Хоразм вилояти Гурлан тумани бош имоми, “Қора Алам Бобо” жоме масжиди имом-хатиби Маҳмуджон Ҳабибуллаев Гурлан тумани Фидокор маҳалласида яшовчи Қутлимуратовлар оиласига ўз ҳисобидан янги уй қуриб берди. Мазкур оила ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бири бўлиб, яшаб турган хонадони ночор ҳолатда, уйнинг шифти, поллари яроқсиз аҳволда эди. Унинг устига, газ, электр токидан катта миқдордаги қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган эди. Имом-хатиб эски уйнинг ёнидан алоҳида бинода 5 хоналик янги уй қуриб берган, коммунал тўловлардан ҳам қарзларини тўлаб берган.
Аслида бу хабар, мазкур хонадон соҳиби, уч фарзанднинг отаси Умрбек Қутлимуродовнинг Диний идорага Маҳмуджон Ҳабибуллаев номига ёзилган Ташаккурнома хатидан сўнг маълум бўлди.
Ташаккурнома хатида: “Бош имом Маҳмуджон ака бизларни зах, кўримсиз жойдан халос қилиб, ўз ҳисобидан беш хонали замонавий тартибда уй солиб берди. Биз фарзандларимиз билан ҳар куни эрталаб қўлимизни дуога очиб, у кишини узоқ умр кўришини, қилаётган хайрли ва савобли ишлари Қодир Аллоҳ ҳузурида ўзларига соябон бўлишини истаб қоламиз, дея мамнуният сўзлари битилган.
Биз бу масала бўйича биз имом домла билан боғланганимизда камтарлик билан: “Ҳа, ўтган йили қиш ойларида хонадоннинг оғир шароитини кўриб, Аллоҳ қодир қилса, шу оилага янги уй қуриб беришни ният қилган эдик, ёзга чиқиб, шу иш насиб бўлди ва тез фурсатда уй ҳам битди, дедилар.
Аллоҳ розилиги, халқ хизмати йўлида қилнаётган бу каби ишлар кўпаяверсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
حدثنا محمد بن معاذ بن يوسف المروزي نا محمد بن معاوية نا الليث بن سعد نا الحكيم بن عبد الله بن قيس عن عامر بن سعد بن أبي وقاص عن أبيه سعد بن أبي وقاص قال: قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: من سمع المؤذن يؤذن فقال: وأنا أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له وأن محمدا عبده ورسوله رضيت بالله ربا وبالإسلام دينا وبمحمد صلى الله عليه وعلى آله وسلم نبيا غفر له.
Саъд ибн Абу Ваққос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким муаззиннинг азон айтаётганини эшитганда: “Ва ана ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу.
Розийту биллааҳи Роббан ва бил Ислаами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам набиййан” деб айтса, унинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар.
Маъноси: Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У яккаю ягонадир, шериги йўқдир ва Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир. Аллоҳни Робб, Муҳаммадни Расул ва Исломни дин деб рози бўлдим.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси