Иш бор жойда хато бор. Газета-журнал таҳририятларида гоҳида қилинган таҳрирларни киритиш, саҳифалаш жараёнида техник сабабларга кўра, бу каби ҳолатлар, рўй бериб туради. Илло, хатокор бандалармиз.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил 3-сонида “Намоз ўқишнинг тартиби ва одоблари” мақоласида икки ўринда хатолик бўлган. Таассуфки, ўша хатолар журнал ўқувчилар қўлига етиб борганидан сўнг пайқалди. Шунинг учун ушбу нашрнинг 4-сонида ушбу шаклда тузатиш берилди:
«Тузатиш: Журналнинг 2019 йил 3-сони, 21-саҳифасида 1-устун, юқоридан 8-қатордаги “Субҳана роббиял азийм” ибораси “Субҳана роббиял аъло” деб; 2-устун, юқоридан 3-хатбошидаги 1-жумла “Намозхон иккинчи ракатнинг саждасини қилиб бўлгач, чап оёғини ётқизиб устига ўтиради, ўнг оёғини тикка қилиб, бармоқларини қиблага қаратиб ўтиради”, деб ўқилсин».
Бу хатоликни пайқаб, таҳририятга билдирган журналхонларга самимий миннатдорлик билдирамиз. Келгусида ана шундай хатолар таҳририятдан бир сабаб билан ўтиб қолса, уларни топганда ижтимоий тармоқларга эмас, “Ҳидоят” журнали таҳририятига билдирилса беҳад мамнун бўламиз. Зеро, мўмин мўминнинг кўзгусидир (мурожаат учун телефонлар: 71-227-34-30).
hidoyat.uz
Муҳаммадёқуб домла Абдулҳакимов - Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани “Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати