Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447

Ғанимат ой остонасидамиз!

26.04.2019   3836   2 min.
Ғанимат ой остонасидамиз!

Рамазон ойи – фараҳли ой. Катта-кичик шу ойда ниҳоятда тақводор бўлиб қолади. одамлар бир-бирларига одатдагидан ҳам меҳрибон бўлади. Таровеҳ намозига чиққан кишилар кўп вақтлардан бери кўришмаган дўсту ёронлари билан дийдорлашади. Маза қилиб таровеҳни ўқиб бўлганларидан сўнг эса ҳазил-ҳузул қилиб бири иккинчисини саҳарликка, ифторликка таклиф қилиб тарқалади.

Бу ойда, айниқса, ёш болаларнинг ғайрат-шижоатини айтмайсизми! Ҳаммадан бурун саҳарликка туриб олади. Ухлаб қолганлари эса саҳарликка уйғотмагани учун ота-онасидан чошгоҳгача, бирорта ўйинга овуниб кетгуни қадар аразлаб туради.

Тасаввур қилинг, саҳар вақти турасиз, атроф жим-жит. ҳаво мусаффо. Гўёки осмон эшиклари очилгану тананингизга беҳисоб куч-қувват ёғдираётган тонг ҳавоси айнан ўша ёқдан келаётгандек. Узатсангиз қўлингиз юлдузларга етадиганга ўхшайди. Оилангиз жам бўлиб саҳарлик қиласиз, мириқиб суҳбатлашасиз. Бомдод киргунига қадар зикр қиласиз, қазо намозларингиз бўлса, уларни ўқийсиз. Бу вақтда булбуллар чаҳ-чаҳлаб сайраб ётган бўлади. Кейин эса намоз қуши келиб бомдоднинг кирганини хабар қилади. Маҳаллангиздаги масжидда чақирилган азон овози қулоқларингиздан кириб танингиздаги энг инжа томирларингизни ҳам силаб ўтади – роҳат-фароғат, бахту саодат бундан ортиқ бўлиши мумкинми!

Нафсиламри, имони заифроқларимизга рамазон дарров келиб қолгандек туйилади. Аммо шуни ёдда тутайликки, машойихларимиз: “Бу дунёда вужудга  оғир келадиган нарсалар қиёматда тарозида ҳам оғир келади”, деганлар. Зотан, бизнинг аъмолимиз қиёматга захира  ҳозирлаш эмасми!..

Бинобарин, Аллоҳ таоло муборак Каломида: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сурасининг 183-ояти), деб марҳамат қиларкан, фарз амали бўлган рўзани тутсак, тақводорлигимиз янада зиёда бўлишининг хабарини берган.

Рамазон рўзасини руҳимиз (сиддиқлар рўзаси), ақлимиз (хослар рўзаси), жисмимизни (авомлар рўзаси) жамлаб тутсак, шубҳасиз, Раббимиз ушбу ояти каримада айтганидек, тақводорлигимиз ортади, ажру савобларимиз кўпаяди,

Аслида эшик қоқиб турган рамазон – савоблар қўлга киритиладиган фурсат ойи. Шу ойдан ҳаммамиз фойдаланиб қолайлик, юртимизга тинчлик, элимизга файзу барака, хонадонларимиз хотиржамлик, фарзандларимизга бахту саодат тилайлик. Чунки бу ой – мағфират ойи. Бу ойда дуолар мустажоб бўлади, иншаа Аллоҳ!

Дамин ЖУМАҚУЛ   

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат: имтиҳонда шаффофлик ва холисликни таъминлаш зарур!

09.07.2025   12494   2 min.
Муфтий ҳазрат: имтиҳонда шаффофлик ва холисликни таъминлаш зарур!

7 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари учун 2025-2026 ўқув йили қабул имтиҳонларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор  Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов диний таълим муассасалари учун янги ўқув йили кириш имтиҳонларини тартибли ўтказиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.

Муфтий ҳазратлари имтиҳонларни адолатли ва холисона ўтказиш, тартиб-қоидаларга риоя этиш, жараёнлар шаффоф бўлишига эришиш ҳамда тегишли хоналар хавфсизлигини таъминлаш, видеокузатув камералари билан жиҳозлаш каби муҳим жиҳатларга диққат қаратдилар. Шунингдек, имтиҳондан олдин абитуриентлар билан ўтказиладиган суҳбатлар ҳам белгиланган тартибда бўлишига урғу бердилар.  
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари имтиҳонларни очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш орқали ёш авлод ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, иқтидорли ёшларга билимларини намоён этишга имконият беришни қайд этдилар. Шунингдек, имтиҳон олишга масъул устоз ва мутахассислар Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам, халқимиз олдида ҳам улкан масъулиятни чуқур ҳис этиши ҳамда номақбул иллатлардан сақланишларига катта диққат қаратдилар. 

Мадрасаларга кириш имтиҳон саволлари умумтаълим мактаб дастурлари асосида, Олий диний таълим муассасалари учун кириш имтиҳон саволлари эса мадраса таълим дастурлари асосида бўлиши ҳам алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида қуйидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди:
– Қабул жараёнларини намунали ташкил этиш;
– Юқори даражада хавфсизлиги таъминланган электрон дастурлардан фойдаланиш;
– Абитуриентлар учун муносиб шароитларни яратиш;
– Абитуриентларга тест синовларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
– Имтиҳон жараёнини видеокузатув қурилмалари орқали назорат қилиш;
– Ота-оналар учун кутиш жойларини тайёрлаш;
– Имтиҳон жараёнларини намойиш этиш учун экранлар ўрнатиш.

Қабул имтиҳонлари муваффақиятли ўтишини тилаб дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муфтий ҳазрат: имтиҳонда шаффофлик ва холисликни таъминлаш зарур! Муфтий ҳазрат: имтиҳонда шаффофлик ва холисликни таъминлаш зарур! Муфтий ҳазрат: имтиҳонда шаффофлик ва холисликни таъминлаш зарур! Муфтий ҳазрат: имтиҳонда шаффофлик ва холисликни таъминлаш зарур! Муфтий ҳазрат: имтиҳонда шаффофлик ва холисликни таъминлаш зарур!
Ўзбекистон янгиликлари