“Истиғфор” банданинг Аллоҳ таолодан мағфират (гуноҳларини кечиришини) сўрашидир. Бунинг лафзлари: Астағфируллоҳ, Астағфируллоҳал-ъазийм каби лафзлардир.
Истиғфорнинг фойдалари ниҳоятда кўпдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойиш насиб қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради”, дедилар”.
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Инсон бу дунёда турли синовларга дуч келади. Бошига ташвиш тушади, муаммолардан чиқадиган йўлни тополмай қолади, топиш-тутиши кам бўлиб, етишмовчилиги ортади ва ҳоказо. Буларнинг барчасини муолажа қиладиган энг муҳим нарсалардан бири – истиғфордир! Демак,
Фақирлик, етишмовчиликдандан қийналяпсизми? Истиғфор айтинг!
Азобу машаққатлардан қутулмоқчимисиз? Истиғфор айтинг!
Ёмғир ёғмай, ўсимликлар, ҳайвонлар ташналикдан нобуд бўляптими? Истиғфор айтинг!
Ғамлар эзиб юбордими? Истиғфор айтинг!
Қарзга ботиб, уни тўлашга қийналяпсизми? Истиғфор айтинг!
Ризқда барака йўқми? Истиғфор айтинг!
Фарзанд талабидамисиз? Истиғфор айтинг!
Деҳқончилик яхши бўлмаяптими? Истиғфор айтинг!
Қувватингиз зиёда бўлишини хоҳлайсизми? Истиғфор айтинг!
Гуноҳларингиз кечирилишини истайсизми? Истиғфор айтинг!
Мунофиқликдан омонда бўлишни истайсизми? Истиғфор айтинг!
Бир кунда 100 марта истиғфор айтадиган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни истайсизми? Истиғфор айтинг!
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД