Бугун, 22 апрел куни Самарқанд вилояти Булунғур тумани бош имом-хатиби Тўлқин Равшанов ҳудуддан бу йили муборак “Ҳаж” зиёратига борувчи фуқаролар билан йиғилиш ўтказди.
Имом-хатиб фуқароларни аввало олдиларида турган масъулиятли ибодат, динимизнинг бешинчи аркони - ҳаж ибодатини бажаришга отланганликлари билан қутлаб, юртимизда мусулмонларнинг ҳаж ва умра амалларини эмин-эркин адо этишлари учун давлатимиз томонидан муносиб шарт-шароитлар, қулайликлар яратиб берилаётганлигини қайд этди.
Бу улуғ ибодатга мусулмон киши руҳан ва жисмонан пухта ҳозирлик кўриши, бу борада аҳамият берилиши лозим бўлган мавзулар: Ҳажнинг моҳияти, унинг фарзлари, вожиб ва суннатларини ўрганиб чиқиш тавсия этилди.
Сафар билан боғлиқ ташкилий масалалар кейинчалик атрофлича тушунтирилиши айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсонларнинг Аллоҳга энг севимлиси - уларга энг кўп фойда келтирувчисидир”.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Ҳақиқий инсон ўзгаларга шодликда ҳам, қийинчиликда ҳам вафо ила мудом ёрдам берганидир.
Инсонлар орасида энг карамлиси – бошқаларнинг эҳтиёжларини қондирган кишидир.
Эҳсон қўлини ҳожатманд кимсадан узма. Зеро, маълумдирки, ким инсонларнинг эҳтиёжини қондиришда давом этса, кунлар унинг шарафини қайта-қайта тасдиқлайди. Аллоҳнинг сенга берган ушбу фазлига шукр қил. Зеро, сени ўзгалар учун ҳожатбарор қилди, сени ўзгаларга муҳтож этмади.
Кўпчилик одамлар ўтдилар, аммо уларнинг фазилатлари ҳализамон барҳаёт, яна кимлардир ҳаёт, аммо улар одамлар орасида гўёки ўлик каби”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ