Филаделфия аэропортининг келаётган рейсларни кутиб олувчи такси автомобиллари тураржойида мўжаз масжид ўз фаолиятини олиб боради.
Бу ерда 300 га яқин такси ҳайдовчилари ишлайди. «Исламосфера» хабарига кўра, Филаделфияда 1500 нафар такси ҳайдовчилари бўлиб, уларнинг ярми мусулмонлардир. Улар уч йил давомида йиғилган хайрия пуллари эвазига 10 минг АҚШ долларига трейлерни сотиб олиб, уни намоз ўқишга мослаштиришди. Унинг ёнида қўлбола таҳоратхонани ҳам ишга туширишди.
Бу масжиднинг имоми йўқ, унда таксичиларнинг ўзлари навбатма-навбат имомлик қилишади, азонни ҳам ўзлари шу тарзда ўқишади. Масжид ичидаги кўк қутида хайрия пуллари йиғилади. Ундан тўпланган пуллар ҳисобига ҳар йили масжидни тозалаш ва унга қараб туришга 1000-2000 доллар атрофида маблағ сарфланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати