Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Ҳар қандай қўрқув сенга ғам келтирса, Аллоҳ таолодан бўлган қўрқув сенга икки жаннатни олиб келади. Зеро У Зот Қуръони Каримда: “Роббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор” деган.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Кимда ким табассум қилишга сабаб топа олмаётган бўлса, кўзларини бир неча сонияга юмсин-да, кейин очиб, ҳамма нарсани кўра оладиган кўзининг нури табассум қилиш учун улкан сабаблардан бири эканини англаб етсин!
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Кўпинча сен эшитишни истамаётган насиҳат аслида сен эшитишинг керак бўлган насиҳатдир!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ишим орқага кетганда йўқ бўлиб қолган бўлсанг, ишим ўнгидан келганда олдимга келишни ўйламай қўявер!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳар бир одамнинг бошқа инсонлар билмайдиган яширин ғамлари бўлади. Кўпинча биз ундай инсонларни совуққон деймиз. Аслида эса уларнинг ичлари аламдан, оғриқдан қайнаётган бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ортингдан гапирадилар. Чунки улар чиндан ҳам сендан орқада-да!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Савол: Қуръони карим оятлари ёзилган қоғозларни ерга ташлаш ёки улардан мева-чева, писта-бодом ва шунга ўхшаш нарсаларни ўрашда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга динимизнинг муносабати қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони карим оятлари, ҳатто унинг бошқа тилга ўгирилган таржимаси ёзилган варақлардан сиз айтган ҳолатларда фойдаланиш нотўғри, балки оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу Қуръони каримни таҳқирлаш ва хорлаш демакдир. Бундай ишларни қасддан қилган киши иймонидан айрилади. Қуръони каримни улуғлаб эҳтиром қилиш, таҳоратсиз ҳолда ушламаслик, ножўя жойларга қўймаслик динимизнинг қатъий талабидир. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Барча мусулмонлар Қуръон мусҳафини асраш ва уни ҳурмат қилиш фарз эканига ижмо (иттифоқ) қилишган. Бизнинг мазҳаб уламолари ва бошқалар ҳам бундай дейишган: "Агар бир мусулмон Мусҳафни ахлатхонага ташласа, у бу амали билан кофир бўлади (Аллоҳ сақласин)!” (“Ат-Тибён” китоби).
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Қуръони каримни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг эътиқодий бурчидир. Қуръон саҳифаларини ҳар қандай ножўя мақсадда ишлатиш, уни камситиш — Аллоҳнинг Каломига нисбатан очиқ беҳурматлик бўлиб, бу иш катта гуноҳ бўлиши билан бирга иймондан айирувчи разил амалдир. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.