Макка мукаррама шаҳридаги Масжидул ҳаромда муқаддас Каъбани ювиш анъанавий маросими бўлиб ўтди.
Arab news хабарига кўра, шарафли маросимни Макка амири ўринбосари, шаҳзода Бандар бин Султон бин Aбдулазиз амалга оширди.
Каъба йилига икки марта ювилади, одатда бу тадбир муқаддас Рамазон ойи бошланишидан бироз олдин ва Ҳаждан олдин бўлиб ўтади. Биноларни ювиш учун Каъбанинг ўзидан унчалик узоқ бўлмаган ва муқаддас ҳисобланган Замзам булоғидан сув ишлатилади.
Сувга Тоиф шаҳрида етиштирилган гуллардан олинган атиргул мойи, шунингдек, ноёб ажар дарахтидан олинган қимматбаҳо тутатқи – Камбоджа уд қўшилади.
Каъбанинг деворлари атиргул суви билан намланган юмшоқ мато билан ичкаридан тозаланди, поллари эса қўл ва хурмо барглари билан ювилади. Каъбани ювиш тадбири иштирокчилари Каъба атрофида тавоф қилди, сўнгра намоз ўқиди.
Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ишлари бўйича бошқармага қарашли Aтирлар ва тутатқилар бўлими вакили Масжидул Ҳаромни энг яхши парфюмерия воситалари билан хушбўй ҳолатга келтирилди, бу Каъбани ювиш ишлари тугаганидан кейин амалга оширилди, – дея таъкидлади.
Байтуллоҳни атирлар ва тутатқилар билан хушбўй қилиш бўлими кечаю-кундуз Масжидул Ҳаром ва унинг барча томонларини хушбўй қилиш бўйича саъй-ҳаракат қилиб, Масжидул Ҳаром (60) дан ортиқ тутатқи билан тутатилиши ва Каъбага ҳар бир фарз намозида Қора тошдан бошлаб, Яман бурчаги, кейин Мултазам ва Каъба эшигига икки бўлак яхши уд ёғи сепилишини маълум қилди.
Ушбу хизмат Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ишлари бошқармаси ижрочи директори шайх доктор Aбдул Раҳмон бин Aбдулазиз Aл-Судайс томонидан Байтуллоҳни зиёрат қилганлар учун барча хизматлардан фойдаланиш учун йўналтирилган хизматлар доирасида амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати