Бугун 2019 йилнинг 16 апрель куни Ислом дунёсининг машҳур олими Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ва меҳмонлар Бухоро зиёратини якунлаб, Самарқанд сари йўл олишди.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Самарқанд шаҳрида ҳурмат ва эҳтиром ила кутиб олинди.
Меҳмонлар дастлабки зиёратни ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасидан бошладилар. Буюк ватандошимизнинг марқадларида Қуръон тиловат қилинди.
Сўнгра, меҳмонлар ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мангу қўним топган муқаддас мажмуа ёнида ташкил этилган ҳадис илми мактабига ташриф буюришди. Ташриф чоғида зиёратчиларга мактаб фаолияти ва олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим эканлиги, Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳияти, ҳадис илмининг илмий-назарий асослари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Йиғилган аҳли илмларга ҳадисдан ижозалар берилди ҳамда ўзбекона урф-одатларимизга мувофиқ меҳмонга дўппи ва тўн кийдирилди.
Ташриф чоғида Улуғбек расадхонаси ҳам зиёрат қилинди ва меҳмонлар унинг бой тарихи билан таништирилди. Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг юртимиздаги сафарларининг давоми имом Мотуридий зиёратгоҳи билан давом этди. Ушбу зиёратгоҳ 2000 йилда Чокардиза қабристони ҳудудида калом илмининг мотуридия оқими асосчиси Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридийга бағишлаб бунёд этилган.
Шундан кейин Хўжа Аҳрор Валий мажмуаси зиёрат қилинди ва пешин намози адо этилди. Таъкидлаш жоизки, машҳур олим Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ёмғирли об-ҳавога қарамай зиёрат сафарларидан мамнун эканликларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Islom.uz портали таҳририяти
Манба: https://islom.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳашр сурасининг илк оятлари Аллоҳга тасбеҳ билан бошланиб: “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Ҳашр сураси, 1-оят), сўнгги оятлари ҳам тасбеҳ билан якунланади: “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 24-оят).
“Ҳашр” – “Жамлаб сургун қилиш” деган маънони англатади. Йигирма тўрт оятдан иборат ушбу сура Мадинаи мунавварада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Баййина” сураси нозил қилинган сўнг нозил бўлган.
Ҳашр – Қиёмат кунининг номларидан бири саналади. Охиратда инсонларнинг барчаси маҳшаргоҳда тўпланади. Ҳаётлик вақтларида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амаллари учун Аллоҳ таолонинг олдида жавоб беришади.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирганда уч марта “Аъузу биллаҳис-самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деб туриб, “Ҳашр” сурасининг охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД