Эслатма! Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан бири Бароат кечасидир.
Бароат сўзни қандай маънони англатади? “Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади.
Бароат кечаси қандай кеча?
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: “Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бу кечада нималар содир бўлади?
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?” дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.
У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).
***
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади” (Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти).
***
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кеча дуолар қабул бўлади
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа".
***
Бу кеча одамлар дўзахдан озод қилинади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бу кеча қандай амалларни бажариш лозим?
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди) дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Бу кечани бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.
Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар ила қиладиган жамики амалларимизни қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат этувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 68-сонли Фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган. Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармонга асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган. Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари