بسم الله الرحمن الرحيم
АМАЛЛАРДА ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي نَجَّى عِبَادَهُ الْمُخْلِصِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي كَانَ نَمُوذَجًا لِلْمُخْلِصِينَ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَ مَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ
Ҳурматли жамоат! Динимиздаги муҳим асослардан бири ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш ва ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа, ужб, кибр ва ғурур каби амаллардан узоқ бўлишдир. Шунинг учун ихлоснинг моҳиятини ўрганиш ва у ҳақида мулоҳаза қилиш ҳар бир мусулмон учун зарур ҳисобланади.
“Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир.
Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: “Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”. Саҳл ибн Абдуллоҳ ихлос ҳақида: “Ихлос – банданинг ҳаракати ҳам, сукунати ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлишидир”, – деган. Абу Али Даққоқ: “Ихлос – амални одамларнинг мулоҳазасидан (яъни, бу ишимни одамлар мақтайдими ёки ёмонлайдими, деб ўйлашдан) поклашдир”, – дейди. Ихлос – киши ёмонликларини яширгани каби савоб ишларини ҳам беркитишидир. Ихлоссиз қилинган амал кўринишда ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.
Амални фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиш бандага нажот келтиради. Фақат риё учун амал қилиш эса, инсонни ҳалокатга дучор қилади. Бу икки ҳолатнинг ўртасида яна бир ҳолат бор. Масалан, бир киши касални зиёрат қилади, бу билан савоб олиш ва ўзи касал бўлса, бошқалар ҳам уни зиёрат қилишини қасд қилади ёки одамлар унинг жанозасига қатнашиши учун жанозага боради. Умуман айтганда бирор амални қилишнинг сабаби Аллоҳ таолога яқин бўлиш бўлади, лекин унга бошқа бир ғараз қўшилади ва бу ғараз амални бандага осон қилади. Мана шу ҳолат амални ихлос чегарасидан чиқариб қўяди. Энди у холис Аллоҳ учун бўлмасдан, риё аралаша бошлайди. Кўпинча инсон ғафлатда қолиб холис амалига, бошқа ғаразлар аралашиб, гоҳида амалнинг савоби камаяди, гоҳида бутунлай савоби йўққа чиқади. Шунинг учун охират саодатини умид қилган ҳар бир мўмин-мусулмон амалларини текшириб, ниятини янгилаб туриши керак.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдиларки: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади:
وَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ كَمَا بَدَأَكُمْ تَعُودُونَ
яъни: “Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз. Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар» (Аъроф сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиш орқали бизга динини ширк, риё ва сумъадан холис қилиб, ибодат қилишимизни буюради:
إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ فَاعْبُدِ اللَّهَ مُخْلِصًا لَهُ الدِّينَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг!” (Зумар сураси, 2-оят).
Мўмин-мусулмонлар динга ихлос билан амал қилиши нафақат бизнинг умматга, балки биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлганини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олсак бўлади:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
яъни: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади:
"إنّمَا الأَعْمَالُ بالنِّيّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امرِىءٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصيبُهَا، أَوْ امْرَأَةٍ يَنْكَحُهَا، فَهِجْرَتُهُ إِلى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ" )مُتَّفَقٌ عَلَيه(
“Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан калимаи тоййибани айтишнинг фазилати тўғрисида шундай дейдилар:
مَا قَالَ عَبْدٌ لَا إِلَهَ إِلَّا اللّهُ قَطُّ مُخْلِصًا، إِلَّا فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ حَتَّى تُفْضِي إِلَى الْعَرْشِ مَا اجْتُنِبَ الْكَبَائِرُ
رواه الترمذى وحسنه
яъни: “Қайси банда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини ихлос билан айтса, бу калимага осмон эшиклари очилади. Модомики, банда катта гуноҳлардан сақланар экан, у калима Аршгача етиб боради” (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан қилинган амал инсонни нажотга бошлаши ҳақида шундай дейдилар: “Аввал ўтган умматлардан уч киши сафарга чиқиб, бошпана сифатида бир ғорга кирдилар. Ғорнинг эшиги тоғдан тушган катта тош билан беркилиб қолди. Шунда улар: “Бу тошдан бизни Аллоҳ таолога холис қилган амалларимиз билан дуо қилиш қутқаради” – дейишди. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ! Менинг қари ота-онам бор эди. Уларни доимо бола-чақаю чорполаримдан аввал таомлантирардим. Бир марта ниманидир излаб узоққа кетиб қолдим. Қайтганимда ота-онам ухлаб қолишган экан. Сут соғдим, бола-чақа, чорполарни улардан аввал таомлантиришни хуш кўрмадим. Тонггача уларнинг бошида, идишни қўлимда ушлаб турдим. Ниҳоят улар туриб сутни ичишди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Иккинчиси: “Амакимнинг бир қизи бор эди. Уни жуда яхши кўрардим. У билан бирга бўлишни хоҳлаганимда, қиз рад қилди. Очарчилик йилида ўша қиз ёнимга муҳтож бўлиб келди. Қизга 120 динор бердим (тахминан 510 грамм тилланинг қийматига тенг бўлади). Фақат бунинг эвазига қиз билан бирга бўлиш (зино)ни хоҳладим. У рози бўлди. Муродимга етай деганда қиз: “Мен сенга ҳалол эмасман, муҳрни ҳаққи билан очгин”, – деди. Дарҳол ўрнимдан туриб кетдим, ваҳолангки, у менга энг севимли аёл эди. Берган динорларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Учинчиси гап бошлади: “Бир қанча мардикорларни ишлатдим. Ҳаммасининг иш ҳаққисини бердим. Лекин биттаси ҳаққини олмай кетди. Унинг иш ҳаққисини кўпайтирдим, бир қанча мол мулк бўлди. Кунлардан бир кун ўша мардикор келиб, ҳаққини сўради. Кўриб турганинг, мана шу туялар, сигирлар, қўйлар ва қулларнинг ҳаммаси сеники, олиб кетавер, дедим. У: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Мени масхара қилма, мен иш ҳаққимни сўраяпман”, – деди. Сенинг устингдан кулаётганим йўқ, олиб кетавер, дедим. У ҳеч нарса қолдирмай олиб кетди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош сурилди, ғордан чиқиб кетдилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Ҳасанул Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ўтганларимиз бир жойда йиғилиб қолишса, ихлос билан қилинган энг яхши ишларини ўртага чиқаришни хуш кўришмасди (яъни, уни яширишарди)”, – деган.
Ҳамдун ибн Аҳмаддан сўрашди:
Имом Шофеъий машҳурликдан қочиб шундай дер эди: “Одамлар мана шу илмни (яъни, у зотнинг китобларини) ўрганиб, ундан бирор нарсани менга нисбат бермаслигини хоҳлардим”.
Табаа тобеъинлардан бўлган Ибн Уяйна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапирса, дарс ҳалқасида турган ҳолида йиғлаб юборар эди. Лекин одамлар сезмасин, деб салласини кўзига тушириб олар ва: “Бу йўтал бунча қаттиқ бўлмаса”, – деб қўярди.
Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими ёки йўқми фарқи бўлмайди.
Ихлосли кишилар амал қилиб туриб ҳам мақтовни хуш кўрмайдилар. Ваҳоланки, одамлар амал қилмаган ишларига ҳам мақталишни хуш кўрадилар. Мухлис кишилар амални ихлос билан қилиш, унинг савоб ва суннатга мослиги ҳамда оз бўлса ҳам давомийлигига эътибор қаратади. Мухлис бўлмаганлар эса гарчи амалини риё, хурофот ва бидъатлар фосид қилса ҳам, амалнинг кўплигига қизиқадилар.
Бугунги кунда ҳам ибодат, муомала, тўй-маърака маросимлари ва бошқа амалларимизда ихлосга жуда муҳтожмиз. Яхшилаб ўрганиб кўрсак, анча мунча ишлар риё ва хўжакўрсинга чиқиб кетади. Ном чиқариш учун қанча ҳаракат, қанча харажат қиламиз. Лекин натижада ҳеч қандай савобсиз қоламиз. Шунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаш, ғаразларсиз холис амал қилиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Оз бўлсада ихлос билан қилинган амаллар, охиратда банданинг саодат топишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ихлос-эътиқодли мухлис бандаларидан қилиб, ўзи тавфиқ берсин. Омин.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида муборак Рамазон ойи келаётгани муносабат билан рўзанинг баъзи фойдалари ҳақида суҳбатлашамиз. Аллоҳ биз мўминларга фарз қилган Рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан