Жорий йилнинг 24 апрел куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мезбонлигида “Жар” спорт соғломлаштириш комплексида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод – 2019” спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилди. Тадбирда Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бойича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, таълим бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Халқаро ислом академияси проректори Шоислом Акмалов, диний таълим муассасаларининг раҳбарлари ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг иккинчиси – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган ушбу маданий-спорт тадбирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Республикамиз мадҳияси билан бошланди.Тадбирни очиб бериш учун билим юрти мудири Муҳаммадамин Насриев сўзга чиқдилар ва ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар. Байрамона тадбир билан барча меҳмонлар ва иштирокчиларни қутладилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур сўзга чиқиб муқаддас динимизда мўмин-мусулмонларни бадантарбия, отда чопиш, пойгада мусобақалашиш, сувда сузиш, мерганлик, ақлни чиниқтириш каби машқлар билан мунтазам шуғулланиб юришга тарғиб қилинганлига, ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини, каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор бериш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени жисмим оғирлашганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган) айтиб бердилар.
Тадбир давомида Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов сўзга чиқиб диний таълим соҳасидаги эришилаётган ютуқлар ва ислоҳотлар ҳақида малумот бериб ўтдилар. Ушбу тадбир давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг иккинчиси – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш ташаббусининг амалий ижроси эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир давомида “Жар” спорт соғломлаштириш комплексининг спортчи-тарбияланувчиларининг бадиий чиқишлари бўлиб ўтди. Сўнгра мусобақанинг асосий қисми бошланди. Иштирокчилар спортнинг стол тенниси, тош кўтариш, кураш, шахмат турлари бўйича ўз кучларини синовдан ўтказишди. Мусобақа жараёнларини адолатли баҳолаб бориш мақсадида тажрибали спорт мутахассислари-ҳакамлар ҳайъати жалб этилди.
Айниқса, мусобақага ташриф буюрган Ахрор бахши томонидан ижро этилган халқ достонлари барчанинг кўнглига хурсандчилик улашди.
Муросасиз кечган баҳсларда иштирокчилар фаол иштирок этиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиблар аниқланди. Ғолибларни қуйидаги жадвал кўринишида тақдим этамиз:
Шахмат бўйича совриндорлар
1. Охунов Бобиржон - Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти
2. Иброҳимов Исмоил - "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти
3. Атовуллоев Абдураҳмон - Мир Араб олий мадрасаси
Аёл-қизлар ўртасида шахмат бўйича ғолиблар:
1. Ахмеджонова Комила - Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
2. Акбарова Ҳавасхон - Тошкент ислом институти аёл-қизлар жамоаси
3. Амирова Ойгул - "Жўйбори Калон" аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
Стол тенниси бўйича совриндорлар
1. Аметниязов Ильяс - Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти
2. Мўйдинов Абдулҳамид - Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти
3. Жиемуратов Ажинияз - Тошкент ислом институти
Аёл-қизлар
1. Саъдуллаева Осима - "Жўйбори Калон" аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
2. Муҳаммадодилова Ислома - Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
3. Козимий Мухлиса - Тошкент ислом институти аёл-қизлар жамоаси
Тош кўтариш бўйича совриндорлар
1. Жуманов Бахтыбай - Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти
2. Аслиддинов Тожиддин - Тошкент ислом институти
3. Чориев Махмуд - Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти
Миллий кураш бўйича совриндорлар
1. Гадаев Фурқат - "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти
2. Мадаминов Мансуржон - Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти
3. Далибаев Ануар - Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти
Жамоавий таркиб бўйича совриндорлар
1. Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти (2 та олтин, 1 та бронза )
2. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти (1 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза)
3. "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти (1 та олтин, 1 та кумуш)
Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан диплом, фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан