Шу кунларда Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амаллар акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётгани кузатилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан зиёратгоҳлардаги ширк амаллардан сақланиш борасида аниқ кўрсатма ва фатволар эълон қилинган.
Дарҳақиқат, Ислом – тавҳидга асосланган дин. Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча яхшилик ва ёмонлик фақат Унинг иродаси билан бўлишига имон келтириш имоннинг асосий шарти ҳисобланади.
Мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).
Аллоҳ таоло ҳожатни ёлғиз Ўзидан сўраш кераклигини ана шу ва бошқа кўплаб ояти карималарида очиқ-ойдин маълум қилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг меросхўрлари бўлган уламолар инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар. Афсуски, кўп йиллардан бери айрим кишилар билимсизлиги дейсизми, жоҳиллиги сабаб бўлибми, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари зиёратгоҳи ҳудудидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амалларни қилиб келмоқдалар.
Қуръони каримда:
“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).
Бугунги кунда кўплаб зиёратгоҳларда ана шундай бидъат ва ширк амалларига кўзингиз тушади. У ерлардаги нарса ва буюмлардан фарзанд, бахт, бойлик ва ҳоказоларни сўраш нодонлик ва улкан гуноҳдир.
Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қадимий дарахт ҳам инсонларнинг йўлдан озишларига, ширк амалларга қўл уришларига сабаб бўлмоқда. Зиёратга келганлар ўша дарахтни силаб, юз-кўзларини суртиб, атрофини айланиб, турли нарсаларни сўрашаётгани кузатилмоқда. Ахир аллақачон қуриб қолган, биттагина барг чиқаришга ҳам мажоли етмаётган дарахт инсонга қандай қилиб фойда келтириши мумкин?!
Бундан бир неча йил аввал мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида”ги фатвоси ҳам эълон қилинган ҳамда тушунтириш ишларини олиб борилган эди. Шунингдек, зиёратгоҳларга Ислом ақидаси ва шариатида кўрсатилган зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар қўйилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аллоҳ таолога ширк бўлган бундай амалларнинг давом этаётганидан жиддий ташвишда. Негаки, Аллоҳ таолони қўйиб, дарахтдан ҳожат истаган банда Аллоҳ таолонинг қаҳрини келтиради. Натижада ҳожати раво бўлиш у ёқда турсин, боши ташвишу ғамдан, мусибату балолардан чиқмай қолади. Диний идора уламолари ана шундан хавотирга тушиб зиёратчилардан ушбу ширк амални қилмаслик ҳамда зиёратгоҳ масъулларидан ушбу қадимий дарахт ҳақида тўғри тушунча беришни жорий этди.
Бугунги кунга келиб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги мазкур қуриган дарахт атрофида бирмунча тартиб ўрнатилди. Жумладан, имом-хатиблар жалб этилиб, келган зиёратчиларга у қадимий қуриган дарахт экани, кимда-ким ундан бирор нарса сўраса, айланса ширк бўлиши ҳақида маълумотлар бериб турибдилар.
Аммо ушбу дарахтдан мадад сўраш ягона ҳодиса эмас, юртдошларимиз Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги дарахтдан, Тошкент вилоятидаги Кумушкон санаторияси тепасидаги садақайрағочдан, Самарқанд вилоятининг Чўнқаймиш қишлоғидаги чинор дарахтидан ҳам ҳожат сўрашдек ширк амалларни одат қилганлар.
Баъзи кишиларнинг ҳамма нарсага етган ақллари нега шунга қолганда оқсайди ҳайрон қолади одам: тагини юмшатиб сув қўйсангиз, ўсадиган; касалланса, дори сепсангиз тузаладиган; сув қўймасангиз қуриб қоладиган ёхуд сизнинг қаровингизга муҳтож бир дарахт сизга бойликни қаердан олиб келади. Ундан фарзанд сўраш-ку ақлга сиғмайдиган даражадаги таажжубли ҳолат.
Мусулмон одам нимаики ҳожати бўлса, барчасини фақат ва фақат Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Бандани асровчи ҳам, унга бойлик, фарзанд неъмати ва бошқа
нарсаларни берувчи ҳам фақат Ҳақ таолонинг Ўзидир!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси