Йил бошидан буён қор-ёмғирли кунларга қарамай, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ номлари учун барпо этилаётган мажмуада қурилиш ишлари бир лаҳза бўлсин-да, тўхтагани йўқ. Бир йилдан ортиқ вақт давомида олиб борилган қурилиш, ниҳоят ўз якунига етиш арафасида.
Мажмуа таркибидаги масжидга кириш жойидаги муҳташам ички ва ташқи пештоқ тўла қуриб битказилди. Мажмуани безаб турадиган иккита минора устига кичик гумбазлар ўрнатилди. Масжид ичидаги безак ишлари якунига етиш арафасида.
Мажмуадаги анжуманлар саройи, минораларнинг қурилиш ишлари якунига етди ҳамда уларнинг қуббасига ҳилол ўрнатилди.
Шунингдек, “Сўгалли ота” мақбарасида ҳам бунёдкорлик ишлари ўз якунига етди. Масжид ҳудудидаги намозхона, аёллар намозхонаси, таҳорат хоналари, минора, 3 та кириш пештоқи, 200 ўринга мўлжалланган анжуманлар саройи, ташқи ва ички фавворалар, мажмуа саҳни, автоуловлар учун тўхташ жойларида қурилиш ва безак бериш ишлари якунланди.
Мажмуа ҳовлиси тўлиқ кўкаламзорлаштирилди, шунингдек ташриф буюрувчи зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида замонавий русумдаги ўриндиқлар, чиқинди қутилари ўрнатилди.
Мажмуа ҳудудида бунёд этилган музейда эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг умр йўлига оид қимматли маълумотлар, у кишининг илмий меросини жамлаш режалаштирилган.
Тез кунларда мажмуанинг фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
islom.uz портали таҳририяти
Манба: https://islom.uz
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Миср Вақф ишлари вазири Шайх Усома Азҳарий, ислом оламидаги нуфузли ташкилот Мусулмон донишмандлар кенгаши Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом ҳамда Озарбайжон диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Рамин Аламшаҳ ўғли Мамедов билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда алломалар меросини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Шунингдек, мазкур йўналишларда алоҳида қонун, қарор ва махсус фармонлар қабул қилингани, жамиятимизда турли диний конфессиялар вакиллари орасида аҳил-иноқлик янада мустаҳкамлангани ва мўмин-мусулмонлар тоат-ибодат қилиши учун кенг имкониятлар тақдим этилгани алоҳида қайд этилди.
Мартабали меҳмонлар давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик йил сайин ривож топиб бораётганини таъкидлашди. Бугунги мураккаб даврда мана шундай халқаро ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш ва анжуманлар ташкил этишнинг аҳамияти катта эканига урғу қаратилди.
Учрашувда томонлар илмий тадқиқот, диний таълим, замонавий фатволар ишлаб чиқиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва диний соҳа ходимлари малакасини ошириш кабиларда ҳамкорлик қилишни кенгайтиришга келишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати