2019 йилнинг апрель ойида тақдим этилган Жаҳон ҳалол туризм рейтингига кўра, Ўзбекистон Топ-20 рўйхатидан ўрин олган. Ҳалол туризм зиёратчиларини қабул қилувчи ИҲТ мамлакатлари орасида эса Топ-10 рўйхатига киритилган.
Global Muslim Travel Index 2019 ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон зиёрат туризми бўйича 18-ўринда (2018 йилда - 32 ўринда бўлган). Етакчилик - Малайзия, Индонезия ва Туркия мамлакатларида. Булардан ташқари, рўйхатда Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Марокаш, Бахрайн, Уммон, Бруней, Иордания, Эрон, Миср, Кувайт, Тунис, Покистон, Жазоир, Ливан, Бангладеш, Малдив ҳам қайд этилган. Қозоғистон ва Озарбайжон эса Ўзбекистондан кейин 19- ва 20-ўринларни эгаллаган.
Ҳалол туризм зиёратчиларини қабул қилувчи ИҲТ мамлакатлари рейтингида эса Ўзбекистон 9-ўринни эгаллаган. Илк уч ўринга Саудия Арабистони, Туркия ва Марокаш муносиб кўрилган. Шунингдек, рўйхатдан Малайзия, Баҳрайн, БАА, Қозоғистон, Эрон ва Индонезия мамлакатлари ҳам жой олган.
Global Muslim Travel Index 2019 рейтингини тузишда мамлакатларнинг иқлими, хавфсизлиги, иқтисодиёти ва кўрсатиладиган хизматлар каби омиллар ҳисобга олинган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда Бухоро шаҳрида ўтказилган ҳамда дунёнинг турли давлатлари вакилларини ўзида жамлаган I Халқаро зиёрат туризми форуми шулар жумласидандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
1. Қуръони каримда доимо кеча кундуздан олдин зикр этилади:
وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ
“У кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни яратган Зотдир” (Анбиё сураси, 33-оят).
Бу Ислом динида кун Қуёшнинг ботиши, яъни кечанинг кириши билан бошланишига далолат қилади.
2. Қуръони каримда доимо ўлим ҳаётдан олдин зикр этилади:
كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ
“Ўлик эканингизда сизни тирилтирган Аллоҳни қандай инкор этасиз?” (Бақара сураси, 28-оят).
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا
“У сизларни қайси бирингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).
Бунинг сабаби, инсон аввал бошда ўлик бўлган, сўнгра Аллоҳ таоло уни тирилтирган.
3. Қуръони каримда доимо ейиш ичишдан олдин зикр этилган:
كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا
“Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар” (Аъроф сураси, 31-оят).
كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ
“Сизлар қилиб ўтган яхши амалларингиз эвазига бемалол еб-ичинглар” (Тур сураси, 19-оят).
Бунинг сабаби, таом тановул қилингач албатта, кетидан суюқлик ичиш фойдалидур.
4. Қуръони каримда доимо мевалар гўштдан олдин зикр этилган:
وَأَمْدَدْنَاهُم بِفَاكِهَةٍ وَلَحْمٍ مِّمَّا يَشْتَهُونَ
“Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева ва гўшт билан қувватлантирурмиз” (Тур сураси, 22-оят).
وفاكهة مما يتخيرون ولحم طير مما يشتهون
“Ўзлари танлаб оладиган мева ва иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан таъминлармиз” (Воқеа сураси, 20-21-оятлар).
Бунинг сабаби, таомланишда аввал мева еб, ундан кейин гўштли таомни тановул қилиш фойдалидир.
Валлоҳу аълам биссавоб.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ