2019 йилнинг 24-26 апрель кунлари Татаристоннинг Қозон шаҳрида «Россия ва Ислом дунёси» шиори остида XI-халқаро иқтисодий саммити бўлиб ўтди. Бу ҳақда islom.uz манбаси хабар берди.
Ушбу саммит доирасида «Russia Halal Expo – 2019» кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда дунёнинг 50 яқин мамлакатларидан 3000 дан зиёд иштирокчилар қатнашди.
Кўргазма давомида тадбир иштирокчилари томонидан муқаддас қадамжоларга зиёрат туризми йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишларни фаоллаштириш, уни ривожлантириш истиқболлари, бу борада зарур реклама тадбирларини ўтказиш, логистикаларни ташкил этиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Хусусан, саммитда иштирок этган юртимиз вакиллари томонидан Ўзбекистонда туризм ҳамда зиёрат туризми инфратузилмаларини ривожлантириш ва янги туризм объектларини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар жадаллик билан амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритилди. Ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, мазкур йўналишга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, Ўзбекистонни зиёрат туризмининг йирик марказларидан бирига айлантириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу ўринда дунё мўмин-мусулмонлари учун ҳалолликни доимо таъминлаш ва келажак авлодга мерос қолдириш лозимлиги, шу боис, бутун дунёда озиқ-овқат, сув, кийим-кечак, соғлиқ ва тижорат каби барча соҳаларда ҳалол ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани эътироф этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – ҳалол озиқ-овқат, ҳалол туризм, ҳалол текстиль, ҳалол тиббиёт каби соҳаларни замонавий технологиялар ёрдамида аслини йўқотмаган ҳолда ривожлантириш ва келажак авлодга мерос қолдириш.
Тадбир давомида «Hilol nashr» матбаа нашриёти фаолияти ҳақида ҳам сўз борди. Юртимиз вакиллари ўз маърузаларида мазкур нашриётнинг фаолияти, бугунги кунда олиб бораётган ишлари, келажакдаги истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтишди. Маъруза давомида тадбир иштирокчиларига нашриёт томонидан мамлакатимизда илк марта чоп этилган Қуръони карим нусхаси тақдим этилди.
Ушбу Қуръони каримдан бир нусхаси Татаристон муфтийси Камил Самигуллинга ҳадя қилинди.
Қозон шаҳрида ўтказилган саммит барча иштирокчиларда катта ва унутилмас таассуротлар қолдирди.
Islom.uz портали таҳририяти
Манба: https://islom.uz
Cавол: Саждаи саҳв қилиш учун салом беришда бир томонга салом бериладими ёки икки томонгами?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Яъни намозхон саждаи саҳв қилишда бир томонга салом берса ҳам, икки томонга салом берса ҳам тўғри иш қилган бўлади. Чунки фуқаҳоларимиз ҳар икки ҳолатни саҳиҳ — тўғри деб фатво беришган. Айрим фуқаҳолар ёлғиз намоз ўқиётган киши – икки томонга салом бериши, имом эса – бир томонга салом бериши яхшидир, деганлар. Чунки имом икки томонга салом берса, эргашувчиларнинг баъзиси намоз тугалланди деб ўйлаб намозга зид ҳатти-ҳаракат содир этиши мумкин, дейишган (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.