бизнинг вазифа - фаол равишда ушбу кучларга қаршилик кўрсатиш. Биз биргаликда – кучмиз», — таъкидлади Шаймиев.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Биринчи ракат тугаб, саждадан иккинчи ракатга тураётганда бир-икки сония ўтириб, кейин туриш суннат деб эшитдим. Бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Буни фиқҳий китобларимизда "Жалсаи истироҳа" яъни, "ором олиб ўтириш" деб номланади. Бундан биринчи ва учинчи ракатлар охирида саждадан кейин қиёмга туришдан олдин бир оз ўтириб олиш тушунилади ва бу амал ҳанафий мазҳабида макруҳ амал саналади ("Ал-Лубоб шарҳул китоб").
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозда бевосита қадамларининг олд қисмига таянган ҳоллларида (яъни, ерга суянмай ва ўтирмаган ҳолда) туришлари ривоят қилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.