Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446

«Ҳилол» номли янги илмий-маърифий журнал нашрдан чиқди

10.04.2019   2489   2 min.
«Ҳилол» номли янги илмий-маърифий журнал нашрдан чиқди

Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари сафига яна бир янги нашр қўшилди: «Hilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси муассислигида «Ҳилол» илмий-маърифий, ижтимоий-адабий журнали нашр этила бошланди. Журнални нашр этиш ғояси атоқли олим, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга тегишли бўлиб, у киши бошлаган катта илмий-маърифий ишларнинг узвий давоми саналади. «Соф Ислом маърифатини кенг ёйиш» шиори остида ўз фаолиятини бошлаган журналга динимиз таълимотларини ёритувчи зарур маълумотлар, маърифий суҳбатлар, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш асосида катта ислоҳотлар қаршисида турган халқимизга соф Ислом таълимотларини тушунтириш, мусулмонлар маърифатини оширишга ҳисса қўшиш вазифаси юкланган.

Журналнинг илк сонида «Тафсир», «Фиқҳ», «Саҳобалар ҳаёти», «Дунё олимлари эътирофи», «Насиҳат», «Фарзанд тарбияси», «Аёллар саҳифаси», «Адабиёт», «Машҳур масжидлар» каби ўнлаб рукнлар остида Ислом дини таълимоти ва мусулмонлар ҳаётига оид кўплаб қизиқарли материаллар эълон қилинган. Айниқса, машҳур араб олими шайх Муҳаммад Аввоманинг «Бу юртнинг илмга садоқатига гувоҳмиз!» номли мақоласи, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаларидан бири Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг аёлларга эр билан муносабатларни яхшилаш борасида қилган насиҳатлари, фарзандлар қалбида Аллоҳ таолога муҳаббат уйғотиш йўллари ҳақидаги мақолалар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин.

Ҳар бир нашр ўз ўқувчиларининг муҳаббатини қозониш, уларнинг қалбига етиб бориш ва ўзаро мулоқотни кучайтириш орқалигина эътибор топади, оммалашади. Шу боис таҳририят ўқувчиларга мурожаат қилиб, журнал билан мунтазам ҳамкорлик қилиш, қимматли тавсия-маслаҳатлари, фикр-мулоҳазалари билан журнал фаолиятида иштирок этишга чорлайди.

Янги журнал мамлакатимизнинг барча мусулмонларига муборак бўлсин, унинг қадами қутлуғ келсин! Кўп йиллар давомида халқимизга буюк Аллоҳни танитиш, умумбашарият учун фойдали бўлган динимизнинг барча нодир, эзгу фазилатларини баён этиш, одамларимиз иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлаш, уларга дин арконларини ўргатишда энг яхши ҳамкор ва йўлдош бўлишини Аллоҳнинг Ўзи муваффақ айласин!

Islom.uz портали таҳририяти

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар...

09.06.2025   9027   2 min.
Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар...

 

﴿ شَهِدَ ٱللَّهُ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَأُوْلُواْ ٱلۡعِلۡمِ قَآئِمَۢا بِٱلۡقِسۡطِۚ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡحَكِيمُ ﴾
[ آل عمران: 18]

 
 


Ўқилиши: Шаҳидаллоҳу аннаҳу лаа илаҳа илла ҳува вал малааикату ва улул илми қооиман билқисти лаа илаҳа илла ҳувал ъазийзул ҳакийм.

Маъноси: "Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик бердилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким Зотдир" (Оли Имрон сураси, 18-оят).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига мен ҳам гувоҳман" деса, Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ҳарфлари ададича фаришталарни қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айттириб қўяди".


У зот алайҳиссалом бошқа ҳадисда бундай деганлар: "Ким уйқуга ётишидан олдин ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ таоло етмиш мингта фариштани яратади ва улар қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар".


Абу Ғолиб айтадилар: "Мен Куфага тижорат қилиш учун борганимда Аъмашга қўшни бўлиб турдим. Шунда у кишини ҳар кеча ушбу оятни такрор ва такрор ўқигани ва ундан кейин: "Мен ҳам Аллоҳ гувоҳлик берган нарсага гувоҳман, мен ушбу гувоҳлигимни Аллоҳга омонат қилиб топшираман. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло менга омонатимни қайтаргай" деганларини эшитар эдим.
 
Шунда у кишидан бунинг сабабини сўраганимда, айтган эдилар: "Абу Воил менга Ибн Масъуддан ривоят қилиб айтган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида ушбу калималарни айтса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга хитоб қилиб бундай дейди: "Бандам менга берган ваъдангда турдинг, яъни тавҳидда, Мен ҳам Ўз ваъдамда тураман. Эй, малоикаларим! Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар, бу бандам хоҳлаган эшигидан кирсин", дейди".