Кейинги йилларда айрим хорижий юртларда бузғунчи кимсалар ўртасида масжидларни портлатиш, ибодат қилаётган одамларни ўққа тутиш ёки уларнинг устига бульдозер билан бостириб бориш ҳолатлари кузатилаётгани мўмин-мусулмонларнинг нафратини қўзғамоқда. Айниқса, масжиднинг ичида одамлар намоз ўқиб турган пайтда намозхонларни ўққа тутиш, масжидга зарар етказиш ҳамда уни бузиш, инсонлар умрига хавф туғдириш инсонийликка мутлақо тўғри келмайдиган иш.
Масжид – Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган покиза маскан. Асри саодатдан бери масжидлар Ислом динининг ўзига хос маърифий марказлари сифатида инсоният ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Масжид – инсонларнинг Аллоҳ таолога тоат-ибодат қиладиган табаррук жойи бўлгани боис “Байтуллоҳ” – “Аллоҳнинг уйи” дейилади. Шунинг учун масжидга бирор зарар етказиш Аллоҳ таолонинг уйига зарар етказиш билан баробардир. Демак, бу Аллоҳ таолога қарши бориш деганидир. Ҳақ таолога қарши борувчиларнинг ҳоли нима кечиши ҳаммага аён.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: “Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир” (Абу Нуайм ривояти, заиф ҳадис).
Масжидни обод қилиш деганда, Аллоҳ таолога холис ибодат қилиш, амру маъруф, наҳйи мункар қилиш каби амаллар тушунилади. Булар масжидларни маънавий обод қилиш саналса, озода ва бус-бутун сақлаш зоҳирий обод қилишдир. Масжидларнинг қадрини пасайтирувчи ҳар қандай иш ёки хатти-ҳаракат макруҳ.
Халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларида ҳам инсоннинг дин ва эътиқод эркинлигига дахл қилиш, ҳаётига хавф солиш тақиқланади. Ислом динида ҳатто бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарига зарар етказиш, уларни бузиш ёки ибодат қилувчиларнинг ҳаётини хавф остида қолдириш мумкин эмаслиги айтилган.
Қуръони каримда:
“Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир.”
Ушбу ояти каримада бошқа диндаги кишиларнинг ибодатхоналари ҳам мўмин-мусулмонларнинг масжидлари қаторида зикр этилиши диққатга сазовордир. Динимиз кўрсатмасига амал қилган мусулмонлар ҳеч қачон бошқа диний ибодатхоналарга тажовуз қилмайди. Шунингдек, бошқа динларда ҳам ўзга динларга ибодат қилувчиларнинг ибодатига халақит қилиш катта гуноҳ экани таъкидланган. Барча динларда диний шиорларга, ибодатхоналарга, шунингдек, масжидларга тажовуз қилиш улкан жиноят саналган ҳамда бундай ишдан қаттиқ қайтарилган.
Жаҳоннинг айрим ҳудудларида мўмин-мусулмонларнинг энг нозик ҳис туйғуларига зарба бериш орқали қарама-қаршиликлар келтириб чиқаришга хатти-ҳаракатлар бўлмоқда. Мана шундай вазиятда мўмин киши кескинлик билан қарор қилиш ўрнига, обдон ўйлаб кейин бир хулосага келиш керак. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим (Имом Дайламий ривояти, заиф ҳадис).
Шу ўринда Ислом тарихидаги Фил воқеасини бир эсга олайлик... Абраҳа бошчилигидаги фил эгаларидан Каъбатуллоҳни Аллоҳ таоло қандай ҳимоя қилган бўлса, бугунги кунда ҳам ибодат қилиш жойлари, масжидларни ҳам шундай ҳимоя қилади.
Аллоҳ таоло мусибатларга учраган мўмин-мусулмонларга сабру жамийл берсин, мусибатларининг ўрнини гўзал мукофотлар билан тўлдирсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.