Фарзандларингизга намоз уйқудан, севгидан, суҳбатлашиб ўтиришдан, гапдан, молу дунёдан, кулгудан, ишдан, сафардан, орзу қилган дунёвий нарсаларидан, қўлга киритган ва киритмаган барча нарсаларидан, заифлигидан, куч-қувватидан, дунё ва ундаги жамики нарсалардан ҳам яхшироқ эканини ўргатинглар!
*****
Пешинни ўқигач, рўзадор ҳолда, ёзнинг жазирамасига қарамай, ифторлик учун лаззатли таомлар пиширишга ҳозирлик кўра бошлади. Дастурхонга нималар қўйишни ўйларди. Пиширган таомларини кўрганда оила аъзоларининг юзларида розилик аломати пайдо бўлишини кўриш илинжида шомнинг азонини қалби шодликка тўлган ҳолда кутарди.
Эй Роббим! Рўзадор ҳолда рўзадорларга ифторлик ва саҳарлик таомлари тайёрлайдиган оналаримиз, опа-сингилларимиз, турмуш ўртоқларимиз ва қизларимизни паноҳингда асраб, гуноҳларини мағфират этгин!
*****
Ота-оналар учун олтин насиҳат
Агар ўзига ишонадиган фарзанд тарбия қилмоқчи бўлсангиз, болангизнинг юзига қараб бақиришдан, уни масхара қилишдан, устидан кулишдан, камситишдан, бошқа тенгқурлари билан солиштиришдан, хўрлашдан, уришдан, хоссатан, юзига уришдан тийилинглар! Унутманг! Бу айтилганлар боланинг шахсиятини вайрон қилувчи иллатлардир!
*****
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ким молини Аллоҳнинг тоати йўлида сарфлашдан юз ўгирса, гарчи истамаса ҳам, молини Аллоҳдан бошқа учун сарфлаш билан балоланади”.
*****
Истиғфор – ҳар бир дард учун даво, ҳар бир бало учун нажотдир!
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати