Филаделфия аэропортининг келаётган рейсларни кутиб олувчи такси автомобиллари тураржойида мўжаз масжид ўз фаолиятини олиб боради.
Бу ерда 300 га яқин такси ҳайдовчилари ишлайди. «Исламосфера» хабарига кўра, Филаделфияда 1500 нафар такси ҳайдовчилари бўлиб, уларнинг ярми мусулмонлардир. Улар уч йил давомида йиғилган хайрия пуллари эвазига 10 минг АҚШ долларига трейлерни сотиб олиб, уни намоз ўқишга мослаштиришди. Унинг ёнида қўлбола таҳоратхонани ҳам ишга туширишди.
Бу масжиднинг имоми йўқ, унда таксичиларнинг ўзлари навбатма-навбат имомлик қилишади, азонни ҳам ўзлари шу тарзда ўқишади. Масжид ичидаги кўк қутида хайрия пуллари йиғилади. Ундан тўпланган пуллар ҳисобига ҳар йили масжидни тозалаш ва унга қараб туришга 1000-2000 доллар атрофида маблағ сарфланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аёл киши тўрт нарсаси учун никоҳланилади: моли, насл-насаби, жамоли ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа белангур (“барака топгур”)!” (Муттафақун алайҳ).
Яъни, эркакни никоҳга рағбатлантирадиган нарса аёлдаги тўрт хислатдир. Эркак аёлдаги мазкур хислатлардан истаганини кўзлаб никоҳланиши мумкин. Лекин диндорини танлаш афзалдир.
Ушбу ҳадисда қандай умр йўлдош танлаш масаласи баён қилинмоқда. Зеро, инсон бу масалада кўпинча иккиланиб қолади. Бу борада мўмин киши учун мезон диндорлик бўлиши керак. Чунки унс-улфатликда одамлар бир-бирларига таъсир ўтказадилар. Яхши ҳамроҳ билан сафарнинг машаққати камайганидек, яхши умр йўлдош билан ҳаётнинг машаққатлари енгил кечади. Мўмин киши диндор аёлни танласа, у билан кўп масалаларда, айниқса, диний масалаларда ўзаро муроса қила олади. Шунинг учун Набий алайҳиссалом диндорини танлашга буюрмоқдалар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларга ҳусни учун уйланманглар, эҳтимол, ҳусни уларни ҳалок қилар. Уларга мол-давлати учун ҳам уйланманглар, эҳтимол, моллари уларни туғёнга кетказар. Аммо динлари учун уйланинглар. Албатта, бурни кесик, қулоғи тешик диндор қора чўри (дини йўқ ҳур аёлдан) яхшидир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Шунингдек, наслу насабдаги тенгликка ҳам риоя қилиш мустаҳабдир. Зеро, бу омил ҳам оиланинг тинч-тотув бўлиши, бир-бирларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромни давом эттиришига сезиларли даражада таъсир қилади. Аммо ё диндорини, ё насл-насаби тенгини танлашга тўғри келса, албатта, диндори муқаддам қўйилади.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ
тайёрлади.