Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Январ, 2025   |   14 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:39
Bismillah
14 Январ, 2025, 14 Ражаб, 1446

26.04.2019 й. Амалларда ихлоснинг аҳамияти

22.04.2019   4753   15 min.
26.04.2019 й. Амалларда ихлоснинг аҳамияти

بسم الله الرحمن الرحيم

АМАЛЛАРДА ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي نَجَّى عِبَادَهُ الْمُخْلِصِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي كَانَ نَمُوذَجًا لِلْمُخْلِصِينَ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَ مَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ

Ҳурматли жамоат! Динимиздаги муҳим асослардан бири ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш ва ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа, ужб, кибр ва ғурур каби амаллардан узоқ бўлишдир. Шунинг учун ихлоснинг моҳиятини ўрганиш ва у ҳақида мулоҳаза қилиш ҳар бир мусулмон учун зарур ҳисобланади.

“Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир.

Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: “Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”. Саҳл ибн Абдуллоҳ ихлос ҳақида: “Ихлос – банданинг ҳаракати ҳам, сукунати ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлишидир”, – деган. Абу Али Даққоқ: “Ихлос – амални одамларнинг мулоҳазасидан (яъни, бу ишимни одамлар мақтайдими ёки ёмонлайдими, деб ўйлашдан) поклашдир”, – дейди. Ихлос – киши ёмонликларини яширгани каби савоб ишларини ҳам беркитишидир. Ихлоссиз қилинган амал кўринишда ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.

Амални фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиш бандага нажот келтиради. Фақат риё учун амал қилиш эса, инсонни ҳалокатга дучор қилади. Бу икки ҳолатнинг ўртасида яна бир ҳолат бор. Масалан, бир киши касални зиёрат қилади, бу билан савоб олиш ва ўзи касал бўлса, бошқалар ҳам уни зиёрат қилишини қасд қилади ёки одамлар унинг жанозасига қатнашиши учун жанозага боради. Умуман айтганда бирор амални қилишнинг сабаби Аллоҳ таолога яқин бўлиш бўлади, лекин унга бошқа бир ғараз қўшилади ва бу ғараз амални бандага осон қилади. Мана шу ҳолат амални ихлос чегарасидан чиқариб қўяди. Энди у холис Аллоҳ учун бўлмасдан, риё аралаша бошлайди. Кўпинча инсон ғафлатда қолиб холис амалига, бошқа ғаразлар аралашиб, гоҳида амалнинг савоби камаяди, гоҳида бутунлай савоби йўққа чиқади. Шунинг учун охират саодатини умид қилган ҳар бир мўмин-мусулмон амалларини текшириб, ниятини янгилаб туриши керак.       

Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдиларки: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”.

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади:

وَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ كَمَا بَدَأَكُمْ تَعُودُونَ

яъни: “Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз. Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар» (Аъроф сураси, 29-оят).

         Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиш орқали бизга динини ширк, риё ва сумъадан холис қилиб, ибодат қилишимизни буюради: 

إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ فَاعْبُدِ اللَّهَ مُخْلِصًا لَهُ الدِّينَ

яъни:(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг!(Зумар сураси, 2-оят).

         Мўмин-мусулмонлар динга ихлос билан амал қилиши нафақат бизнинг умматга, балки биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлганини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олсак бўлади:

وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ

яъни:Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир(Баййина сураси, 5-оят).

Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади:  

"إنّمَا الأَعْمَالُ بالنِّيّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امرِىءٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصيبُهَا، أَوْ امْرَأَةٍ يَنْكَحُهَا،  فَهِجْرَتُهُ إِلى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ" )مُتَّفَقٌ عَلَيه(

Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан калимаи тоййибани айтишнинг фазилати тўғрисида шундай дейдилар:

مَا قَالَ عَبْدٌ لَا إِلَهَ إِلَّا اللّهُ قَطُّ مُخْلِصًا، إِلَّا فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ حَتَّى تُفْضِي إِلَى الْعَرْشِ مَا اجْتُنِبَ الْكَبَائِرُ

رواه الترمذى وحسنه

яъни: “Қайси банда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини ихлос билан айтса, бу калимага осмон эшиклари очилади. Модомики, банда катта гуноҳлардан сақланар экан, у калима Аршгача етиб боради” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан қилинган амал инсонни нажотга бошлаши ҳақида шундай дейдилар: “Аввал ўтган умматлардан уч киши сафарга чиқиб, бошпана сифатида бир ғорга кирдилар. Ғорнинг эшиги тоғдан тушган катта тош билан беркилиб қолди. Шунда улар: “Бу тошдан бизни Аллоҳ таолога холис қилган амалларимиз билан дуо қилиш қутқаради” – дейишди. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ! Менинг қари ота-онам бор эди. Уларни доимо бола-чақаю чорполаримдан аввал таомлантирардим. Бир марта ниманидир излаб  узоққа кетиб қолдим. Қайтганимда ота-онам ухлаб қолишган экан. Сут соғдим, бола-чақа, чорполарни  улардан аввал таомлантиришни хуш кўрмадим. Тонггача уларнинг бошида, идишни қўлимда ушлаб турдим. Ниҳоят улар туриб сутни ичишди.  Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Иккинчиси: “Амакимнинг бир қизи бор эди. Уни жуда яхши кўрардим. У билан бирга бўлишни хоҳлаганимда, қиз рад қилди. Очарчилик йилида ўша қиз ёнимга муҳтож бўлиб келди. Қизга 120 динор бердим (тахминан 510 грамм тилланинг қийматига тенг бўлади). Фақат бунинг эвазига қиз билан бирга бўлиш (зино)ни хоҳладим. У рози бўлди. Муродимга етай деганда қиз: “Мен сенга ҳалол эмасман, муҳрни ҳаққи билан очгин”, – деди. Дарҳол ўрнимдан туриб кетдим, ваҳолангки, у менга энг севимли аёл эди. Берган динорларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Учинчиси гап бошлади: “Бир қанча мардикорларни ишлатдим. Ҳаммасининг иш ҳаққисини бердим. Лекин биттаси ҳаққини олмай кетди. Унинг иш ҳаққисини кўпайтирдим, бир қанча мол мулк бўлди. Кунлардан бир кун ўша мардикор келиб, ҳаққини сўради. Кўриб турганинг, мана шу туялар, сигирлар, қўйлар ва қулларнинг ҳаммаси сеники, олиб кетавер, дедим. У: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Мени масхара қилма, мен иш ҳаққимни сўраяпман”, – деди. Сенинг устингдан кулаётганим йўқ, олиб кетавер, дедим. У ҳеч нарса қолдирмай олиб кетди.  Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош сурилди, ғордан чиқиб кетдилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Ҳасанул Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ўтганларимиз бир жойда йиғилиб қолишса, ихлос билан қилинган энг яхши ишларини ўртага чиқаришни хуш кўришмасди (яъни, уни яширишарди)”, – деган.

Ҳамдун ибн Аҳмаддан сўрашди:

  • Нега ўтган улуғларнинг гаплари бизникидан фойдали бўлган?
  • Чунки улар Исломни азиз қилиш, нафслар нажот топиши ва Раҳмоннинг розилиги учун гапирганлар. Бизлар эса нафслар азизлиги, дунё талаби ва одамларни рози қилиш учун гапирамиз.

Имом Шофеъий машҳурликдан қочиб шундай дер эди: “Одамлар мана шу илмни (яъни, у зотнинг китобларини) ўрганиб, ундан бирор нарсани менга нисбат бермаслигини хоҳлардим”.

Табаа тобеъинлардан бўлган Ибн Уяйна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапирса, дарс ҳалқасида турган ҳолида йиғлаб юборар эди. Лекин одамлар сезмасин, деб салласини кўзига тушириб олар ва: “Бу йўтал бунча қаттиқ бўлмаса”, – деб қўярди.

Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими ёки йўқми фарқи бўлмайди.

Ихлосли кишилар амал қилиб туриб ҳам мақтовни хуш кўрмайдилар. Ваҳоланки, одамлар амал қилмаган ишларига ҳам мақталишни хуш кўрадилар. Мухлис кишилар амални ихлос билан қилиш, унинг савоб ва суннатга мослиги ҳамда оз бўлса ҳам давомийлигига эътибор қаратади. Мухлис бўлмаганлар эса гарчи амалини риё, хурофот ва бидъатлар фосид қилса ҳам, амалнинг кўплигига қизиқадилар.

Бугунги кунда ҳам ибодат, муомала, тўй-маърака маросимлари ва бошқа амалларимизда ихлосга жуда муҳтожмиз. Яхшилаб ўрганиб кўрсак, анча мунча ишлар риё ва хўжакўрсинга чиқиб кетади. Ном чиқариш учун қанча ҳаракат, қанча харажат қиламиз. Лекин натижада ҳеч қандай савобсиз қоламиз. Шунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаш, ғаразларсиз холис амал қилиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Оз бўлсада ихлос билан қилинган амаллар, охиратда банданинг саодат топишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ихлос-эътиқодли мухлис бандаларидан қилиб, ўзи тавфиқ берсин. Омин.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида муборак Рамазон ойи келаётгани муносабат билан рўзанинг баъзи фойдалари ҳақида суҳбатлашамиз. Аллоҳ биз мўминларга фарз қилган Рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:

  • Рўза тутган кишининг тақвоси ошади. Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади. “...тақволи бўлсангиз”, ибораси рўза тутиш ҳикматини баён қилиш учун келтирилган жумла ҳисобланади. Чунки инсон Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдан умид қилиб, рўза тутса азобга қолишдан қўрқиб кундуз кунлари ҳалол бўлган амаллардан ҳам тийилади. Ҳалолдан тийилган кишининг ҳаромдан сақланиши эса турган гап. Демак, рўза Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан сақланишга сабаб бўлади.
  • Рўзадор шайтонга қаҳр кўрсатади. Маълумки, шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса шайтон хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Сафийя разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятларида: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, дейилган.
  • Рўза инсон табиатини бўйсундиради ва шаҳватини синдиради. Инсоннинг қорни тўқ бўлганида турли хил гуноҳларни хоҳлайди. Қорни оч бўлганда эса нафсу ҳавоси хоҳлаган нарсалардан тийилади. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар.
  • Рўзадорнинг қалби покланади. Рўза тутган инсон кун давомида Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилолмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш киши қалбини мусаффо қилади.
  • Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Бу борада кўплаб ҳадиси шарифларда очиқ-ойдин таъкидлаб ўтилган. Мана шундай ҳадислардан бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким имон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. (муттафақун алайҳ).
  • Рўза тутган киши фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатлардир.
  • Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади. Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгил хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.
  • Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Рўза туттан киши ўз ихтёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳишларидан, лаззатли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан бирга, ноиложликдан оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлади.
  • Рўзанинг энг машҳур фойдаларидан бири соғликдир. Рўза ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши намунасидир. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги илмий исботини топган. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг тиббиёт мутахассислари ихтиёрий очлик йўли билан даволамоқдалар. Мазкур илмий тадқиқотлар натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган дардларга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Рўзага оид ушбу ҳақиқатлар бундан 14 аср аввал Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: Рўза тутинглар, саломат бўласизлар (Имом Табароний ривояти), деб айтган ҳадиси шарифларининг илмий тасдиғидир.

 

 

 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Вақт ва ёшлик қадри (3 қисм)

13.01.2025   1862   3 min.
Вақт ва ёшлик қадри (3 қисм)

«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.

Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.

Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.

Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.

Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.

Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.

Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.

Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.

Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.

Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.

Давоми бор...

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.