“Инсон борки ташвиш бор. Ташвишнинг катта-кичиклиги аслида кишининг имон ва эътиқодига қараб бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга айтган гапларида кўришимиз мумкин: «Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, энди тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай муҳтожликлар етадики, худди сел ёққанида юзи қандай ҳўл бўлиб кетса, шундай камбағалликлар етади. Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай балолар келадики, ўша балоларга у қалқон бўлиб туриб беришига тўғри келади». Лекин имони заифлар учун бирор синов келса ҳам осмону фалакни бошига кўтариб аййуҳаннос солади, дод-фарёд қилади. Ўша муаммодан қутулишни ҳар қандай йўлини қилади. Мабода ўзи кўзлаганидек натижага эриша олмаса ўз жонига қасд қилади. Энг ачинарлиси, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билишидадир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир. Аслида эса барча муаммоларнинг ечими қуйидаги ояти каримада ўз ифодасини топган: Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур.
Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги "Мулла Тоҳир" жоме масжиди имом-хатиби Зиёвуддин Ҳошимов қишлоқ аҳли билан ўтказилган навбатдаги суҳбатда ана шулар ҳақида гапириб: Афсуски биз яшаётган қишлоқда ҳам бу иллат учрамоқда. Шунинг учун огоҳ бўлинг деб, сизга зиммамда фарз бўлган омонатни етказдим, дея сўзини якунлади имом-хатиб. Суҳбат сўнгида тингловчилардан Шоҳида опа сўз олиб, (исм ўзгартирилган) имом домланинг сўзларидан таъсирланганини кўзида ёш билан ифода этди: “Мен 4 нафар фарзандим билан оғир ҳолатда яшайман. Ҳаёт ташвишлари, изтироблар мен учун тугамаётагандек бўлаверади. Шу тобда ўзимни ўлдириб, ҳамма-ҳаммасидан қутулиш фикри кўп марта ҳаёлимни банд этар эди. Бугун эса англадимки, буларнинг ҳаммаси шайтоннинг чақириғи, жаҳаннам сари йўлланма экан. Аллоҳ ато этган умр неъматининг, машаққатларга чидам ва сабр қилишнинг охиратдаги шарафи, ажрини энди тушуниб етдим. Мен энди доимо яратган Аллоҳимга таваккул қилиб, қайғу ва шодликларимни Ўзига топшириб яшайман. Сизга раҳмат домла, кўзимни очдингиз”, деб миннатдорчилик билдирди.
Мана, мавъизанинг инсон онги ва ҳаётига таъсири. Аллоҳ таоло ўзига зулм қилмоқчи бўлган бир бандасини бошқа бир олим бандаси орқали ҳалокатдан асраб, Ўзига яқин қилиб қўймоқда. Ҳикмати буюк Зот!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Саудия Арабистонининг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеларни ёритишда давом этаяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Хусусан, ушбу мамлакатдаги оммабоп "Sahm News" электрон нашрида Ўзбекистон 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиши ҳақидаги маълумотни тарқатди.
"Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри 2026 йилги Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиш учун танланди. Ассамблея Марказий Осиёда иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградациясига қарши курашиш учун маблағ йиғиш платформасига айланиши кутилмоқда", – дейилган материалда.
Қайд этилишича, 2026 йилда Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг саккизинчи йиғилиши ва Глобал экологик фонд кенгашининг етмиш биринчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. "Бу қарор АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Кенгашнинг олтмиш тўққизинчи йиғилишида қабул қилинди", дея урғуланган мақолада.
Саудиянинг етакчи "Watan News" нашри эса Ўзбекистон Президентининг яқин келажакда Брюсселга ташриф буюриши ҳақида ёзди. "Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тобго Клан тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумда маълум қилди", дея таъкидланган манбада.
"Бундай ташриф тарихий воқеа ҳамда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун ноёб имконият яратади", – дея Тобго Клан фикрларидан иқтибос келтирилган мақолада.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати