Рамазон ойи – фараҳли ой. Катта-кичик шу ойда ниҳоятда тақводор бўлиб қолади. одамлар бир-бирларига одатдагидан ҳам меҳрибон бўлади. Таровеҳ намозига чиққан кишилар кўп вақтлардан бери кўришмаган дўсту ёронлари билан дийдорлашади. Маза қилиб таровеҳни ўқиб бўлганларидан сўнг эса ҳазил-ҳузул қилиб бири иккинчисини саҳарликка, ифторликка таклиф қилиб тарқалади.
Бу ойда, айниқса, ёш болаларнинг ғайрат-шижоатини айтмайсизми! Ҳаммадан бурун саҳарликка туриб олади. Ухлаб қолганлари эса саҳарликка уйғотмагани учун ота-онасидан чошгоҳгача, бирорта ўйинга овуниб кетгуни қадар аразлаб туради.
Тасаввур қилинг, саҳар вақти турасиз, атроф жим-жит. ҳаво мусаффо. Гўёки осмон эшиклари очилгану тананингизга беҳисоб куч-қувват ёғдираётган тонг ҳавоси айнан ўша ёқдан келаётгандек. Узатсангиз қўлингиз юлдузларга етадиганга ўхшайди. Оилангиз жам бўлиб саҳарлик қиласиз, мириқиб суҳбатлашасиз. Бомдод киргунига қадар зикр қиласиз, қазо намозларингиз бўлса, уларни ўқийсиз. Бу вақтда булбуллар чаҳ-чаҳлаб сайраб ётган бўлади. Кейин эса намоз қуши келиб бомдоднинг кирганини хабар қилади. Маҳаллангиздаги масжидда чақирилган азон овози қулоқларингиздан кириб танингиздаги энг инжа томирларингизни ҳам силаб ўтади – роҳат-фароғат, бахту саодат бундан ортиқ бўлиши мумкинми!
Нафсиламри, имони заифроқларимизга рамазон дарров келиб қолгандек туйилади. Аммо шуни ёдда тутайликки, машойихларимиз: “Бу дунёда вужудга оғир келадиган нарсалар қиёматда тарозида ҳам оғир келади”, деганлар. Зотан, бизнинг аъмолимиз қиёматга захира ҳозирлаш эмасми!..
Бинобарин, Аллоҳ таоло муборак Каломида: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сурасининг 183-ояти), деб марҳамат қиларкан, фарз амали бўлган рўзани тутсак, тақводорлигимиз янада зиёда бўлишининг хабарини берган.
Рамазон рўзасини руҳимиз (сиддиқлар рўзаси), ақлимиз (хослар рўзаси), жисмимизни (авомлар рўзаси) жамлаб тутсак, шубҳасиз, Раббимиз ушбу ояти каримада айтганидек, тақводорлигимиз ортади, ажру савобларимиз кўпаяди,
Аслида эшик қоқиб турган рамазон – савоблар қўлга киритиладиган фурсат ойи. Шу ойдан ҳаммамиз фойдаланиб қолайлик, юртимизга тинчлик, элимизга файзу барака, хонадонларимиз хотиржамлик, фарзандларимизга бахту саодат тилайлик. Чунки бу ой – мағфират ойи. Бу ойда дуолар мустажоб бўлади, иншаа Аллоҳ!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан